Миллий генофондимиз саломатлигини сақлаш ўз қўлимизда!

Миллий генофондимиз саломатлигини сақлаш  ўз қўлимизда!МИЛЛИЙ ГЕНОФОНДИМИЗ САЛОМАТЛИГИНИ САҚЛАШ ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА!
Бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида ичкиликбозлик, кашандалик, гиёҳвандлик каби миллат генофондига, инсон зурриёдига, насл-насабига ўта салбий таъсир этувчи факторлар кўпайиб бормоқда.
Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, одамлар онгига саломатликни сақлаш ўз қўлларида эканлигини сингдириш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни истеъмол қилишни ҳуқуқий жиҳатдан, тегишли қонунлар билан чеклаш орқали ҳал этишни ҳаётнинг ўзи яққол кўрсатмоқда.
Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича ҳар йили одам ўлдириш содир этилишига оид қўрсаткичларнинг тўртдан бири — спиртли ичимликлар истеъмол қилиниши билан боғлиқ. Шунингдек, мастлик ҳолати билан боғлиқ касалликлар ва шикастланишлар оқибатида ҳар йили ер юзида 2,5 миллион киши ҳаётдан кўз юммоқда, улардан 15-29 ёшлилар сони ўрта ҳисобда — 320 минг нафарни ташкил қилади. Спиртли ичимликларнинг энг фожиали асоратларидан бири- оғир даражали туғма ногирон болаларнинг туғилиши фанда аллақачон исботланган.
Тиббиёт илмининг султони, буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино “шароб (спиртли ичимлик)ни заҳарнинг бир тури”, деб бежиз таърифламаган.
Қисқача айтганда, ичкиликбозликнинг кишилик жамияти учун оғир иллат эканлиги барчамизга яхши маълум ва у билан боғлиқ бўлган муаммолар бизнинг жамиятимизда ҳам оз эмас. Энг ачинарлиси шундаки, спиртли ичимликларни тўй-ҳашамларда, кўнгилочар жойларда, оилавий тантаналарда ҳали ҳаётда ўз ўрнини топмаган кўплаб ёшларимиз сира тап тортмай истеъмол қилишлари одат тусига кириб бормоқда.
Шунингдек, спиртли ичимлик истеъмол қилиб рулга ўтираётганлар туфайли йўл ҳаракати қоидаларининг қўпол равишда бузилиши оқибатидаги автоҳалокатлар, уларнинг оғир, аянчли асоратларидан кўз юмолмаймиз.
Масаланинг яна бир ачинарли ва миллатимиз шаънига мутлақо тўғри келмайдиган томони шундаки, наслимизнинг давомчилари бўлмиш авлодларимизни дунёга келтирувчи аёллар, ҳали турмушга чиқмаган, ёш қизлар орасида ҳам спиртли ичимликларни тантанали маросимлар баҳонасида истеъмол қилишни яхши кўрадиган ва бунга одатдаги ҳол деб қарайдиганлар ҳам оз эмас.
Худди шунингдек, тамаки маҳсулотларини мунтазам равишда истеъмол қилиш, яъни кашандалик дунё аҳолиси ўртасидаги ўлим ҳолатларини келтириб чиқарувчи иккинчи сабаб эканлиги бугунги кунда исботланган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда ер шарининг 1,3 миллиард аҳолиси кашандаликка дучор бўлган. Дунёда катта ёшлилар ўлимининг 12 фоизи кашандалик — тамаки маҳсулотларининг оғир оқибатлари туфайли рўй бермоқда ва бунинг натижасида ҳар йили 5,4 миллион одам оламдан кўз юммоқда. Маълумотларга кўра, ўпка саратони касаллиги кўрсаткичлари дунёда ўсиб бориш тенденциясига эга бўлиб, ушбу касалликка чалинганларнинг 98,96 фоизи тамаки маҳсулотларини истеъмол қилувчилардир.
Шу нуқтаи назардан, 2011 йил 5 октябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган ҳамда 2012 йилнинг 6 апрель куни кучга кирган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга моликдир.
