ҚУШЛАРГА ИН  ҚУРДИНГИЗМИ?.. ҚУШЛАРГА ИН ҚУРДИНГИЗМИ?..
Ҳилола ИСМАТОВА.


Қиш қаҳрини кўрсата бошлаган музли, қировли кунларда йўлакларда совуқдан қотиб ўлиб қолган мусичага кўзим тушди. Одатда ҳаволар совий бошлаши билан улар иссиқ ўлкаларга учиб кетарди. Беозор қушнинг қор устида турган жасади одамда ачиниш ҳиссини уйғотади.
Бир пайтлар ўқувчиларга меҳнат дарсида қушлар учун ин қуришни ўргатишарди. Қанотли дўстларимизни болалар ясаган инларга кириб яшай бошлаши қизиқарли туюлар, навбат билан дон, сув солиб, улар ҳолидан доимий хабар олинарди. Қишлик инлар ёзлигидан фарқ қилиб, қалинроқ материаллар билан ўраб, мактаб ҳовлисидаги дарахтларга, кўчалардаги қулай жойларга ўрнатиларди. Бугунга келиб болалар қўли билан қурилган инларни мактаб ҳовлиларида учратиш, умуман қаердадир учратиш амримаҳол. Тўғри, таълим масканларида «Қушлар бизнинг дўстимиз», «Қушлар ва гуллар байрами», каби тадбирлар ўтказилади. Ушбу фестивалларда кўпинча қафасга солинган тўтиқуш, конарейка, каклик ва бошқа хонаки қушларни асраётганимизни кўрсатамиз. Аммо табиат қўйнида учиб юрган минглаб ёввойи қушлар учун қандай ғамхўрлик кўрсатаяпмиз, улар ҳақида фарзандларимиз қандай тасаввурга эга, деган савол эътибордан четда қолаётгандек, назаримизда.
Масаланинг яна бир томони, кўпчилигимиз қушлар бошоқли экинлар пишиб етилганда уларга «ҳужум» қилиб ҳосилдорликка жиддий зарар етказади деб ўйлаймиз. Ана шундай пайтларда имкониятга қараб уларга қарши курашнинг турли чоралари кўрилади. Ҳуштак, шаққилдоқ, турли шаклдаги ясама «қўриқчи»лар… Лекин ўтган йилларда ҳосилдорликни сақлаб қолиш борасида амалда синалган хориж тажрибаси янгича фикрни ўртага ташлади. 1958 йилда Хитойда қушларнинг етиштирилган ҳосилга ҳужуми давлат аҳамиятига молик масала даражасига кўтарилиб, зараркунандаларни йўқотиш бўйича қарор қабул қилинган. «Қанотли дўстлар» ҳаракатлари жиддий кузатилиб, Пекин ва Шанхайда 900 мингдан ортиқ чумчуқ нобуд бўлишига эришилган. Бир йилдан кейин ҳосил чиндан ҳам мўл бўлди. Лекин вазият кутилмаганда қалтис тус олиб, ҳашаротлар ва чигирткалар сони кескин кўпайиб кетган. Бир-икки йиллик чигиртка босқини сабабли ҳосилдорликнинг пасайиши рекорд даражага камайган. Оқибатда мамлакатда егулик етишмовчилиги ҳукмронлик қилиб, бир неча миллион нафарга яқин одам очликдан нобуд бўлган.
Кейинчалик, чумчуқларнинг табиатдаги ўта муҳим ўрнини тиклаш учун уларни ўзга мамлакатлардан катта харажатлар эвазига келтиришга мажбур бўлинган. Африка қитъасида ҳар йили зарарли чигирткаларга қарши 8-10 миллион гектар майдонда кураш тадбирлари олиб борилишига қарамасдан, уларнинг зарари бир неча миллиард АҚШ долларига етмоқда. Бунга қарши кураш учун табиатда қушларнинг сони ортишига имкониятлар яратиш зарур бўлмоқда.
Ана шундай беминнат хизматкоримиз бўлган қанотли дўстларни парваришлаш, табиат қўйнида кўпайиши ва озиқланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш жиддий эътибор талаб этади. Ақлли зот ҳисобланган одам албатта бу ёрдамга қодир ва болаликдан уни, табиатни, жонзотларни севишга ўргатиб бориш биз катталарнинг қаршисидаги муҳим вазифа бўлиши керак.
ТАБИАТГА ЧЕКСИЗ  МЕҲР ҚЎЙИБ...ТАБИАТГА ЧЕКСИЗ МЕҲР ҚЎЙИБ...
