СОҒЛОМ ОИЛА- СОҒЛОМ АВЛОД БЕШИГИ

СОҒЛОМ  ОИЛА- СОҒЛОМ  АВЛОД  БЕШИГИ СОҒЛОМ ОИЛА-СОҒЛОМ АВЛОД БЕШИГИ
Оила жамиятнинг асосий бўғинидир. Юртимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя килиш ҳамда қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган барча эзгу ишлар замирида жисмонан бақувват, маънавий етук баркамол авлодни вояга етказиш орзуси мужассамлашган.
Оила муқаддас даргоҳ. Унинг муқаддаслиги шундаки, унда ҳаётнинг абадийлиги таъминланади. Оила миллат шарафини юқори мартабага кўтарадиган маданият ўчоғидир. Фарзанд оила чироғи. У оилада дунёга келади, улғаяди,тарбия топади, камолга етади. Ота-она, бобо ва буви бўлиб, бутун умр шу оилада роҳатланиб яшайди, бу ҳаёт давомийлиги. Бу даргоҳнинг муқаддаслиги шундаки, фарзандлар ота-оналар бошлаган ишларни давом эттиради, унда миллатнинг урф-одатлари, ўзбекона ўлмас қадриятлар сақлаб қолинади. Унинг муқаддаслиги шундаки, ривожланган Ғарбнинг олимлари тан олган, керак бўлса лол қолган одоб нури ёғилган, қизлар тарбияси-бу оила маънавиятидан.
Фақат ўзини эмас, балки оиласини, қариндош-уруғларини, қўнни –қўшнининг тинчлиги, хотиржамлиги, омонлиги тўғрисида қайғурадиган ҳақиқий ўзбекни тарбиялайдиган даргоҳ бу оила.
Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ўғил уйлантириш, келин танлаш ва фарзанд тарбиясини давлат сиёсати даражасига кўтарганлиги бежиз эмас албатта. Зеро, давлатнинг қудрати соғлом фикрли, билимли, ахлоқ-одобли, халқ ва миллат тақдири учун жонфидо қиладиган инсонлар қўлида. Бундай инсонлар фақат соғлом оилада тарбия топади.
Муҳтарам Президентимиз “Юксак маънавият- енгилмас куч” асарларида таъкилаганидек,”Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир”.
Юртбошимиз раҳнамолигида Ўзбекистонда тобора ривожланаётган “Соғлом оила- соғлом авлод” ғояси йиллар давомида сайқал топмоқда, қонунлар ва қарорлар билан мустаҳкамланмоқда. Буни Бош қомусимизда оиланинг ижтимоий мақоми аниқ белгилаб қўйилгани, алоҳида Оила бобининг киритилганлиги ва шу асосда Оила, Фуқаролик, Уй-жой кодекслари ва бошқа зарур қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, бу борада тегишли ҳуқуқий пойдевор яратилганида яққол кўриш мумкин.
Давлатимиз томонидан оилага ғамхўрлик қилиш, унга ҳар тарафлама моддий ва маънавий ёрдам бериш, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим вазифаларидан бирига айланиб улгурган. Мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати негизида ҳам давлат, ҳам жамиятнинг оилага бўлган доимий ғамҳўрлиги ўз ифодасини топмоқда.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш ва соғлом оилани шакллантириш учун яратилаётган имкониятлар кўп. Никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтишини ташкил этиш, ёш қизларни турмушга узатишга йўл қўймаслик учун Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги Қонуни билан Жиноят ва Маъмурий кодексларга ўзгартишлар киритилиб, никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахсларга, яъни вояга етмаган шахс билан никоҳ муносабатларига киришган шахсга, вояга етмаган шахснинг ота-онасига, диний идора вакилига нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилди.
Оиладаги ҳуқуқий-ахлоқий тарбия билан мактаб, лицей, коллеж, олий таълим тарбияси ўртасидаги уйғунликни қарор топтириш ҳамда оила қуриш арафасида турган йигит-қизларга тўғри йўналиш ва оила маънавияти тўғрисида керакли маслахатлар бериш мақсадида шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар идораси, “Оила” маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, тиббиёт муассасаси, ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари билан ҳамкорликда давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар, учрашувлар мунтазам равишда ўтказилмоқда.

Ўтган йили шаҳар ФҲДЁ бўлимида 9037 та янги оила бунёд этилгани қайд этилди. Донишмандлардан бири таъкидлаган “Никоҳдан ўтиш мажбурий эмас, лекин никоҳдан ўтдингми, унинг қонун ва қоидаларига бўйсунишга мажбурсан” деган ақидаси оила ва никоҳнинг нечоғли муқаддаслигини яна бир карра эслатиб туради. Дарҳақиқат, никоҳдан ўтган ҳар бир йигит ва қиз жамиятнинг том маънодаги масъул кишиси, оила деб аталмиш улуғ қўрғоннинг яратувчиси саналади. Эртага уларнинг зиммасига фарзанд тарбиясидек масъулиятли ва муқаддас вазифа юкланишини, қолаверса, ҳар бир ота-она давлат ва жамият олдида фарзанд тарбияси учун масъул эканлигини унутмаслиги керак!
Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан эса ҳаёт давомийлигини асоси бўлган оналарнинг, наслимиз давомчиси бўлмиш фарзандларимизнинг саломатлигини асраш борасида барча имкониятлар яратилган.
Масалан, Оила кодекси ва бошқа қонунларда ёш ва кўп болали аёлларни ишга қабул қилишда имтиёзлар белгиланганлиги, янги оила қураётган ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтаётгани, хомиладор аёллар ва ёш болаларнинг бепул тиббий хизматдан фойдаланаётгани оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, қизларни турмушга тайёрлаш борасидаги қатор қарор ва дастурларнинг мантиқий давоми сифатида 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола” йили деб эълон қилиниши ҳам бу борадаги ижобий ишларни юқори поғонага кўтариши ва тўпланган тажрибани янада бойитиши муқаррар!
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлом фарзандлар туғилиши, ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайиши учун қилинаётган хайрли ҳаракатлар сўзсиз давом этади. Давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланган бу вазифа миллатимиз шаъни ва юртимиз шуҳрати каби муқаддас мақсадга айланиб қолади. Биз эса Ўзбекистон тақдирига дахлдор ана шу масъулиятли вазифани уддалашга ҳамиша тайёрмиз!

Манзура ҚЎЛДОШЕВА,
Навоий шаҳар ФҲДЁ
бўлими мудираси

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.