Ушбу Қонун фуқароларнинг соғлиғини, аввало, йигирма ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларини яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Шунингдек ушбу қонунда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида - фуқаролар соғлиғини сақлаш, алкоголь, тамаки маҳсулотларининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда бошқа чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш; фуқароларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга, аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга, уларнинг соғлиғига алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олиш ҳамда бундай таҳдидларни камайтиришга қаратилган профилактика, маърифий фаолиятни ташкил этиш ва амалга ошириш; алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда реализация қилиниши соҳасидаги давлат назоратини таъминлаш, шунингдек бундай маҳсулотларнинг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклашга, уларнинг салбий таъсири профилактикасига, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган давлат дастурларини амалга ошириш; алкоголь ва тамакига қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш; алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсири профилактикаси, шунингдек алкоголь ва тамакига қарамлик диагностикаси ҳамда уни даволаш соҳасидаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш; соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш ва уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга қаратилган профилактика, маърифий тадбирларни амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг кенг иштирок этиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш белгилаб берилди.
Кези келганда таъкидлаш жоизки, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари инсон организмига, унинг насл-насабига ўта салбий таъсир этиши баробарида уларни истеъмол қилиш меҳнат унумдорлиги ўсиши, меҳнат интизомининг мустаҳкамланиши, аҳолининг маданий савияси ошиши кабиларга жиддий равишда тўсқинлик қилади. Оила даромадини камайтириб, унинг бюджетига путур етказади, оилада фарзандлар тарбияси учун муҳим бўлган тегишли маънавий муҳитни шакллантиришга кескин зарба беради. Шунингдек, бу муаммо ҳозирги замон реал экологик ва ижтимоий шароитларида алоҳида эътиборни талаб қиладиган ўта салбий омил ҳисобланади. Фақатгина, давлат даражасида қатъий, қонуний профилактик чоралар кўриш орқали, ушбу зарарли одатларнинг олдини олиш мумкин.
Эътироф этиш жоизки, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишни тўлиқ тақиқлаш мумкин эмас. Бу турли қўлбола маҳсулотларни истеъмол қилишга олиб келади, аҳоли соғлигига ва мамлакат иқтисодиётига янада кўпроқ зиён етказади. Шу нуқтаи назардан, Қонунда 20 ёшга етмаган ёшлар учун белгиланган нормалар пухта ишлаб чиқилган.
Хорижий давлатлар тажрибасига кўра, 20-21 ёшга тўлмаган шахслар томонидан алкоголь истеъмол қилиш ва тамаки чекишни чеклашга оид қоидалар Япония, АҚШ, Исландия, Миср, Норвегия каби қатор давлатлар қонунчилигида қатъий белгиланган.
Мамлакатимизда ҳам алкоголь ва тамаки маҳсулотларини 20 ёшга тўлмаган шахс¬лар учун сотиб олишни тақиқлаш ҳамда ушбу маҳсулотлар истеъмолини шу ёшдагилар учун чегаралашни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши айни муддао бўлди.
Янгидан- янги дори-дармонлар қанчалик кўпаймасин, тиббий муассасалар сони ва сифати, шифокорлар савияси ва тиббий техника сифати қанчалик яхшиланмасин, агар фуқаро ўз саломатлиги тўғрисида қайғурмаса, кутилган натижага эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир.
Қонуннинг қабул қилиниши аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим қадам бўлди ва Ўзбекистон Республикасида фуқаролар соғлиғини сақлашга оид давлат сиёсатини белгилайдиган мавжуд қонунчилик базасини тўлдирди. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган турли асоратларнинг, касалликларнинг, ўлим ҳолатларининг, айрим хавфли ўсма касалликлари (айниқса, нафас тизимида учрайдиган хавфли ўсмалар)нинг, қолаверса, туғма ва оғир ногиронликнинг камайишига олиб келади ва пировардида, миллий генофондимиз саломатлигини мустаҳкамлашнинг, келажак авлодларимизнинг ҳар томонлама — ҳам жисмонан, ҳам ақлий жиҳатдан соғлом, юксак интеллектуал салоҳият эгаси бўлиб улғайишининг кафолати бўла олади.
Маҳмуд БОПИЛОВ,
Навоий вилоят Кенгаши депутати

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.