Зулфия БОБОЕВА

Инсон- табиатнинг бир бўлаги. Шу сабабми она табиат қучоғида баъзан ҳориган, кундалик уй ва иш ташвишларидан чарчаган руҳингиз енгил тортади. Беғубор осмон, зилол сув, борлиқдаги ранго ранглик умидли куй сингари қалбингизга майинлик, сокинлик олиб киради. Беихтиёр бугун кимнидир ранжитгани ёки ечимини кутиб турган ҳеч замон тугамайдиган муаммоларни унутгандай бўласиз. Қалбингиз яна янги орзулар, умид ва ишончга тўлади.
Ўттиз беш йилдан буён қушлар ва манзарали балиқларни кўпайтириб келаётган Фазлиддин Бозоровнинг она табиатга меҳри бўлакча. У бу машғулотни даромад манбаи сифатида кўрмайди. Баҳра олиб, руҳига енгиллик бағишловчи қанотли дўстларимизни нафақат ўз уйида, балки бошқалар хонадонида ҳам кўришни истайди. Бугунги кунда Ф. Бозоров парваришидаги қушларнинг тури юздан ошган.
- Ҳеч қачон қушларни катта қилиш, вақтида дон, сувини беришдан оғринмаганман,- дейди биз билан суҳбатда у. – Бундан фақат завқланаман. Тўтиқушларнинг ҳар хил турлари бор. Масалан, Африкадан келтирилган, ҳозирда ўзимизда кўпайтирилаётган ажрелла, амадейна, кўм-кўк тусдаги пепчик, оқ тожли карелла, сариқ рангли нерадучкалар болаларни ҳам, уларнинг ота-оналарини ҳам кўпроқ қизиқтиради. Бу қушларнинг ранги, қувноқлиги, зийраклигига қараб асабларингиз тинчланади. Қолаверса, улар фарзандларимизни табиатни севишга ўргатишда аҳамиятли ҳисобланади. Мактабларда “Жонли табиат” бурчагининг ташкил қилинганлигидан хурсанд бўламан. Шаҳримиздаги “Меҳрибонлик уйи”га бир қанча тўтиқушлардан совға қилганмиз. Болаларнинг табиатга ошнолиги, меҳри баландлиги уларни яхшиликка бошлайди.
Ф. Бозоров парваришлаб, кўпайтириб келаётган манзарали балиқларнинг ҳам хилма хиллигига қараб завқингиз келади. Мўъжаз аквариумлардаги оқ, қизил, сариқ, қора балиқчаларнинг сувдаги ҳаракатини кузатаркансиз, улар каби ўзингизни эркин ва ташвишсиз сезасиз. Ф. Бозоровнинг таъкидлашича, улар инсон саломатлигида муҳим ўрин тутади. Жумладан, қизил рангли мигеноз балиғи сариқ касаллиги олдини олса, гупяшка ўт-жигар хасталикларида, астрономус, скиляра, манлизи, “олтин балиқ”, коя, барбус, ҳинд ножи кабилари эса асабларни тинчлантириш хусусиятига эга.
- Аквариумдаги балиқларни парвариш қилиш алоҳида эътиборни талаб қилади,- дейди суҳбатимизни давом эттириб Ф. Бозоров.- Улар эрталаб ва кечда озиқлантирилади. Балиқлар тез катта бўлади. Фақат унга озиқ берувчи киши битта бўлса, мақсадга мувофиқ. Балиқларга озуқа беришда меъёрдан ошмаслик керак. Кўп озуқа солинганда, балиқлар касалланиб, нобуд бўлиши мумкин. Агар аквариумдаги балиқлар устида оқ доғлар ҳосил бўлса, бу унинг касалланганига ишора. Бундай вазиятда аквариумга туз солиниб, сув ҳарорати одатдаги 25, 26 даражадан 29 даража ҳароратга кўтарилади. Энг асосийси, балиқларни меҳр билан парваришлаш керак. Улар энг сезгир жонзот. Сизнинг кайфиятингиз, муносабатингизни сезиб туришади. Уйдаги балиқларга асосан ўзим қарайман. Таниб қолишгани боис аквариумга яқинлашишим билан балиқлар мен томонга гуррос интилишади. Набираларим Умида ва Нилуфархонлар ҳам аквариум томоша қилишни яхши кўришади. Ўқишлари аъло, интилувчан ўқувчи улар. Қушлар, балиқлар жону диллари.
Қаҳрамонимиз декоратив балиқларни қўпайтириш билан бирга, уларга керак бўладиган аквариумларни ҳам ўзи ясайди. Суҳбатимиз давомида аквариумлар 5 литрдан бир тоннагача ҳажмдаги сув сиғадиган шаклда ясалиши, шишаси ва елими сифатлилари чидамли бўлиб, узоқ муддат хизмат қилишини билдик.
