ЭКОЛОГИК МУАММОЛАР ЕЧИМИ

ЭКОЛОГИК  МУАММОЛАР  ЕЧИМИЭКОЛОГИК МУАММОЛАР ЕЧИМИ ҳамкорликни талаб этади.
Хайрулло БАҚОЕВ,
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раисининг ўринбосари, Илмий-техник Кенгаш раиси

Навоий вилоят Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг 2013 йил 12 ноябрдаги 9/3-сонли Ҳайъат йиғилиши қарорига биноан қўмитанинг Илмий-техник Кенгаши тузилганлиги кўпчиликка маълум.
Мазкур Илмий-техник Кенгаш доимий ишлайдиган, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг методик, ахборот-таҳлил, эксперт таъминоти ва илмий-техник фаолиятини мувофиқлаштирувчи консультатив ва илмий орган тариқасида ташкил этилган бўлиб, Кенгаш фаолияти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ва ҳудудий экологик муаммоларнинг ечимини топишга ҳамда давлатимизнинг ягона илмий-техник ва инновацион сиёсатини амалга оширишга кўмаклашишга қаратилганлигини яна бир бор эслатишни лозим топдик.
Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва бошқа ташкилотлар томонидан тавсия этилаётган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш борасидаги лойиҳаларни экспертиза қилиш ва соҳа ҳамда Республика дастурларига киритиш бўйича тавсиялар бериш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими бўйича илмий асосли тавсиялар ишлаб чиқиш, етакчи олимлар билан ҳамкорликда мавжуд экологик муаммоларни ҳал этиш тизимини яратиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш борасидаги ишларни муҳокама этиш ва танловларга ҳамда мукофотларга тавсия қилиш каби муҳим вазифалар ва йўналишлар ҳам Илмий-техник Кенгаш Низомида ўз аксини топган.
Ўтган қисқа давр мобайнида мазкур Кенгаш томонидан “Вилоят флора ва фаунасининг ҳозирги ҳолатини ўрганиш бўйича хўжалик шартномалари тузиш ва имзолаш”,” Навоий иссиқлик электр станциясида 450 МвГ қувватли буғ-газ қурилмани ўрнатиш асослари”,” Цемент ишлаб чиқаришда чангни камайтириш мақсадида сув пуркагичларни такомиллаштириш, электр фильтр агрегатларини алмаштириш лойиҳалари”, “Навоийазот АЖнинг 003 –цехида ДАС аппаратидан кейин атмосферага чиқариладиган NH 3 ва NH4 NO 3ни ушлаб қолиш учун санитар колонна аппарати лойиҳаси ҳамда жамиятда таркибида цианли водород бўлган чиқинди газларни ёқиш қозонини модернизация қилиш” каби масалалар кун тартибида атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Кенгаш фаолиятининг самараси сифатида ўтган йили Тошкент шаҳрида қатор вазирлик ва идоралар, йирик компаниялар, Олий ўқув даргоҳлари билан ҳамкорликда ўтказилган “Янги композицион материаллар олиш учун маҳаллий ва иккиламчи хом ашёлардан тайёрланган ингредиентлар” мавзусидаги нуфузли Республика илмий-техникавий конференциясида биз навоийликлар ҳам ўз маърузамиз билан иштирок этганлигимизни айтишимиз мумкин.
Кенгашда вилоятимизда фаолият юритаётган корхона ва олий ўқув юртлари мутахассислари билан бир қаторда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти ходимлари, профессорлари ҳам ўз илмий маърузалари билан иштирок этаётганлиги, кенгаш фаолиятининг кенгайиб бораётганлигидан ҳамда фойдали илмий тадқиқотларнинг ҳаётга тадбиқ этилаётганлигидан далолат беради. Масалан, кенгашда кўрилган Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ходимлари- қишлоқ хўжалик фанлари доктори профессор К. Мўминов ҳамда мустақил тадқиқотчи Ш. Қодировалар томонидан “Шўрланган тупроқлар унумдорлиги ва кузга буғдой ҳосилдорлигига нам тўпловчи суғориш ва ўғит меъёрларининг таъсири” мавзусидаги илмий тадқиқоти долзарблиги билан алоҳида эътирофга сазовор бўлди.
“Ҳамкорликда ҳикмат бор”, деган ақида бекорга айтилмаган. Навоий давлат педагогика институти проректори С. Хўжжиев ва олийгоҳнинг “Умумий биология” кафедраси мустақил тадқиқотчиси И. Баҳромов ҳамда ТДТУ Фан ва техника ДУК “Композит” докторантурасининг мустақил тадқиқотчиси сифатида изланишларим асосида ҳамкорликда нашр этилган “Юксак сув ўсимликлари ёрдамида оқова сувларни тозалаш бўйича тавсиялар” номли кенг оммага мўлжалланган рисоламизда сувдан оқилона фойдаланиш, уларни иқтисодий арзон биологик усулда тозалаш бўйича тавсиялар берилган. Биз келгусида барча саноат корхоналари ва таълим муассасаларини атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга, экологик муаммоларни бартараф этишга кўмаклашадиган долзарб лойиҳалари билан илмий-техник Кенгашимиз йиғилишларида фаол иштирок этишларини, биз билан ҳамкорлик қилишларини истардик.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.