ЙИҒЛАМАГАН АЁЛНИНГ КЎЗЛАРИ ГЎЗАЛ БЎЛМАЙДИ

ЙИҒЛАМАГАН  АЁЛНИНГ  КЎЗЛАРИ  ГЎЗАЛ  БЎЛМАЙДИЙИҒЛАМАГАН АЁЛНИНГ КЎЗЛАРИ ГЎЗАЛ БЎЛМАЙДИ
НИКОҲСИЗ ТУҒИЛГАН ГЎДАК
Дилноза ҲАЙДАРОВА

Софи Лореннинг турли ёшдаги фотосуратларига назар солар эканмиз, унинг мисолида умрбоқий гўзаллик тимсоли намоён бўлади. У 27 ёшда Италиянинг энг гўзал аёли эди, 50 ёшида қандай қилиб гўзалликни асраб қолиш борасидаги маслаҳатларини китоб қилиб чоп этди, 65 ёшида эса “Дунёнинг энг жозибали аёли” мақомига эга бўлди. 72 ёшида машҳур “Пирелли” календари учун суратга тушди.
Софи Лорен ҳаётда ҳамма нарсага: оилавий бахт, шон-шуҳрат ва бойликка эриша олди. Аммо у ўз интервьюларидан бирида “Йиғламаган аёлнинг кўзлари ҳеч қачон гўзал бўла олмайди” деб бекорга айтмаган эди...
Римдаги Қиролича Маргарита касалхонасининг хайрия бўлимидаги ҳамшира 1934 йил 20 сентябрь санаси билан уни “никоҳсиз туғилганлар” қаторига қайд этди. Бу билан болакайнинг тақдири аввалдан белгилаб қўйилгандек эди.
Чақалоқнинг онаси Ромильдо Виллани католик черкови қонунларига кўра, болага оналик ҳуқуқини даъволик қила олмас ва уни черков қошидаги етимхоналардан бирига топшириши шарт эди. Қизалоқ мўъжиза туфайли бу қисматдан омон қолди. Унинг отаси Риккардо Шиколоне узоқ мулоҳаза ва ҳатто, таҳдидлардан сўнг қизига ўз фамилиясини беришга рози бўлди.
Қизга “донолик” маъносини берувчи София исмини қўйишди. Туғилиши билан София онасини эмишдан бош тортди, сигир сутини эса ошқозони кўтара олмади. Онаси ижарада турган уй бекаси қашшоқлик келтирувчи бу болани ташлаб кетишга уни кўндирмоқчи бўлди. Аммо Ромильдо ҳеч кимга қулоқ солмай чақалоғи билан онасининг олдига, Пиццуолига кўчиб кетди. Кампир охирги маблағига эмизикли аёл топиб, Софиянинг ҳаётини сақлаб қолди.
“ТИШКОВЛАГИЧ”
Неополдан унча узоқ бўлмаган Пиццуоли шаҳри одамлари Италиянинг бошқа ҳудудларида яшовчи аҳолига нисбатан ўзига хос гапириш оҳанги билан ажралиб турарди. Улар баланд овозда гапиришар ва доим қўллари ҳаракатда бўларди. Ноодатий бўлган барча нарса уларда кескин қаршиликка учрарди. Бунга муносабат билдиришда эса одамгарчилик чиқиб кетишарди.
5 рақамли уйда турувчи никоҳсиз туғилган Софияни қўшнилар тўғридан-тўғри мазах қилишарди. Унинг нафақат дунёга келиши тарихи, балки ташқи кўриниши ҳам бунга сабаб бўларди. Кейинчалик биринчи рақамли гўзалга айланган қизалоқ чиндан ҳам болалигида беўхшов ташқи кўринишга эга эди. Кичкина бзидаги катта-катта кўзлари, бурни ва гўштдор лаблари ғалати кўринарди. Ҳаддан ортиқ озғинлиги учун қўшни болалар унга “ тишковлагич” деб лақаб қўйишганди.
Софиялар оиласи жуда қашшоқ эди. Интервьюларидан бирида Софи Лорен: “Агар киши қашшоқ бўлиб туғилган бўлса, шундай бўлиб қолади- доим эришган нарсасининг қадрига етади. 10 ёшимда туйган очлик ҳиссини ҳеч қачон унутмайман”, деган эди.
Софиянинг онаси Ромильдо ҳам ёшлигида жуда гўзал эди. У ҳатто, машҳур атриса Грета Гарбо қиёфадошлари танловида ғолиб бўлганди. Аммо ҳомиладорлиги унинг актриса бўлиш орзуларини чипакка чиқазганди. Шу сабаб ушалмаган орзулари рўёбини қизида кўришни истарди. Биргина Ромильдо қизи “тишковлагич”да ўзгача жозибани кўра олди. Чиндан ҳам 14 ёшларда София анча кўркамлашди. Унга илк бор мактабдаги бадиий гимнастика ўқитувчиси севги изҳор қилиб, турмушга чиқишга таклиф қилди.
“Унинг сочлари қўнғир, кўзлари мовий эди,-деб эслайди Софи. – Мен эса кулиб, бунинг учун, аввало, онам билан танишишни маслаҳат бердим. Онам эса уни уйига қайтариб, совуқ душ қабул қилишини айтибди.”
( Давоми бор.)

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.