- Аквариум ясашни Тошкент шаҳридан ўрганиб келганман,- дейди суҳбатимиз якунида Ф. Бозоров.- Мижозларнинг талабидан келиб чиқиб, махсус дизайн асосида иш олиб бораман. Уларга балиқлар парваришига оид маслаҳат, тавсияларимни бераман. Аквариумга, ундаги балиқларга, яна уйимдаги турфа қушларга қараб, роҳатланаман. Кўнглим ёруғ бўлади. Эртанги кунга режалар тузаман. Аслида оддий бир чумолига ҳам озор бергим келмайди. Чунки улар ҳам табиатнинг бир қисми, меҳримизга муҳтож деб ўйлайман.
Кўп йиллардан буён қушлар ва балиқларга, бир сўз билан айтганда, бутун табиатга меҳр қўйиб, бундан мамнун яшаб келаётган Фазлиддин Бозоровнинг фазилатига ҳавасимиз келди. Ва яна бир карра англадикки, қаҳрамонимиз сингари она табиатдан меҳр-муҳаббатимизни дариғ тутмаслигимиз лозим. Зеро, меҳр нафақат инсоният, балки ҳайвонот ва наботот олами учун ҳам мангу зарур, муҳим туйғу бўлиб қолаверар экан.
         Экология ҳақида қизиқ  фактлар:Экология ҳақида қизиқ фактлар:
* Бугунги кунда автомашиналар 35 км юрганида ярим кг ис гази чиқаради. 50 йил олдин бу кўрсаткич 25 марта кўп бўлган экан.
* Тўрт миллион литр тоза ичимлик сувини заҳарлаш учун тўрт литр машина мойи кифоя.
*Ўртача маълумотларга қараганда, янги машинадан кўра бир неча киши яшаётган уйда кўп карбонат ангидрид гази чиқарилар экан.
* Амазонка ўрмонлари планетамиздаги кислород запасининг бешдан бир қисмини ишлаб чиқарар экан.
*Ўтказилган тадқиқотларга кўра энг тоза ҳаво Австралия яқинидаги Тасмания оролида экан.
* Бино ичкарисида бино ташқарисига нисбатан 25 баравар ифлос ҳаво бўлар экан. Шу сабабли ҳам хонани тез-тез шамоллатиб туриш зарур экан.
( Интернетдан олдинди.)
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди грант лойиҳаси асосида тайёрланди.
ҚОЯ СУРАТЛАРИ  САНЪАТИҚОЯ СУРАТЛАРИ САНЪАТИ
унга эътибор қандай?
Хайрулло БАҚОЕВ,
Навоий вилояти табиатни муҳофаза қилиш
қўмитаси раиси ўринбосари, Экоҳаракат
Навоий ҳудудий бўлинмаси раҳбари

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг барча йўналишлар қатори табиий, тарихий ва археологик ёдгорликлар муҳофазасига ҳам эътибор кучайтирилди.
Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон қадимий тош суратларнинг кўплиги билан жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди, айни пайтга қадар мамлакатимиз ҳудудида 145 дан ортиқ қоя суратлари санъати объектлари мавжуд.
Сармишсой ана шундай йирик тош суратлар санъати объектларидан биридир. Бу расмлар сойнинг икки қирғоғи бўйлаб икки километргача бўлган жойда акс этади. Бу суратлар археологлар томонидан 15 гуруҳга бўлинган. Сармиш дараси ва унинг ландшафти ўзбек халқи, қолаверса бутун инсоният учун табиий-тарихий ёдгорлик сифатида катта аҳамиятга эга.
Қоя тошлардан ташқари, бу дара ҳудудида, тахминан 7-8 асрларга тааллуқли бир нечта қадимги қўрғонларнинг жойлари, қадимги одамлар яшаган чуқурликлар, пана жойлар, ғорлар ҳамда сағаналар ва ўрганилмаган тош уюмлари борлиги аниқланган.
Бу ноёб табиий ва тарихий ёдгорликни сақлаб қолиш ва унинг муҳофазасини ташкил этиш бўйича бир неча бор ҳаракатлар бўлган. Масалан Навоий вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси таклифи билан умумйи майдони 5000 гектар бўлган “Сармиш миллий табиат боғи”ни ташкил этиш бўйича 1997 йил 21 апрледа Навоий вилояти ҳокимининг қарори қабул қилинган. “Сармиш миллий табиат боғи” қўмитанинг Бионазорат инспекцияси томонидан доимий ташкил этиладиган рейдлар асосида муҳофаза этиб келинди. Бу ҳаракатларнинг самараси етарли эмаслиги албатта аён.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг 2004 йилда қабул қилинган “муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонуни асосида Табиат боғларини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатига киритилди. Бу масала бўйича ҳам “Сармиш табиат боғи”нинг барча тегишли материаллари Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди, аммо афсуски, масала натижасиз, очиқ қолди.
