Бош саҳифа > Экология ва саломатлик > ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ НИМА?

ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ НИМА?


9-10-2018, 08:31. Муаллиф: info
ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ НИМА?ЭКОЛОГИК  МАДАНИЯТ НИМА?
Хуршида ХУРСАНОВА,
Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассиси
Инсон ҳамма нарсага қодир. Аммо гоҳида унинг қилмишларидан одамларгина эмас, бутун атроф-муҳит азият чекади, зарар кўради. Унинг эътиборсизлиги, масъулиятсизлиги Она сайёрамизга беписандлиги қимматга тушиши мумкинлигини ўйлаб кўрмайди. Мана оддийгина чиқиндилар масаласини олайлик.
Ўз уйимизни, ўз кўчамиз, ўз маҳалламизни озода тутиш зиммамиздаги қарз бўлишига қарамасдан чиқиндиларни хоҳлаган жойга ташлашга ўрганганмиз. Атроф-муҳитга етказаётган зараримизнинг оқибатларидан асло ташвишланмаймиз. Табиатга бундай ёмон муносабатимизни фарзандларимиз биздан ўрганади. Ўзимизнинг “тажрибамиз” бир куни ўзимизга зиён етказиши хаёлимизга ҳам кириб-чиқмайди. Хуллас, экологик маданият деган тушунчалар кўпчиликка бегона.
Узоқ умр кўриш, соғ-саломат бўлишни орзу қиламиз, аммо унга амал қилишни унутиб қўйганмиз. Жойларда ўтказилаётган тадбирларда айнан ана шу муаммолар муҳокама қилинади. Аҳолига экологик маданият ҳақидаги тушунтиришлар, атроф-муҳитни ифлослантирмаслик тўғрисидаги танбеҳларнинг самараси унчалик сезилмаяпти. Жумладан, яқинда Кармана тумани Гулобод маҳалла фуқаролар йиғинида тарғибот тадбирлари ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 91 –моддасига асосан фуқароларга ноқонуний жойларга чиқинди ташлаганлик учун энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши маҳалла аҳолисига тушунтирилди. Тадбирда маҳалла фуқароларига 44 та огоҳлантириш хатлари тарқатилди.
Тумандаги “Талқоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи У. Жалилов ҳам амалдаги тартиб-қоидаларга амал қилмаганлиги, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаганлиги учун энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлди.
Шунингдек, тумандаги Фарҳод маҳалласида ҳам ана шундай тарғибот тадбирлари ўтказилган бўлишига қарамасдан фуқаро К. Болтаевга белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаганлик ҳолати аниқланиб, унга энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима қўлланилди. Худди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Ҳ. Санаева ҳам маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаганлиги тўғрисида огоҳлантирилди.
Ўзимиз яшаётган маконни, ўзимиз нафас олаётган ҳавони ифлослантиришдан наҳотки виждонимиз қийналмаса? Экологик маданиятни фуқароларимиз қачон ўрганади?
Ортга қайтиш