ЮКСАК ТАРАҚҚИЁТ ВА УЛКАН ҲАЛОКАТ

ЮКСАК ТАРАҚҚИЁТ ВА УЛКАН  ҲАЛОКАТГУЛДАСТА

ЮКСАК ТАРАҚҚИЁТ ВА УЛКАН ҲАЛОКАТ
НУХ ТОШҚИНИ- афсоналар қатидаги ҳақиқат
Фарида ҚОРАҚУЛОВА,
журналист

( Давоми. Бошланиши ўтган сонларда.)

Кўриниб турибдики, деярли барча халқ аждодлари бир овоздан курраи заминимиз ҳалокатини олов сабабли пайдо бўлган зилзила, тўфон ва сув тошқини келтириб чиқарганлигини айтишмоқда.
Наҳотки дунё халқлари оғзаки ижодидаги она сайёрамиз тақдири билан боғлиқ барча тафсилотларнинг бир- бирига айнан ўхшашлиги шунчаки тасодиф бўлса? Йўқ, дунёда ҳеч нарса шунчаки тасодиф бўлмайди, дейди ишонч билан археологлар. Тарихчи олимларнинг далилларига таянадиган бўлсак, қадимги аждодларимиз эртагу ривоятларни кўнгилхушлик учун эмас, балки тарихий манба сифатида сақланиши, оғиздан -оғизга кўчиб келгуси авлодларга етиб бориши учун ўзлари кўрган ва эшитган ҳаётий воқеалар асосида яратганлар.
Англиялик археолог Леонард Вулли 1927-1928 йилларда ўтмишда шумер-вавилонлар яшаб ўтган Евфрат бўйларида олиб борган қазишма ишлари давомида дастлаб бир неча метр чуқурликда тоза лой қатламига дуч келди. Унинг тагидан тарихий Ур давлати шаҳоншоҳлари тобутларининг қолдиқлари топилди. Лекин лой қатламлари орасида на одам суяклари, на бирор -бир турмушда қўлланиладиган буюм қолдиқларга ўхшаш ҳаёт излари бор эди. Вулли янада чуқурроқ ковлашга жазм қилди ва адашмади. Охири у ўзи ишонган ва кўришни истаган нарсани топди. Уч метрлик қалин лой қатламлари орасида энди керамика парчалари, суяклар ва қачонлардир мавжуд бўлган ҳаётнинг бошқа излари кўзга ташланди. Археологни қувонтиргани, улар Ур давлати даврининг қолдиқларига асло ўхшамасди. Текширишлар кутилган натижани берди: тахминан 5-10 минг йиллар аввал шумерлар давлатида кучли сув тошқини бўлиб ўтганлигига шубҳа қолмади.
Бу борада Хитойлик археологларнинг узоқ йиллар олиб борган машаққатли меҳнатлари ҳам бесамар кетмади. Хуанхэ худудининг чамаси 6 метр чуқурликдаги бир неча ер ости қатламидан сўнг қалин лой аралаш инсон ва турли жонзотларнинг чириган суяклари билан бирга жуда нафис шиша ва чинни парчалари, таркибида номаълум жисм аралаш мустаҳкам темир буюм қолдиқлари номоён бўлди. Лой қатлами қачонлардир мавжуд бўлган ҳаёт жараёни тугашига кучли лойқа сув оқими сабаб бўлганидан далолат берарди. Мутахассислар тахминан 7 минг йиллар аввалги бу давр жуда тараққий топган ва гуллаб -яшнаган деган хулосага келишди.
Сибирдаги мамонтлар қабристони ҳақида озми кўпми эшитганимиз бор. Ҳозирда ер юзидан бутунлай йўқолиб кетган бу баҳайбат жониворларнинг танаси табиий музхонада неча минг йиллардан буён яхши сақланган. Шу сабабли ҳам уларнинг организмини ўрганиш пайтида олимлар кўпгина диққатга сазовор янгиликларни кашф этди.
Жумладан, Д. Дайсон “Музликлар оламида” китобида мамонтлар билан боғлиқ масалага шундай изоҳ беради: “...Деярли барча мамонтларнинг таналари лойқа сув оқими қолдирган қум ва лой аралаш ҳолда топилди. Таналарининг устки қисми юпқа сув билан қопланганлиги сабабли ва кучли шамол таъсирида улар қаттиқ совуқ бошлангунга қадар айнимаган. Муз даври эса мурдаларни янада ишончли сақланишига замин яратган. Ҳайвонларнинг ошқозонларида ҳазм бўлишга улгурмаган овқат қолдиқлари мамонтлар кутилмаганда бир лаҳзалик ўлим топганларидан далолат беради ”. Археологларнинг диққатини мамонтлар қабристони жойлашган худудда топилган лой аралаш кул қатлами тортди. Кул массасининг ажабтовур миқдори қачонлардир бу ерларда бутун борлиқни ёндириб кул қилган катта ёнғин рўй берганидан очиқ далолат эди. Радиоуглерод анализи даҳшатли ҳодисанинг 12000 йил аввал бўлиб ўтганини кўрсатди.
( Давоми бор.)

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.