ЮКСАК ТАРАҚҚИЁТ ВА УЛКАН ҲАЛОКАТ НУХ ТОШҚИНИ – АФСОНАЛАР ҚАТИДАГИ ҲАҚИҚАТ

ЮКСАК ТАРАҚҚИЁТ ВА УЛКАН ҲАЛОКАТ НУХ  ТОШҚИНИ – АФСОНАЛАР ҚАТИДАГИ ҲАҚИҚАТ ЮКСАК ТАРАҚҚИЁТ ВА УЛКАН ҲАЛОКАТ
НУХ ТОШҚИНИ – АФСОНАЛАР ҚАТИДАГИ ҲАҚИҚАТ
Фарида ҚОРАҚУЛОВА,
Журналист

(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).
Авестода ёзилишича илоҳий зот Ахурамазда Йимани (ҳиндларнинг “Веда” китобида у Йами, хитой битикларида Йен Ван) ер юзидаги барча жонзотни ҳалок этгувчи хатардан огоҳ этиб, баланд тоғ чўққисидаги ғорда жон сақлашни буюради. Шу тариқа Йима ва жамики ҳайвонларнинг бир жуфти омон қолади.
Айниқса Хиндистонда улкан ҳалокат туфайли ер юзидан бутунлай йўқ бўлиб кетган ақл бовар қилмас даражада ривожланган цивилизация ҳақида маълумот берувчи манбалар кўплаб учрайди. Шунингдек, бу ерлик халқ орасида Ҳинд океани тубида қолиб кетган тараққиёти юксак, жаннатмонанд “ватанлари” ҳақидаги ривоятларни ҳам тез-тез эшитиш мумкин. Ҳиндларнинг қадимий китоби “Маҳобҳорат” ўз моҳиятига кўра, тарихчи олимлар томонидан қимматли тарихий манба дея эътироф этилади. Унда улкан сув тошқини ва уни келтириб чиқарган сабаблар батафсил ҳикоя қилинади. Ману исмли раҳм – шафқатли одам тасодифан кичкина бир балиқчани тутиб олиб, у билан ўз фарзандидек муамолада бўлади. Балиқчани аввал кўзада, кейинроқ ҳовузда боқиб катта қилгач, унинг илтимосига кўра, муқаддас Ганг дарёсига қўйиб юборади. “Яхшилик қил дарёга ташла балиқ билади, балиқ билмаса ҳолиқ билади” деган мақол балки ўша замонлардан қолган бўлса ажабмас. Унинг яхшилигига жавобан бир куни балиқ унга ер юзини буткул йўқ этгувчи хатардан огоҳ этиб, катта кема қуришни ва браҳманлар тавсия этган ўсимликлар уруғидан олишни маслаҳат беради. Ману балиқ шохига қўшилган кемада узоқ сузади ва ниҳоят Ҳимолой тоғининг чўққисига бориб тўхтайди. Бу чўққи ҳозирда Набандана, яъни “Кема боғланган” деб аталади. Аслида Мануни балиқ қиёфасидаги браҳман қутқариб қолган экан. Янги Зеландия халқларининг буюк ҳалокат ҳақидаги оғзаки ижоди бошқа халқларники билан мазмунан бир хил бўлса-да, турфа ва ранг-баранг табиат оламидан келиб чиққан ҳолда бўлса керак, ёрқин бўёқларга бой тарзда ифодаланади. Яна бир муҳим жиҳати, улар ривоятларида ер юзининг ҳалокатига сув, олов ва зилзила каби офатлар комплекти сабаб бўлганлиги айтилади. Хусусан қадимий папуасларнинг эътиқодларига кўра, Ваба номли иблислардан бири келтириб чиқарган улкан ёнғин ер юзини ёндириб кул қилган. Кўкка қадар етиб борган оловнинг аёвсиз тиллари осмон қопқоғини ҳам куйдириб юборган. Натижада кеча-ю кундуз тинмай ёмғир ёғиб, ер юзи сувга ғарқ бўлган.
Дунёнинг кун чиқиш халқлари орасида ҳам шунга ўхшаш ёнғин билан боғлиқ улкан сув тошқини ҳақида маълумотларни учратиш мумкин экан. Хусусан, Японларнинг қадимий китобларидан саналган “Койи - Ки”да ёзилишича, император сулоласи сув тошқинигача яшаган одамларга бориб тақалади. Хитойнинг энг қадимий жойларидан саналган Хуанхэ ва Янцзи худудларида ҳам улкан ҳалокат ҳақида маълумот берувчи ривоятлар анчагина. Улардан энг машҳури қуйидагича хикоя қилади: “Сув тошқини ўзидан ёрқин нур таратадиган Кун-Кун деб аталувчи аждарҳо туфайли пайдо бўлди. У боши билан осмонни ушлаб турган устунни уриб йиқитди. Натижада осмон ерга қулаб тушиб, бутун олам сувга ғарқ бўлди”. Бу тафсилот Майя қабиласининг муқаддас битикларидаги “Улкан аждаҳо оғзидан ўт пуркаганича осмон билан бирга ерга қулаб тушди” деган сатрларга жуда ўхшашлиги кишини ажаблантиради. Ахир Америка қаерда-ю Хитой қаерда. Агар Америка худудидаги Майялар Хитойнинг Хуанхэ ва Янцзиликлари сингари ер юзидаги энг қадимий халқ эканлигини эътиборга оладиган бўлсак, бу икки тафсилотнинг бир-бирига айнан ўхшаш жиҳатлари биз излаётган ҳақиқатдан нишона эмасмикан? Африканинг бушмен қабиласи ва Шимолий Камерун халқларининг ровийлари ўз эртакларини , “ер мислсиз катта олов ва сув туфайли йўқ бўлиб кетиб, сўнг яна пайдо бўлган замонларда…” деб бошлайдилар.
Энди узоқдан ўзимизга яқин бўлган юртларга қайтайлик-да, уларнинг кўҳна ўлану достонларига қулоқ тутайлик. Туркий халқлар ўз авлодларига улкан ҳалокат хақида турли хил усул ва шаклда кўплаб хабарлар қолдирганлиги аниқ. Урол бўйида яшовчи туркийлардан бошқирд халқининг “Урол ботир” достонини оладиган бўлсак, унда улкан ҳалокат ва ҳаёт ўртасидаги кураш қуйидагича куйланади. Урол ботирнинг душмани Азроқ шоҳ сеҳрли таёқ кучи билан осмонни ёндириб, ерни сувга ғарқ қилади. “Осмон юзи олов билан қопланди, ерни буткул сув босди. Лекин Урол ўтдан ҳам, сувдан ҳам қўрқмасдан ер ва осмонни, чўкаётган инсонларни ҳимоя қилганича ойлаб, йиллаб курашди”. Олтойлик туркийларнинг халқ оғзаки ижодидаги Тангри Қайрахан ҳам Қурони Каримдаги Нуҳ, Инжилдаги Ной, Библиядаги Яҳва ва Урол ботир каби бошқа халқ қаҳрамонларидек инсоният нажоткори сифатида гавдаланади.
( Давоми бор).

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.