ВАТАН , ОНА СЎЗИДЕК АЗИЗ...

ВАТАН ,  ОНА  СЎЗИДЕК  АЗИЗ...
ВАТАН ,  ОНА  СЎЗИДЕК  АЗИЗ...ВАТАН , ОНА СЎЗИДЕК АЗИЗ...
Истиқлолнинг илк кунлариданоқ ёшларнинг таълим олиши, тарбияси, соғлом бўлиб вояга етиши давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ана шу эзгу максадда бир қатор қонун ҳужжатлари, Президентимизнинг Фармон ва қарорлари ҳамда ҳукумат қарорлари қабул қилинди.
Зеро, ҳар бир фарзанд-миллат келажаги. Президентимиз таъкидлаганидек, барча эзгу ниятларимизнинг марказида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларни бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассам.
Мустақиллик йилларида бошқа соҳалар қатори халқ таълими соҳасида ҳам ислоҳотлар ўзининг ҳақиқий самарасини ва натижасини кўрсатмоқда. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг “Ўзбек модели”ни бугунги кунда бутун дунё ҳамжамияти тан олмоқда.
Барча билим даргоҳлари катори бизнинг мактабимизда ҳам таълим мазмунини янгилаш ва такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабига айлантирилган илм масканимиздаги 1825 нафар ўқувчига 146 нафар олий маълумотли педагог таълим-тарбия бермоқда. Ўқувчи-ёшларнинг интеллектуал қобилиятларини ўстириш ва ривожлантириш мақсадида ўтказилаётган тадбирларнинг барчаси ўғил-қизларнинг қизиқиши, ҳавас ва интилишларини рўёбга чиқаришга ва уларни таълимнинг кейинги босқичига тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Келажагимиз пойдевори билим даргоҳларида яратилишини барчамиз яхши биламиз. Шунинг учун ҳам ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларимизнинг барчасида Президентимизнинг “ Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида таъкидланган “ Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди...” деган шарқона ҳаёт фалсафаси ўз аксини топмоқда.
“Ҳуқуқ билимдонлари” танлови ёки “Келажагинг сенинг қўлингда” семинар-тренинги бўладими, “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусидаги шеър ва иншолар танлови бўладими, “Мутахассислигинг –сенинг келажагинг” тадбири ва муқаддас қадамжоларга, тарихий ўлкашунослик музейларига саёҳат бўладими, барча-барчасида ана шу ғоя мужассамлашган.
Қувонарлиси шундаки, бугунги ёшларимиз ўз иқтидори, ўз салоҳияти ва интилишлари билан ана шу эътибор ва ғамхўрликка муносиб бўлишга ҳаракат қилаётир. Иқтидорли ўқувчимиз Алишер Яхшимуродовнинг “Юксак маънавиятли авлод” Республика кўрик-танловининг Президент асарлари билимдони йўналишида иккинчи ўринни эгаллаши, мамлакатимизда таъсис этилган Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлиш учун интилаётган Ёқутхон Давронова, Азиза Мажидова, Нигина Қурбонова каби зукко ва билимдон қизларимизнинг Республика босқичи поғонасигача етиб бориши бизнинг фахримиз албатта. Ўтган йили ўқувчиларимиз “Камалак билимдонлари” кўрик- танловининг Республика босқичида учинчи ўринни эгаллаган бўлса, тарих, ҳуқуқ, она тили, иқтисод, биология фанларидан олимпиадалар ва “Билимлар беллашуви”да республика миқёсида ҳар йили фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Бундай ютуқлар ана шу ўқувчиларга таълим-тарбия бераётган ўқитувчилар ва мураббийлар учун нақадар шарафли эканлигини таъкидлашга ҳожат бўлмаса керак.
Ўқувчиларимизнинг бундай ютуқларни қўлга киритиши замирида педагогларимизнинг катта хизматлари, машаққатли меҳнатлари, тинимсиз изланишларини кўриш мумкин. Кейинги йилларда Райҳона Сатторова, Муаттар Ҳалимова, Гулруҳ Раҳмонова, Малика Хушмуродова, Дилбар Тоғаева, Зилола Ортиқова, Шахноза Шералиева, Дилноза Ёдгорова каби ўқитувчиларимизнинг тажрибалари Республика миқёсида оммалаштирилганлиги, ўтган йили Миллий истиқлол ғояси фани ўқитувчиси “Энг яхши Камолот етакчиси” кўрик-танловининг Республика босқичи ғолиби Баҳодир Жўраевнинг “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонига сазовор бўлгани таълим масканимизнинг нафақат шаҳар ва вилоятда, балки Республикамиз миқёсида ҳам ўз ўрни, ўз обрў -эътибори борлигидан далолат беради.
Билим даргоҳимизда таълим-тарбия ишлари билан бир қаторда ёшларнинг экологик маданиятини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мактабимизда “Экобоғ” ташкил этилган бўлиб, унда ҳар бир ўқувчининг ўз дарахти, ўз қўли билан экиб парвариш қилаётган гули бор. Бунда ўқувчилар қалбида табиатга меҳр уйғотишдан ташқари, уларнинг бўш вақтларини бекорчи хаёллар билан ёки мақсадсиз компьютер ўйинларига сарфлашнинг олди олинмоқда. Шу боисдан ҳам ўтган йили “ Энг обод таълим муассасаси” Республика кўрик-танловида учинчи ўринга сазовор бўлдик. Бу йил баҳорни мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан экиб, парвариш қилинган ўн минг туп ёронгул ёки атиршоҳ билан кутиб олдик.
Мақсадимиз битта- ёшларга бераётган таълим ва тарбиямиз фақат саодат келтирсин, келажагимиз эгаларининг порлоқ истиқболини таъминлашга хизмат қилсин. Фарзандларимиз билим даргоҳини худди Ватан, Она каби севиб, қадрласа, эъзозласа эртанги кунимиз ёруғ бўлиши муқаррар...
Нозима ТОҒАЕВА,
Навоий шаҳридаги 16-давлат
ихтисослаштирилган умумтаълим
мактаби директори

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.