Сармишсойнинг ноёб ландшафтини сақлаб қолиш мақсадида Навоий вилояти ҳокимининг “Сармишсой табиий-археологик мажмуа музей-қўриқхонасини ташкил этиш, музей муҳофаза зонасини белгилаш ва фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги 2004 йил 23 сентябрдаги Қ-193-сонли қарори қабул қилинганлиги бу борадаги уринишларнинг иккинчиси эди. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш ва ер ажратиш бўйича орадан беш йил ўтгач, Навбаҳор тумани ҳокимининг 2009 йил 14 июлдаги қарори қабул қилинди ва туман ҳокимининг 2009 йил 11 августдаги қарори билан “Сармишсой табиий-археологик мажмуа музей-қўриқхонасини ташкил этиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ер танлаш ва ажратиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва вилоят ҳокимининг қарори билан тасдиқланган. Аммо мазкур қарорнинг ижросини таъминлашга эътиборни талаб даражасида деб бўлмайди. Оддий қилиб айтганда, қўриқхона талабларининг биттаси ҳам бажарилмаганлигини кўриш мумкин.
Баҳор фаслида маҳаллий халқнинг ушбу ҳудудда тартибсиз дам олиши бу борада кескин чоралар кўриш зарурлигини кўрсатиб турибди. Тўғри, “Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш” инспекциямиз томонидан доимий равишда Сармишсой табиий-археологик музейи ҳудудини назорат қилиш мақсадида 6 нафар инспекторлар бириктирилган бўлиб, улар томонидан махсус режа асосида рейдлар ўтазилиб келинмоқда. Рейдлар натижаси кўра ўтган йил давомида 11 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, қонунбузарларга 1 302 400 сўм жарма ҳамда табиатга етказган зарарлари учун товон пули солинган. Жорий йилнинг 9 ойи давомида 9 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, қонунбузарларга 1 172 160 сўм жарима ҳамда табиатга етказган зарарлари учун 1 432 640 сўм томон пули солинганлигини айтиш мумкин.
Бундан ташқари, “Сармишсой Навоий” масъулияти чекланган жамият томонидан туристик пункт ҳудудига ички ва ташқи экотуризмни ривожлантириш мақсадида Сурхондарё вилояти Денов тумани “Ҳазорбоғ” ширкат хўжалигидан 13 000 туп арча , 1000 туп ўрик ва 10 000 туп тол дарахти кўчатлари, 2000 дона софора ва 3000 дона айлант кўчатлари, 1000 дона ёнғоқ, 1000 дона бодом, 2000 дона олма, 1000 дона гилос кўчатлари экилди. 2015-2016 йилларда эса мазкур жамият томонидан 2 минг дона маҳаллий тут кўчатлари, 2 минг дона маҳаллий чинор дарахтлари ҳамда 3 минг дона атиргул ва бошқа гуллар экилиб, парвариш қилинмоқда.
Барча саъйи ҳаракатларга қарамасдан, бугунги даврнинг ўзи мазкур ноёб табиий ва тарихий ёдгорликка Республика аҳамиятига эга бўлган мақом бериш ва ЮНЕСКО рўйхатига киритишни кечиктириб бўлмаслигини тақозо этади. Энг муҳими, асрлардан –асрларга ўтиб келаётган бу ноёб ёдгорликни асраш ҳар бир фуқаронинг виждонига айланмоғи даркор. Шундагина биз бу бебаҳо ва бетакрор мўъжизани келгуси авлодларга етказа оламиз.

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди грант лойиҳаси асосида тайёрланди.
НОЁБ   ТАБИИЙ ВА ТАРИХИЙ ЁДГОРЛИКНИНГ               БУГУНИ ВА ЭРТАСИ“ЭКОЛОГИК МУВОЗАНАТ” САҲИФАСИ
НОЁБ ТАБИИЙ ВА ТАРИХИЙ ЁДГОРЛИКНИНГ
БУГУНИ ВА ЭРТАСИ
Фарҳоджон ҚУВАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати
Мамлакатимиз ҳудудида турли давр ва цивилизацияга хос бўлган тўрт мингдан ортиқ қадимий меъморий ва санъат ёдгорликлари мавжуд.
Кўҳна тарихимизнинг бебаҳо ёдгорликлари мажмуасини ўзида мужассамлаштирган масканлардан бири Қизилқум чўлига чуқур кириб борган ягона тизмалардан саналган Нурота тоғ тизмасига мансуб Сармишсой ҳудудидир. Сармишсой нафақат ҳудуд экотизимини барқарорлаштиришга, балки инсоният цивилизациясини ўрганиш, унинг ноёб дурдоналаридан баҳраманд бўлишга ҳам хизмат қилиши билан бетакрор аҳамиятга эга.
Қадим тамаддуннинг неча минг йиллик садолари келиб турган Сармишсойдаги бу нодир обидалар серқуёш бу заминимиз тарихи неча минг йилларга бориб тақалишини исботлаб турибди. Бетакрор маданияти, юксак маънавияти бой салоҳияти билан жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз билан ҳар қанча фахрлансак ва дунёга кўз-кўз қилсак арзийди.
