ЮРТИМИЗНИНГ МЎЪЖИЗАКОР МАСКАНЛАРИ

ЮРТИМИЗНИНГ МЎЪЖИЗАКОР МАСКАНЛАРИЮРТИМИЗНИНГ МЎЪЖИЗАКОР МАСКАНЛАРИ
Манзура АТАҚУЛОВА,
Навоий давлат педагогика институти
ўқитувчиси
Бекмурод РУСТАМОВ,
Табиий фанлар факультетининг
1-курс талабаси

Юртимизнинг ҳавоси, табиати, тарихий обидалари, жумладан, тоғу тошлари, ўрмонлари, шаршаралари-ю ғорлари, қўриқхоналари ва бошқа қатор кўз кўрса ҳайратланадиган мўъжизали манзиллари кўп. Айни баҳор фаслида сиз мўъжиза кўриш учун узоқ юртларга саёҳатга боришингиз шарт эмас, у шундоққина ёнимизда, ўз юртимизда. Табиатнинг инъом этган бу мўъжизалари сизни ҳайратга солишига ҳеч шубҳа йўқ. Ички туризмни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларга баҳо бериш эса сайёҳларга боғлиқдир.
Мамлакатимизнинг табиий ландшафт шароитида ноёблиги жиҳатидан улкан дарахтлар ҳам учрайди. Жумладан, Фарғона вилояти Олтиариқ тумани, Пўлкан қишлоғида ёши 500 йилга яқин бўлган садақайрағоч яшнаб турибди. Мазкур дарахтнинг баландлиги 40 метр ва танасининг айланаси 6 метрдан иборат. Садақайрағочнинг кенг ва тармоқланган шохлари улкан соя ҳосил қилгани боис дарахт жойлашган ер маҳаллий аҳолининг севимли масканига айланган.
Иссиқ иқлимли Ўрта Осиё шароитида қуюқ сояли чинорларни парваришлаш қадимдан одат бўлган. Шу боис, мамлакатимизнинг турли бурчакларида ёши 5-10 асрга тенг чинорларни учратиш мумкин. Айниқса, Фарғона водийси, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудида кўп асрлик чинорлар кўплаб сақланиб қолган. Жумладан, мамлакатимизда мавжуд чинорлардан энг кексаси ва йириги (ёши 1200 йил ва айланаси тахминан 26-27 метр) Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Хўжа илм кони қишлоғидадир. Маҳобати ва ёши жиҳатдан иккинчи ўринда турадиган чинор эса ( ёши 1000 йил, айланасининг узунлиги 22 метр) Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги Сайроб қишлоғида ўсиб гуркирамоқда. Шунингдек, Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги улкан чинорнинг ёши-700 ёш, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги чинор 500 ёш, Ургут туманидаги Юқори Чорчинор қишлоғидаги чинорнинг ёши эса 600 йилдан ошади.
Яна бир мўъжиза. Нурота тоғларидаги Чашма муқаддас зиёратгоҳ сифатида нафақат республикамизда, балки чет ел сайёҳлари ўртасида ҳам яхши маълум. Нур чашмасидаги сувнинг ҳарорати бутун йил давомида +19,5 даражага тенг. Сув таркибидаги 15 дан ортиқ микроэлементлар, жумладан, олтин, кумуш, бром, ёд кабилар чашма сувига нодир шифобахш хусусият бахш этган. Тангачалари бўлмаган қорабалиқ (маҳаллий аҳоли тилида "шоҳбалиқ") ҳам чашма суви каби муқаддас саналади. Таъкидлаш жоизки, заҳарли қопчага эга бўлган мазкур балиқни истеъмол қилиш инсон ҳаёти учун жуда хавфли. Ҳар сонияда 400 литр сув чиқадиган мазкур чашма ноёб ерости сув ариқлари орқали Нурота шаҳрини сув билан таъминлайди. Ушбу ерости ариқлари коризлар деб аталади.
Диққатга сазовор масканлардан яна бири Сурхон воҳасида Мочай дарёси бўйида жойлашган "Шифобулоқ" масканидир. Унинг бундай номланиши сувининг таркибида олтингугурт кўп. Шу ерда яшовчи маҳаллий аҳоли бу водород сулфидли сувдан тери касалликлари ва бошқа хасталикларни даволашда фойдаланмоқда. Бойсун мўъжизаларидан яна бири бу—"Ёнарбулоқ". Бу булоқ баланд қоялар пастида, тош-шағаллар орасидан муздай сув қайнаб чиқиб туради. Агар унга гугурт чақсангиз лов этиб ёнади.
Бундай мўъжизалардан ҳайратланмасдан илож йўқ. Бу ердаги маҳаллий аҳоли қишда (йўловчилар, чўпонлар) булоқни ёқиб, исиниб, кейин яна оловни ўчириб қўярканлар. Агар сиз бу мўъжизага ишонмасангиз Бойсун томон ҳозироқ йўл олинг.
Бу юртимиздаги мўъжизаларнинг ҳаммаси эмас, сизга айримлари ҳақида маълумот бердик холос. Булар бизнинг жаннатмакон юртда яшашимиздан далолат беради. Бу она табиатнинг бизга берган инъоми, уни асраб-авайлашимиз лозим.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.