ДАРД БОРКИ, ДАВО БОР...

Соғликдек бойлик йўқ
ДАРД БОРКИ, ДАВО БОР...
Бу дунёга келган ҳар бир инсон умид билан яшайди. Орзу ва мақсадлари сари интилади, югуради, елади. Айниқса, болажон ўзбек аёлларимиз ўзини унутса унутади, аммо фарзандлари тақдири ҳақида қайғуришни унутмайди. Соғлигини ўйлаб ҳам кўрмаган кунларнинг бирида бехосдан келган дард, иродани синдириб тушкунликка тушириши ҳеч гапмас... Бундай синовларда фақат мустаҳкам иродали, сабр тоқатли, ҳаётни севган ва албатта шифо топишига ишонган кишиларгина ғолиб бўлади. Вилоят онкология диспанцерида даволанаётган беморларнинг юз кўзида ана шундай эртанги кунга ишонч ва умид борлиги шифокорлар меҳнатининг самарасидир.
-Бир пайтлар вилоят онкология диспанцери болалар боғчасига мосланган бинода жойлашган эди,- дейди бемор Дилрабо Тошева. Каридор торлиги учун бир томонга “кушетка” қўйилган бўларди унга учта одам базўр сиғарди... Кейин Кармана ҳудудидаги бинога кўчирилди. У ерда ҳам гигиеник хоналар учун ташқарига чиқилар, аҳвол аянчли эди. Бугун- чи?.. Навоий шаҳри марказида жойлашган, барча имкониятларга эга диспансерда 70 ўринга мўлжалланган стационар, 150 қатнов қабул қилувчи маслаҳат поликлиникаси эл хизматида. Хоналар кенг, ёруғ, канализациялаштирилган, иссиқ ва совуқ сув келиб турибди. Шифокорларнинг хушмуомаласи жонингга ҳузур бағишдайди. Ахир уларнинг бир оғиз сўзи инсон умрини ҳал қиладигандек қудратли туюлади бизга... Мутахассислар, ўсма касалликларини даволаш имкони борлиги, замонавий аппаратлар ёрдамида шифо топиш юқорилигини таъкидлашади.
Вилоят онкология диспанцери ҳақиқатан ҳам бугун янгитдан қуриб битказилди, хориждан келтирилган тамография, рақамли мамография, эндескопия, бронхоскопия, коноскопия, ренген сингари илғор тиббиёт техникалар билан жиҳозланди. Врач ва ҳамшираларнинг билим ва савияси оширилди, ривожланган мамлакатларда тажриба алмашиб келинди.
Даволанувчи таъкидлаганидек, замонавий аппаратлар ёрдамида беморлар саломатлиги тез тикланаётгани, оғриқлар олди олинаётгани бор гап.
- Хитойдан келтирилган мамография аппарати сут безларидаги хавфли ўсмаларни эритади,- дейди Туркиянинг Анқара шаҳрида тажриба ўтаб келган мамолог шифокор Комилжон Ҳасанов. -Ушбу ускуна ёрдамида 90 фоиз ўсма касалликларининг олдини олишда яхши самарага эришиляпти. Таъкидлаб ўтиш керакки, кўкрак бези саратони эркакларда ҳам учраяпти. Шунинг учун сут бези атамаси ўрнига кўкрак бези, деб аталмоқда. Ачинарлиси, хасталик аввал катта ёшда учраган бўлса бугун 25 ёшлиларда ҳам кузатиляпти. Бунинг олдини олиш учун 25 ёшдан УЗИ, 40 ёшдан кейин эса мамография аппаратида текширувдан ўтиб туриш керак.ДАРД БОРКИ, ДАВО БОР...
Қўққисдан юз берадиган ўсма касалликларининг болаларда ҳам учраётгани мутахассисларни ташвишлантирмай қўймайди. Қариндош уруғлар ўртасидаги никоҳ, атмосферада радиациянинг кўплиги, турли концероген моддалар билан ҳавонинг ифлосланиши, истеъмол қиладиган овқат, ичимликларда концероген мавжудлиги каби ташқи экзоген омиллар бунга сабаб бўлмоқда экан.