Археологик тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича, Сармишсой дарасида неолит даврига хос бўлган 7 мингга яқин қадимий, ноёб тош чизгилар–петроглифларнинг жаҳон даражасида ноёб намуналари учрайди. Расмларнинг асосий қисми сойнинг ўрта қисмида жойлашган зич тошли 22,5 километр масофадаги қоя тошларга уриб ишланган. Тасвирлар кембрий геологик даврида шаклланган қизил ва қора рангли қумтошлар ҳамда сланецли қояларнинг тик сиртига, баъзилари ётиқ сиртига солинган. Ҳозирги вақтда ушбу ҳудудда 62 оила, 335 уруғдан ташкил топган 650 тур ўсимликлар тарқалган бўлиб, уларнинг айримлари Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган бўлиб, ноёб, эндемик ва доривор ўсимликлардир. Эфимер ва эфимероидлардан иборат ўтчил қоплам, чала бута ва буталардан иборат ўсимлик турлари ва айниқса хушбўй ҳид таратувчи шувоқнинг бир неча хиллари ҳудуд табиатига ўзгача ифор бағишлайди.
Мазкур ҳудудда Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган ҳайвонлардан капча илон, эчкемар ва бургут каби турлар билан бирга қора балиқ, кўлвор илон, сариқ илон, узун оёқли сцинк, жўрчи, зарғалдоқ, каклик, бедана, жайра каби фаунанинг ноёб элементлари ҳам учрайди. Шу ердаги аҳолининг гувоҳлик беришича ўтган асрнинг 50-60 йилларида бу ерда какликлар жуда кўп сонда учраган ва булоқлар бўйида каклик овлашнинг ўзига хос услуби қўлланилган. Айни вақтда каклик ва беданаларнинг сони тубдан қисқариб кетган.
2004 йил 23 сентябрда Навоий вилояти ҳокимининг 193-сонли “Сармишсой табиий-археологик мажмуа музейи қўриқхонасини ташкил этиш, музей муҳофаза зонасини белгилаш ва фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган ва мазкур қарорга мувофиқ унинг умумий майдони 5000 гектарни ташкил этиши белгилаб берилган.
Ярим аср мобайнида Зарафшоннинг ўнг қирғоғидаги инсон қўли билан яратилган кўплаб табиатнинг гўзал манзаралари одамларсиз ҳувиллаб қолди. Боз устига даранинг тепа қисмида геология қидирув партияси фаолият олиб борганлиги, террасалар техникалар билан текисланиб юк ташувчи транспорт воситалари учун йўллар ўтказилганлиги ҳамда айрим “совға” ва “сувенир” ишқибозлари томонидан петроглифларни плитка шаклида қирқиб олиб кетишлари натижасида кўплаб ноёб қадимги ёзувларга шикаст етказилди.
2006-2008 йилларда мазкур ҳудудда олиб борган кузатишлар давомида дам олувчилар томонидан турли маиший чиқиндилар билан атроф-муҳитни ифлослантириш натижасида антисанитария ҳолатларининг келиб чиқиши, ўсимлик ва ҳайвонот оламига шафқатсизларча муносабатда бўлиш, тошларни бўяш ва улардаги расмларга зиён етказиш туфайли сифатини бузиш, қовжираб қолган майсаларга ўт қўйилиши каби рекреация (табиат қўйнида дам олиш) жараёнининг бирор бир қоидасига мос келмайдиган ҳолатлар қайд этилди. Худди шундай чорва молларини боқиш оқибатида ҳам тошларнинг нураши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг нобуд бўлиши, булоқлар ўзанининг ўзгартирилиши каби ҳолатларни ҳам кузатиш мумкин.
Афсуски, қайд этилган ҳолатлар Сармишсойда айни пайтда атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ фаолиятнинг талаб даражасида эмаслигидан далолат беради. Шу сабабли ҳудудни бутунлигича асраб- авайлаш ва келажак авлодларга мерос сифатида қолдириш учун унга мавжуд қонунчиликка асосан муҳофаза этиладиган ҳудуд мақомини бериш, Халқаро табиий ва маданий меросини мухофаза қилиш Конвенциясида кўзда тутилган тартиб асосида Сармишсой ҳудудини ЮНЕСКОнинг “Бутунжаҳон маданий мерос объектлари рўйхати”га киритиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг расмий мурожаатини илгари суриш ишларини фаоллаштириш, тошлардаги суратлар билан бир қаторда ҳудуд табиатини муҳофаза қилишга қаратилган аниқ режалар ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш устидан назоратни ташкил этиш, дарага кириш ва одамларнинг дам олиш жойларида, унинг чегаралари, вазифаси, одамларнинг бу ҳудудда тақиқлаб қўйилган фаолиятлари ва бошқалар тўғрисида тегишли маълумотлар баён этилган йўриқномаларни бир неча жойда ташкил этиш ва унга амал қилиниши устидан назоратни кучайтириш, сой ва унинг атрофида чорва моллари боқилишида муайян тартибни жорий этиш, чўпонлар томонидан булоқлардаги сувнинг табиий оқиш режимининг бузилишига йўл қўймаслик, қурилиш материали ва бошқа мақсадларда тошларни ташиб кетилишининг олдини олиш, “Сармишсой” табиий – маданий мажмуаси объектларида туристик фаолиятни тартибга солиш мақсадида, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш учун туризм инфраструктурасини янада ривожлантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан саналади.
