ҲАР ДАРДНИНГ БИР ДАВОСИ БОР!

ҲАР ДАРДНИНГ БИР ДАВОСИ БОР! Саломатлик – туман бойлик
ҲАР ДАРДНИНГ БИР ДАВОСИ БОР!
Қадим Шарқда беморларни асрлар оша табиблар даволаб келишган. Лекин оддий табиблар ҳам, буюк ҳакимлар ҳам сунъий усулда дори-дармон тайёрлашни хаёлларига келтиришмаган. Улар ишлатган малҳамларнинг 70-80 фоизи шифобахш ўсимликлардан олинган, қолганлари ҳайвонлар ва уларнинг маҳсулотлардан, озгина қисми эса табиий маъданлардан тайёрланган.
Ҳозир Хитой, Япония, Вьетнам, Корея, Лаос, Малайзия каби мамлакатларда халқ табобатига давлат мақоми берилган. Масалан, Хитойда тиббий хизматнинг 40 фоизи табиблар томонидан кўрсатилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти (ВОЗ) ўтган асрнинг охирги йилларида халқ табобатини чуқур ўрганиш ва бу соҳадаги тадқиқотларни янада кенгайтириш бўйича бир нечnа қарор қабул қилган. Бинобарин, халқ табобати беш минг йилдан буён аҳоли саломатлигини яхшилашга хизмат қилиб келмоқда. Бас, шундай экан, у қудрати кучли эга эканлигини тан олиш керак.
Албатта, дунёга келган ҳар бир инсон эзгу орзу-ниятлар билан яшайди. Бироқ ҳаёт фақат қувонч-шодликлардан иборат эмас, унинг ғам-ташвишлари ҳам бисёр. Тақдирнинг кутилмаган оғир синовлари баъзан бизни эсанкиратиб қўяди. Вужудимизни касаллик қамраб олганда росманасига довдираб қоламиз. Чунки сўрамай келган дарднинг заҳри ёмон бўлади. Боз устига, кўпинча унинг ариши анча қийин кечади. Хасталик авжига чиққанида иродаси мустаҳкам одам ҳам тушкунликка тушиб, ожиз бандага айланиб қолади. Айниқса, шифокорлар “Бу ёғи энди ёлғиз Яратгандан...“ дея ночор хўрсинишганида кенг дунё кўзимизга тор кўриниб кетади, ўксик кўнглимизни ҳатто асқар тоғлар ҳам кўтаролмайди.
– Мен жигар циррози билан оғриб, узоқ вақт турли шифохоналарда ётиб даволандим, – дейди қўқонлик Муҳаррам ая. – Нафи тегмагач, шифокорлар уйга кетишимга рухсат беришди. Ўлим тўшагида ётганимда хаёлимда минг бир саволлар ғужғон ўйнади. “Наҳотки, ҳаёт билан видолашсам?!.” деганча, дил изтиробларимни болаларимдан яширмоқчи бўламану, уддалай олмайман... Дард билан олишаётган кунларимнинг бирида қўшнимиз Тошкентда Отабек исмли табиб борлигини, у кўплаб беморларни соғайтириб юборганини айтиб қолди. Ўғилларим мени ана шу ноёб қобилият соҳиби – Ўзбекистон халқ табобати академияси аъзоси Отабек Мирюнусов қабулига олиб боришди. Буни қарангки, дастлабки муолажаларни олганим ҳамоно ўзимни енгил сездим, тузалишим муқаррарлигини дил-дилдан ҳис этдим. Бора-бора дард-ғамларимнинг барчаси ортда қолди. Ҳозир, кўриб турганингиздек, соппа-соғман. Бунинг учун мени ҳаётга қайтарган Отабек Мирюнусовдан беҳад миннатдорман.
Муҳаррам аянинг сўзларини шу табибдан шифо топган қадрдон дугонам Муҳаббат Баҳронова ҳам тасдиқлади. “Бу табибнинг ноёб истеъдоди шарофати билан қайта оёққа турган юзлаб беморларни ўз кўзим билан кўрдим”, дея эътироф этди у.
Кейин аниқлашимча, Отабек Мирюнусов юрак, юрак-қон томир, асаб, жигар, ошқозон-ичак, ўт пуфаги, талоқ касалликларини, буйрак шамоллашларини, буйрак ва тухумдон кисталарини, умуртқа чурраси, бел ва оёқ оғриғини, бўғим, турли даражадаги бўқоқ, инсультдан кейинги тикланиш даври хасталикларини, бўйин ва елкада туз йиғилиши билан боғлиқ асоратларни муваффақиятли даволаётган экан. Мен унинг ишларини кузатаётиб, ҳузурига кўплаб беморлар шифо истаб келаётганининг, муолажалардан сўнг дарддан фориғ бўлиб, ҳаёт гаштини сураётганлар астойдил миннатдорчилик билдиришаётганининг гувоҳи бўлдим.
