ГЎЗАЛ БЎЛИШНИ ИСТАЙСИЗМИ?..

ГЎЗАЛ БЎЛИШНИ ИСТАЙСИЗМИ?..
унда ушбу маслаҳатлар СИЗ учун! ГЎЗАЛ  БЎЛИШНИ  ИСТАЙСИЗМИ?..
Файласуфлардан бири дунёда хунук аёлнинг ўзи йўқ, фақат гўзал бўлишни билмайдиганлар бор, деган экан. Ҳақиқатан ҳам шундай. Гўзаллик деганда кўпчилик чиройли кийинишни кўз олдига келтиради. Аммо гўзал бўлиш учун пардоз-андоз ва чиройли кўйлакнинг ўзи камлик қилади. Жозибадорлик ва гўзалликнинг бошқа бир қанча қоидалари бор.
Тўғри овқатланишда ҳам гўзалликнинг сири бор. Маълумотларга қараганда бодом хотирани мустахкамлайди. Ҳар куни ухлашдан аввал 1 стакан сутга озгина бодом ёғини қўшиб ичсангиз, тез орада хотирангиз олдингига нисбатан анча яхшиланганини сезасиз. Қолаверса, бодом ёғини уй шароитида ҳам тайёрласа бўлади. Бунинг учун бодомни пўстлоғидан тозалаб, майдаланг ва устига шакар қўшилган сув солинг.
Ортиқча вазн соғлиқ учун жуда хавфли. Озишнинг энг самарали усули эса камроқ овқат тановул қилиб, кўпроқ ҳаракатда бўлишдир. Шунинг учун пиёда юришдан эринманг ва кечки овқатга мевалар билан чеклансангиз яхши бўлади.
Шакар аёл организми учун энг керакли маҳсулот ҳисобланади. Аммо ундан ҳаддан зиёд фойдаланиш ҳар хил муаммоларни келтириб чиқаради. Организмни керакли шакар миқдори билан озиқлантириш учун кўпроқ мевалар тановул қилинг. Масалан, лимон таркибида қулупнайга нисбатан кўпроқ шакар мавжуд.
Атиргул фақат гўзаллик эмас, балки саломатлик тимсоли ҳамдир. Ўрта арсларда Европа аҳолиси атиргул дамламаси ёрдамида шамоллаш, тиш оғриғи ва оғиз бўшлиғи билан боғлиқ бўлган касалликларни даволашган. Бугун дорихона ва айрим дўкон расталарида атиргул ёғини учратиш мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ёғ хотирани мустаҳкамлаб, турли яллиғланиш ва вирусли касалликларга қарши курашади.
Кўпчилик макаронлар семиртиради деб ўйлайди. Аслида ундай эмас. Чунки 100 грамм макарон таркибида атиги 13% оқсил бор, қолаверса унинг таркибидаги крахмал моддаси тез ҳазм бўлади. Демак, макаронлар семиришга эмас, озишга ёрдам беради.
Шунингдек, ранглар ҳам кайфиятга ўз таъсирини кўрсатади. Масалан, қизил рангдаги мева-сабзавотлар кайфиятни кўтаради. Тўқ сариқ рангдагилар қувноқликни оширади. Сариқ ранглилар дангасаликни енгади. Тўқ кўк рангдагилар тушкунликни енгишга ёрдам бераркан.
Рухшуносларнинг таъкидлашича, 30 ёш аёллар учун энг хавфли ёш бўлиб, айнан мана шу ёшда аёлларда руҳий тушкунликка тушиш хавфи ортади. Бунинг сабаби кимдир ёш оила қуриб, бола-чақа ташвишида шу ёшга келиб қўлидан хеч қандай иш келмаслигини ва тўлиқ эрига қарам бўлиб қолганини англаб хафа бўлса, яна кимдир каръера билан бўлиб, шу вақтгача оила қурмаганидан ташвишда. Хуллас, 30 ёш қўрқувини енгиш учун аёлларга ҳаётга бошқача назар билан қараб, ҳали ҳаммаси олдинда эканлигига ишонч ҳосил қилиш тавсия этилади.
Ўзгалар сизга яхши баҳо беришини истасангиз, аввал ўзингизга бўлган ҳурматни оширинг. Бунинг учун «Мен ўзимни яхши кўраман!», «Мен бу ишга лойиқман!» ва «Бу вазифаларни аъло даражада бажара оламан», дея такрорланг. Оппоқ қоғозга ана шу сўзларни такрор-такрор ёзишдан эринманг. Бир қарашда оддий бўлиб кўринган бу сўзлар қисқа муддатда руҳий аҳволингизни яхшилаб, ўзингизга бўлган ишончни кучайтиради.
Яна бир муҳим маслаҳат. Гўзаллик қурбонликни талаб қилади. Фақат ҳомиладорлик чоғида эмас. Шифокорлар фарзанд кутаётган аёлларга баланд пошнали пойабзалларни четга суриб қўйишни тавсия этишади. Агар бу қоидага амал қилсангиз, келажакда радикулит ва невралгия хасталикларидан ўзингизни асраган бўласиз.
«Ғалаба қозонишни истасангиз, доим табассум қилинг» дейди мутахассислар. Бу гапда жон бор. Ишда ва шахсий ҳаётда омадга эришмоқчимисиз, унда табассум ҳақида унутманг.
Аёлнинг энг яхши қуроли бу – самимийлик. Ҳар қандай вазиятда ҳам самимийликни йўқотманг. Айниқса бугунги кунда бу жуда зарур.

Муаззам БОЗОРОВА,
Ҳабиба ҲАСАНОВА,
Вилоят Аҳоли репродуктив саломатлик маркази шифокорлари

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.