Сармишсой дунё тарихининг бир бўлаги. Шундай экан, унинг табиий кўринишини ва унинг петроглифларини, бошқа археологик ёдгорликларини сақлаб қолиш, давлатимизнинг ва жамият олдидаги умумий масалалардан бири ҳисобланади.


Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди грант лойиҳаси асосида тайёрланди.
САРМИШСОЙ- ДУНЁ ТАРИХИНИНГ БИР БЎЛАГИ...САРМИШСОЙ- ДУНЁ ТАРИХИНИНГ БИР БЎЛАГИ...
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ва Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан Ўзбекистон экологик ҳаракати, Навоий вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Сармишсой табиий ва маданий мерос мажмуасини бошқариш ҳамда муҳофаза қилиш масалалари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Вилоятимиз ҳудудида жойлашган Сармишсой тарихий-маданий табиий мажмуаси билан танишувдан бошланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Маданият ва спорт вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўзбектуризм” миллий компанияси, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Археология институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассислари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳоджон Қуватов, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги “Ўзбекмузей” республика жамғармаси раиси в.б. Дилшод Остонов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Археология институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Муҳиддин Хўжаназаров, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси Навоий вилояти ваколатли вакили Фарҳод Эрназаров, Навоий вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Ўсимликларни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Фурқат Қодиров, "Камолот" ЁИҲ вилоят Кенгаши раиси ўрин¬босари Мақсуд Нуруллаевлар Сармишсой табиий ва маданий мерос мажмуасини бошқариш ҳамда муҳофаза қилиш масалаларига, бу ноёб табиий ва тарихий ёдгорликни авайлаб асраб, келгуси авлодларга етказишга доир ўз фикр –мулоҳазалари ҳамда таклиф ва тавсиялари билан ўртоқлашдилар.
Дунё тарихининг бир бўлаги ҳисобланган мазкур бебаҳо табиий ёдгорликни асраб-авайлаш муаммосини халқаро миқёсда ҳал этишга бағишланган тадбир материаллари билан газетамизнинг 3-саҳифасида танишасиз.

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди грант лойиҳаси асосида тайёрланди.
“... ВИЖДОН БЎЛИБ ОҚДИ ЗАРАФШОН!”“Табиат ва мен” танловига

“... ВИЖДОН БЎЛИБ ОҚДИ ЗАРАФШОН!”
Нигора РЎЗИЕВА,
журналист

Тараққиёт юксалиши, фан-техника дунёсидаги оламшумул ўзгаришлар натижасида минглаб кашфиётлару мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришаётган инсоният бугун фақат экологик хавф-хатар қаршисидагина ожиз бўлиб қолмоқда. Табиатга қарши қаратилган ҳар қандай “исён” ўзининг муносиб жазосини олиши муқаррар.
Энг ёмони, моддият ортида ётган манфаат минглаб бегуноҳларнинг азият чекишига сабаб бўлаётгани билан ачинарли. Биргина Орол муаммоси юзага келиши оқибатида табиатнинг мувозанати бузилди, миллат генофонди зарарланди, ўтган асрда мавжланиб оққан денгиз ўрнини бугун чанг-тўзонли саҳро эгаллади. Бу фожиа, экологик таназзул. Унинг хатари нафақат бир мамлакат тақдирига, балки, бутун минтақага таъсир этаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Биз - мана шундай экологик муаммоларнинг ечимини излашга уринаётган давлатнинг фуқаролари бу фожианинг чинакам моҳиятини англаб етаяпмизми? Она табиатга бўлган қўпол муносабат қандай оқибатларга олиб келади? Бугун экологик маданият, экологик таълим ва тарбия жараёни бироз эътибордан четда қолмаяптимикин? Бу саволларга виждонан жавоб бериб кўрайлик: ижобий баҳо бера оламизми? Йўқ, албатта.