Бухоролик ёш муаллима Замирахон кўзойнаксиз келинчак бўлишни орзу қиларди. Агар бу орзуси амалга ошмаса, тўйни кечиктиришга ҳам тайёр эди. Хайрият, табибнинг сеансларидан кейин кўзойнаксиз кўрадиган бўлди. У бахт остонасига илоҳий нур шарофати билан соғайган ҳолда дадил қадам қўйди.
Ҳаммасидан ҳам автоҳалокатга учраб, ногиронлар сафига қўшилган навқирон йигитнинг шодлигини айтмайсизми? Ахир, унинг бахтсиз ҳодиса туфайли калта бўлиб қолган бир оёғи Отабек Мирюнусовнинг муолажалари натижасида асл ҳолига қайтди. Бунга қувонмай, табибнинг ноёб истеъдодига тан бермай бўладими?!.
Албатта, биотаъсир орқали беморларни даволаш бахти ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бундан бир неча йиллар муқаддам талай беморлар оламга машҳур Кашпировский сеанслари сабаб тузалиб кетганини яхши биламиз. Демак, бугун биотаъсир орқали оғир хасталикларни даволаётган, Ўзбекистон халқ табобати академияси томонидан берилган махсус гувоҳнома асосида фаолият юритаётган тошкентлик табибнинг иқтидорига ҳам ишониш керак!
Тўғри, биз кўпинча илмий тиббиёт ютуқларига суянамиз ва уларга қаттиқ ишонамиз. Бу табиий ҳол. Чунки ўта мураккаб операциялар, кўзларни даволаш, митти чақалоқларни юрак хасталигидан қутқарувчи жарроҳлик амалиётлари, дунё аҳлини лол қолдираётган сиам эгизаклари операциялари росмана мўъжиза саналади. Аммо ҳаётда шундай воқеалар ҳам рўй берадики, улардан кўз юмиб бўлмайди. Масалан, кучли таъсирга эга дори-дармонлар узоқ вақт қабул қилинса, организмни ҳолдан тойдиради. Баъзилари бир хасталикка шифо бўлгани ҳолда организмнинг бошқа аъзосига путур етказади Кундалик ҳаётда бундай ҳолатлар кўп кузатилади.
Отабек Мирюнусовнинг муолажа усули эса, кимёвий дори воситалари ёрдамида даволашдан фарқли ўлароқ, оддий ва осон, энг муҳими, зарарсиз. Боиси, у мижозларини кафти тафти билан қувватлантирилган сув ёрдамида даволайди.
Дарвоқе, биз сув бебаҳо неъмат эканлигини яхши биламиз. Одамзод ҳаётида унинг аҳамияти беқиёс. Вояга етган инсон танасидаги қоннинг 83, тўқималарнинг 75, миянинг 74, суякларнинг 22 фоизи, кўзнинг асосий қисми сувдан иборат. Вужудимизда жами қирқ-эллик литр сув мавжуд. Агар унинг бешдан бир қисми йўқолса, одам ҳалок бўлади. Инчунин, ҳаётимизни сувсиз тасаввур қила олмаймиз. Очликка тўқсон кунгача чидасак-да, ташналикка икки-уч кундан ортиқ дош беролмаймиз.
Қаҳрамонимиз қўлларида эса ажиб бир сеҳр бор. Унинг кафти теккан сув даволовчи хусусиятга эга бўлади. Бу илмий жиҳатдан тасдиқланган. Ҳа, айтганча, бундан бир неча йил бурун Отабек Мирюнусов кафти таъсирида қувватлантирилган, ўзига ва яқинларига шифо бағишлаган обиҳаёт мўъжизаларини намоён этиш ниятида Семашко номидаги Ўзбекистон курортология ва физотерапия илмий текшириш институти лабораториясига мурожаат этди. Ўзи билан бирга аслида бир қувурдан олиниб, икки шишага қуйилган ва биттаси кафти таъсирида қувватлантирилган сув келтирди. Тажрибалар якунида улар ўзаро кескин фарқ қилиши, қувватлантирилгани маъданли ва шифобахш эканлиги исботланди. Кейинчалик, гарчи бу жумбоқнинг сири очилмаган бўлса-да, табибга одамларни даволаш билан шуғулланиш учун рухсат берилди.
Ҳозир Отабек Мирюнусовнинг қўллари теккан сувни ичиб, соғайиб кетаётганлар сони тобора кўпаймоқда. Муҳими, сеҳрли муолажалар инсон қўлларига дахлдор мўъжизалар сирасига киришини олий тоифали малакали шифокорлар ҳам тасдиқлашмоқда. Демак, бу фавқулодда ҳодисани жадал ривожланаётган тиббиётнинг рақобатчиси эмас, балки халқимизга ато этилган бебаҳо иноят деб баҳолаш жоиз. Чунки бизнинг бош мақсадимиз аҳоли соғлиғини асрашдан иборатдир.
Сиз ҳам шифо истасангиз, фурсатни бой берманг, сеҳрли қўллар ва шифобахш сувлар мададидан баҳраманд бўлинг!
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.