СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШ АСОСЛАРИ

СОҒЛОМ  ОВҚАТЛАНИШ  АСОСЛАРИ 				СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШ АСОСЛАРИ
Мажид НАЖИМОВ,
Дилафрўз ҲАКИМОВА,
Вилоят Аҳоли репродуктив Саломатлик маркази шифокорлари

Соғлик- донолар учун давлат. Соғлом бўлиш учун бадавлат бўлиш шарт эмас. Яъни камбағал бўла туриб соғлом бўлиш ёки бой-бадавлат бўла туриб соғлом овқатланиш билимларини билмаслик натижасида хасталикларга дучор бўлиш мумкин.
Соғлом бўлиш учун энг аввало тўғри овқатланиш зарурлигини унутмаслик керак. Соғлом ва тўғри овқатланишнинг 12 та принципи мавжуд бўлиб, улар хилма-хил овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш, кун давомида бир неча маротаба маҳаллий шароитда етиштирилган ҳар хил турдаги янги мевалар ва сабзавотларни тановвул қилиш, нон ва дон маҳсулотларини истеъмол қилиш, ҳайвон ёғлари ўрнига ўсимлик ёғларини истеъмол қилиш, ёғли гўштлар ва гўшт маҳсулотлари ўрнига кўпроқ ёғсиз гўшт, балиқ, парранда гўшти ва дуккакли маҳсулотларни истеъмол қилишдан иборатдир.

Таркибида ёғи кам бўлган сут ва сут маҳсулотлари ҳамда таркибида ёғ моддалари ва туз кам бўлган йогурт ва пишлоқларни, шакар ва қанд ўрнига таркибида қанд моддаси камроқ бўлган маҳсулотларни истеъмол қилишга одатланинг. Сутка давомида истеъмол қилинадиган туз миқдори 5 граммдан ошмаслигини қатъий назорат қилиш, чой ўрнига табиий шарбатлар, шакарсиз компотлар ёки қайнатилган сув истеъмол қилиш ҳам ана шу принципларга киради. Чойни овқат билан истеъмол қилмаслик тавсия этилади. Таомларни кўпроқ қайнатиб, буғлаб тайёрланг. Бу овқатнинг хавфсизлигини таъминлаш билан бирга унинг таркибидаги ёғ, мой, туз ва шакар миқдорини камайтиришга кўмаклашади.
Чақалоқларни 6 ойлик бўлгунга қадар фақат кўкрак сути билан боқиш зарур. Кейинчалик она сути билан боқишни сақлаган ҳолда аста-секинлик билан қўшимча овқатлар беришга ўтиш лозим. Принципларнинг яна бир муҳими шуки, вазнни меъёрида сақлаш учун ҳар куни жисмоний машғулотлар ва жисмоний фаолиятлар билан шуғулланиш албатта керак.
Шу ўринда парҳезлик хусусиятлари бўйича озиқ-овқатларни қуйидагича таснифлаш мумкин: Вазнни камайтирувчи маҳсулотлар - деподаги ёғни ҳайдовчи доривор моддалари бўлган карам ва турли сабзавотлар, антидиабетик - яъни мони ва дисахаридсиз, лейцинга бой маҳсулотлар, антиоксидантли, протеторли маҳсулотлар яъни мевалар, сабзавотлар ва уларнинг шарбатлари, антихолетеринли маҳсулотлар – сабзавотлар, ёнғоқ, ўсимлик мойлари, антианемик маҳсулотлар – сут маҳсулотлари, ёғсиз гўшт, балиқ, тухум, сабзавотлар ва мевалар.
Соғлом бўлишни истасангиз, овқат пархезлик хусусиятлари ва овқатланиш маданиятига риоя қилинг.
Зеро доноларимиздан ҳам бу борада “Улуғ одамлар ҳамиша таомда тийилганлар”, “Ҳазм бўлмаган таом уни еган одамнинг ўзини ейди”,”Пархез таомларнинг таъсири давомли, дори-дармонларнинг таъсири эса ўткинчидир” деган кўп ўгитлар қолган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.