Маълумки, вилоятимиз ҳудудидан йирик дарёлардан бири Зарафшон оқиб ўтади. Бу ерда саноат ва электр энергияси ҳосил қилишнинг асосий манбаи ҳам айнан мана шу дарё ҳисобланади. Иқтисодиётнинг барқарор ўсишида, турмуш тарзимизнинг фаровонлашувида унинг ўрни беқиёс, яъни дарё сувларидан оқилона фойдаланиш натижасида ўз мақсадларимизни амалга ошираяпмиз, кўплаб муваффақиятларга эришаяпмиз. Аммо, шуни инобатга олишимиз керакки, фақат бу далилларнинг ўзигина Зарафшон дарёсининг ҳақиқий қийматини белгиламайди.
Энг аҳамиятлиси, дарёнинг ўзига хос сув ости, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидек муҳим табиий бойликларга эга эканлигидир. Зарафшон дарёси тўқайларида асосан, туранғил, тол ва жийда каби дарахтлар, юлғун, чинғил каби буталар ўсади. Ўт ўсимликлардан қамиш, лух, қўға, мия, қизилмия ва бошқалар учрайди. Тўқайзорлар Зарафшон дарёси қирғоқларини мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этади. Шунингдек, аҳолини тўйимли ва қувватбахш балиқ маҳсулотига бўлган эҳтиёжини қондиришда ҳам у асосий манбадир.
Зарафшон дарёси денгиз сатҳидан 2775 метр баландликда жойлашган Тожикистон Республикасининг Туркистон ва Хисор тоғ тизмаларининг бирлашган жойида, Зарафшон музлигидан бошланади ва мамлакатимиз ҳудудига Равот-Хўжа тўғони атрофидан кириб келади.
Демак, мазкур дарё вилоятимизгача қўшни давлат ҳудуди ва Жиззах, Самарқанд вилоятларининг бир нечта туманларидан оқиб ўтади. Афсуски, унинг сув ҳажми кенгайиб, “узайиб” боравергани сари ифлосланиш даражаси ҳам ошиб бормоқда. Хўш, дарёга нисбатан бундай муносабатда бўлишнинг асосий сабаби нима, қандай омиллар унга салбий таъсир кўрсатаяпти?
Сувни ифлослантираётган асосий манба – бу саноат корхоналаридан чиқаётган чиқиндилар ва ўта зарарланган оқова сувлар ҳисобланади. Вилоятимиздаги “Навоийазот” АЖ, Навоий иссиқлик электр станцияси каби гигант корхоналар ишлаб чиқариш жараёнида Зарафшон дарёси сувларидан унумли фойдаланишади. Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш инспекцияси бошлиғи Маманазар Норқобиловнинг айтишича, заводларда кўплаб тизимли босқичларда турли амалиётларда ишлатилган дарё суви охир-оқибат ифлосланган, “ўлик” сувга айланар экан. Унинг ифлослигини камайтириш, тозалашнинг умуман имконияти йўқ. Бу оқова чиқинди сувлар “Навоийазот” АЖга қарашли санитар каналига қуйилади. Канал эса ўз навбатида дарё ўзанига туташади. Эътибор қилинг, йил давомида дарёга оқизиб юборилган ифлос сувнинг ҳажми 4 миллион 686 минг метр кубни ташкил этар экан.
Дарё Зарафшон водийсининг асосий сув ҳавзаси бўлгани учун ҳам давлатимиз томонидан алоҳида назоратга олинган. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 4 октябрда “Зарафшон дарёси ҳавзасида экологик ва санитар-эпидемиологик вазиятни яхшилаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу борада Жиззах, Самарқанд, Навоий, ва Бухоро вилоятларида Зарафшон дарёси ва унга келиб қўшиладиган ирмоқлардаги сув сифатининг мониторинги олиб борилмоқда.
Қарорга мувофиқ, дарёнинг Хатирчи, Навбаҳор, Кармана ва Қизилтепа худудларидан оқиб ўтувчи қисмига тегишли 6966 гектар майдони алоҳида муҳофаза қилинадиган зонага айлантирилган. Ундан 1131 гектарини қирғоқолди ҳудуд ташкил этади. Бу ерда қишлоқ хўжалигида менерал ўғитлар кам талаб этадиган экинлар, арча, терак, юлғун каби дарахтлар экин яхши натижа беради. Шунингдек, муҳофаза зонасида аҳоли томонидан қурилиш ишлари олиб боришга ҳам йўл қўйилмайди.
Афсуски, сувни ифлослантирадиган манбалар фақатгина ишлаб чиқариш корхоналари эмас. Бу борада аҳоли томонидан ташланадиган маиший чиқиндилар саноатдан чиқадиган қолдиқ сувлар билан бемалол “рақобатлаша олади”.