- Кундалик овқатланиш рационида мева сабзавотлар, кўкатларнинг ўрин олиши, доимий жисмоний ҳаракат, спорт билан шуғулланиш, ичиш, чекиш каби турли зарарли одатлардан холи бўлиш онкологик касалликлар хавфини камайтиради,- дейди поликлиника бош ҳамшираси Шаҳноза Шарипова.- Аввало, танада руҳ соғлом бўлса, жисм ҳам саломат бўлади. Шу боис, инсон ўз руҳиятини бир маромда сокин тутиши, ортиқча асабийликлардан сақланиши, табиати тўғри келмас одамлар билан мулоқотда бўлмаслиги, ўзи ёқтирган машғулотлар билан шуғулланиши, бетоб бўлганда ўзича даволанмай мутахассисга кўриниши лозим.ДАРД БОРКИ, ДАВО БОР...
Поликлиникадаги таҳлил бўлинмасида цитология, биохимия, клиник таҳлил хоналари мавжуд. Бир пайтлар бир, икки нафар ходим ишлаган бўлимда бугун ўндан ортиқ мутахассислар фаолият кўрсатади. Онкологик касалликларнинг бирламчи белгилари қандай кечади, одам ўзида юз берган ўзгаришларни қандай аниқлаши мумкин, каби савол билан таҳлил бўлими бошлиғи, 25 йиллик тажрибага эга шифокор Ҳафиза Отамуродовага мурожаат қилдик.
-Бундан 5, 6 йил аввал биокимёвий текширувлар қўлда текшириларди,- дейди суҳбатдошимиз.- Бу албатта касаллик турини аниқлашда қийинчиликлар туғдирарди. Ҳозирги биокимёвий анализаторда қоннинг таркиби текширилса, эфоанализаторда онкомаркерлар, гармонлар ҳолати аниқлади. Циталогик текширувда ҳужайралар нормал ҳолати кузатилади. Электрон микраскопнинг реактивлиги билан 15 дақиқада жавоб чиқади. Бу аппаратлар 99 фоиз тўғри ташхиз қўйиш имконини беради. Одам танасида пайдо бўлган битмас яралар, тўпланиб қолган суюқликлар, сут безида пайдо бўлган тугунларни сезганда албатта шифокорга мурожаат этиш зарур. Хавфсиз ўсма касаллиги бўлса хавфли турга киришининг олди олинади, ўз вақтида даво муолажалари қилинади.
Соф ўзбек тилида сўзлаётган врач онколог Александр Алексеевич Гайнитдинов сўнгги инновацион даволаш услублари билан бир қаторда, республикамизда жорий этилган ягона электрон тизим ҳақида гапириб берди. ДАРД БОРКИ, ДАВО БОР...
-Туман даражасидан тортиб республикагача бўлган кўламда онкологик беморлар бўйича маълумотларнинг ягона электрон ахборот базаси яратилди,- дейди у. - Ушбу базанинг яратилиши натижасида, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аниқланаётган онкологик касаллик билан оғриган беморлар ягона тизимда ҳисобга олинади ва текшириш, даволаш, кузатув ишларини доимий назоратга олиш имконини беради. Шунингдек, сут бези ва бачадон бўйни саратони бўйича профилактик кўриклар ва скрининг текширувлари ўтказилиши натижасида сўнгги йилларда касалликнинг 1-, 2- босқичларида эрта аниқлаш фоизи қарийб икки маротаба ортишига эришилди.
Тоза озода хоналарда даволанаётган беморларнинг кайфияти яхши. Чиройли жойда соғликнинг тикланиши ҳам осон кечса керак- да. Қолаверса, касалхона ҳовлисига тароват бағишлаган дарахт ва гуллар яшнаб турибди. Бир сўз билан айтганда, бу ютуқлар, ҳукуматимиз томонидан тиббиёт соҳасини ислоҳ этишдаги сайъй ҳаракатларнинг натижаси, амалдаги исботидир.
Ҳилола ИСМАТОВА

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.