Шифокор маслаҳати СОҒЛИГИНГИЗГА БЕПАРВО БЎЛМАНГ...

Шифокор маслаҳати
СОҒЛИГИНГИЗГА БЕПАРВО БЎЛМАНГ...Шифокор маслаҳати  		      СОҒЛИГИНГИЗГА   БЕПАРВО  БЎЛМАНГ...
Кейинги йилларда иқлим ўзгариши, экологиянинг бузилиши инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Кўп учрайдиган хасталиклар қаторига қон босими ошишини қўшиш мумкин. Қон босими ҳаммада ҳар хил бўлади. Ким учундир 100/60 қон босими ўртача ҳисобланса, бошқалар учун эса бу жуда паст саналади. Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг нормаларига кўра, 120/80 дан 160/95 гача бўлган қон босими нормал ҳисобланади. Қон босими 140/90-160/95 чегарасида бўлса, бундай кишиларда гипертоник касалликка чалиниш хавфи юқори ҳисобланади.
Қон босими ошган беморларда бош оғриб, айланиши кузатилади. Оғриқ асосан энса соҳасида бўлади, баъзи ҳолларда кўзлар қизариши ҳам мумкин. Беморнинг кўнгли айниб, қон босими жуда кўтарилиб кетганда қайт қилади, юрак соҳасида оғриқ сезади. Юрак тез уриши, қизиб кетиш, нафас етишмаслигини ҳам кузатиш мумкин.
Асосан ёш ўтиши билан ортиқча вазнга эга бўлган, спиртли ичимликлар ичувчиларда, чекувчиларда, шунингдек, тузламаларни кўп истеъмол қиладиган ва камҳаракатли кишиларда қон босими ошиш хавфи юқори.
Шунинг учун ҳар беш кишининг биттасида гипертония, яъни қон босими ошиши кузатилади. Кўпчилик қон босимини вақтинча туширсам бўлди, даволаниш шарт эмас, деб ўйлайди. Аммо бу хасталик билан ҳазиллашиб бўлмайди. Юқори қон босими билан йиллаб яшаш мумкин, аммо унинг ошиши оқибатида кичик артериялар шикастланиб, касаллик мия инсульти, миокард инфаркти, юрак ва буйрак фаолияти етишмовчилиги, кўз пардаси кўчиши ва ҳатто кўз кўрмаслигига ҳам олиб келиши мумкин. Гипертонияни тамоман даволаб бўлмагани сабабли уни доимий равишда муолажа қилиб юриш зарур.
Қон босими жисмоний хусусиятлардан келиб чиққан ҳолда ўзгариб туради. Жисмоний меҳнат, ҳаётий ташвишлар пайтида у кўтарилса, уйқу ва дам олиш чоғида аксинча, тушади. Шунинг учун ҳам қон босимини ўлчаб туриш шарт.
Ортиқча вазн ҳам қон босими ошишига олиб келади. Қон босимингиз юқори бўлса, туз истеъмолини камайтиринг. Турли тузлама ва дудланган маҳсулотларни эса умуман истеъмол қилмаган маъқул. Туз танада суюқлик йиғилиб қолишига ва танада шиш пайдо бўлишига олиб келади. Юракни мустаҳкамловчи магний ва калийга бой маҳсулотлар яъни қуритилган мевалар, гречка, дуккакли ўсимликлардан истеъмол қилинг. Шунингдек, турли ҳайвонот ёғлари истеъмолини камайтириб, улар ўрнига ўсимлик ёғларидан фойдаланинг. Айниқса, зиғир ёғининг фойдаси катта.
Энг муҳими, жисмонан фаоллик жуда фойдали.
Унутманг, кўп асабийлашадиган одамларда қон босими ошиши кўп кузатилади. Саломатлигингизни асранг. Ўзингизни кўп толиқтирманг ва асабларингизни асранг.
Қон босимингиз кўтарилганда, энг аввало шифокор тавсия қилган дорини ичинг ва ярим соат мобайнида ўрнингиздан турманг.
Гипотензив дорилар узоқ муддатга узлуксиз қабул қилиш учун буюрилади. Шу сабабли дорини қабул қилишни ўзбошимчалик билан тўхтатманг. Кийик ўти, аччиқ кўк чой дамлаб ичинг.
Қон босимингизни ўлчаб туринг. Агар у икки соат мобайнида тушмаса, зудлик билан «Тез ёрдам» чақиришни унутманг
.
Мажид НАЖИМОВ,
Вилоят Аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.