- Дарёга ноқонуний чиқиндилар ташлашга чек қўйиш алоҳида назоратга олинган бўлсада, айрим юртдошларимиз қатъий қоидаларга риоя этишни исташмаяпти, - дейди Маманазар Норқобилов. – Айниқса, қурилиш тугалланган жойларни тозалаш вақтида тўдаланган ахлат қолдиқларини белгиланган жойга эмас, тўғри дарёга ташлаб юбориш ҳолатлари учрамоқда.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, Кармана туманида аҳлатларни бир жойга тўплайдиган махсус чиқиндихона мавжуд бўлмагани боис, “Уйрот”, “Варқ” каби маҳаллалар, “Жалойир”нинг маълум қисмида йиғилган маиший чиқиндилар дарёга ташланаётир. Бу муаммо Хатирчи тумани аҳолисини ҳам қийнамоқда. Энди ўйлаб кўрайлик: шаҳарнинг бир четидаги чиқиндихонага бориш учун техникага сарфланадиган ёқилғини тежаш ёки “туя кўрдингми-йўқ” қабилида тутилган иш табиатга катта зарар етказаётганига наҳотки оддий томошабин бўлиб турсак...
Барчамиз гувоҳи бўлган яна бир нохуш ҳолат бор: сигир, ит, мушук каби уй ҳайвонларининг ўлган танаси ҳам сувга ташланган вазиятга дуч келамиз. Оқар сув четидаги шоҳ-шаббага илиниб қолган ҳайвон ўлигидан чиқаётган бадбўй ҳид одамнинг кўнглини хира қилса, у тарқатаётган инфекция кўплаб юқумли касалликларнинг юзага келишига асосдир. Халқимизда “Етти думалаган сув ҳалол” деган нақл бор. Аммо, бу кетишда дарё суви етти тугул, етмиш марта думаласа ҳам ўзининг софлигини сақлаб қололмайди. Бошқа тарафдан табиатга келтираётган зараримиз туфайли “ўзимиз ўтирган дарахт шохини кесмаяпмизмикин?!” Эрта биргина хатомиз, лоқайдлигимиз учун фарзандларимиз азият чекмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сув таркибидаги турли кимёвий элементлар, нефть маҳсулотлари таркибида бўлган зарарли моддалар инсон саломатлиги учун ниҳоятда ҳавфли. Шундай экан, очиқ сув ҳавзаларига машина, гилам, кийим-кечак кабиларнинг оқова сувларини ташлаш ҳам табиий муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Кундалик турмушимизда бундай йўл қўйилган хатолардан яна кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин.
Азалдан ота-боболаримиз оби-ҳаёт - сувни эъзозлашган. Тирикликнинг манбаи, она заминни яшнатиб турган, юракларга руҳий қувват берган, инсонни поклик пардасига ўраган неъмат – шубҳасиз сувдир.Томчилар қўшилиб, ирмоқ бўлгани, ирмоқлар эса катта дарёни ҳосил қилгани каби оилада фарзандга уқтирилган бир гап, ўрнак бўлинган амал келажакда табиатга эҳтиёткорона муносатда бўлишга замин яратади.
Экологик назорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2013 йилнинг 27 декабр куни “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Унинг 19-моддасида “Жамоатчилик экологик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар томонидан амалга оширилади” дея қайд этилган. Демак, ён-атрофимизда табиатга қўпол муносабатда бўлинаяптими? Кимдир ахлатни кўчага ташлаб кетгандир, яна кимдир ҳовлисидаги чиқиндиларни ариққа улоқтириши мумкин. Бу ҳолатга бефарқ бўлмайлик. Зеро, унинг жавобгарлиги бор, маҳалла олдида, қонун олдида, қолаверса, она табиат олдида айбдор у ...
Марҳум шоиримиз Маҳмуд Мардиевнинг дарёга бағишланган шеърида “... ҳақ йўлига талпиниб мудом, виждон бўлиб оқди Зарафшон” деган сатрлари бор. Чиндан ҳам ҳозир қадрдон дарё Зарафшон айримларнинг “ухлаб ётган” виждонини уйғотиш учун ўз дардини айтиб оқаяпти. Унинг сўзига қулоқ тутайлик.

Факт: Зарафшон дарёси Амударё ҳавзаси дарёлари таркибига киради. Унга музликлар ва булоқлардан бошланадиган 4200 ирмоқ қуйилади. Зарафшон дарёсининг бошланишида умумий майдони 557 м2 бўлган 424 музлик мавжуд. Шунинг учун дарё асосан музлик ва қор сувларидан тўйинади.
Зарафшон дарёсининг умумий сув йиғиш майдони 11722 км2 ни ташкил қилади. Дарёнинг умумий узунлиги 576 км. Бир йиллик ўртача сув оқим миқдори 5064,2 млн.мЗ ни ташкил қилади, суғориш мавсумидаги ўртача кўп йиллик оқим миқдори 4198,4 млн.мЗ. Зарафшон дарёси сув ресурслари асосан ҳавза худудида жойлашган суғориладиган майдонларга ва саноат эхтиёжи учун ишлатилади.