Пресс тур 22 май –Халқаро биологик хилма-хиллик куни ҚУШ “ТИЛИ”НИ ТОПГАНЛАР

Тресс турПресс тур       22 май –Халқаро биологик хилма-хиллик куни	    ҚУШ  “ТИЛИ”НИ  ТОПГАНЛАР
Пресс тур       22 май –Халқаро биологик хилма-хиллик куни	    ҚУШ  “ТИЛИ”НИ  ТОПГАНЛАР
Пресс тур       22 май –Халқаро биологик хилма-хиллик куни	    ҚУШ  “ТИЛИ”НИ  ТОПГАНЛАР
Пресс тур       22 май –Халқаро биологик хилма-хиллик куни	    ҚУШ  “ТИЛИ”НИ  ТОПГАНЛАР
22 май –Халқаро биологик хилма-хиллик куни
ҚУШ “ТИЛИ”НИ ТОПГАНЛАР
Ёки қушларнинг никоҳ рақсини кўрганмисиз?
Болалигимиздан ота-боболаримиз “Қушлар бизнинг дўстимиз” дея уқтиришган. Бу сўзлар юрагимизга муҳрланиб қолган. Биз ҳам болаларимизга, набираларимизга бу меҳр қўшилган сўзларни такрорлашдан чарчамаймиз. Шу боисдан ҳам инсон боласи қушларга дўст бўлиб вояга етади. Уларга озор беришни гуноҳ деб ҳисоблайди. Яхшиликни қушлар ҳам ҳис қилади. Яхши-ёмон ниятимизни ҳам жониворлар кўзимиздан билади. Меҳримизни эса потирлаб турган жажжи юраклари билан сезишлари ҳам уларнинг кўнглимизга яқинлиги белгиси.
Қушлар... Уларнинг тури, зоти, номи, кўриниши, сайраши, патлари минг хил. Ер юзида қушлар беҳисоб. Биргина Ўзбекистонимизда 400 дан зиёд қуш турлари мавжуд. Энг гўзал, энг сайроқи қушларнинг Ватани- ЎЗБЕКИСТОН! Бу жаннатмонанд юртда дунёнинг энг чекка пучмоқларидан сон-саноқсиз қушлар учиб келиб яшашини жуда яхши биламиз. Улар нафақат ўлкамизнинг иссиқлиги учун, балки тинчлигимиз, осойишталигимиз учун айвонларимиз тўридан ин қуриб, полапонларини бемалол бизга ишониб яшайди. Шунинг учун ҳам қушларнинг тинч юртда қўним топишида улуғ ҳикмат бор.
Ана шундай қушлардан бири Йўрға тувалоқ. Вилоятимизда ана шу ноёб қушларни кўпайтириб, ёввойи табиат қўйнига учириш билан шуғулланадиган марказ фаолият кўрсатади. Юртимизнинг бетакрор табиати, иссиқлиги, ўзига хос кенгликлари бу қушнинг кўпайиши учун жуда мос иқлим ҳисобланади. Бу марказ Амирликларнинг Йўрға тувалоқни асраш маркази (АЙТАМ) деб номланади ва у Бирлашган Араб Амирлиги Вице-Президенти, Бош вазири, Дубай амирлигининг ҳокими Шайх Муҳаммад Бин Рошид Ол Мактум Жаноби олийлари ташаббуси билан 2008 йилнинг апрелида ташкил этилган.
Мазкур марказ фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва Амирликларнинг Йўрға тувалоқни асраш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган медиатурда бўлдик. Республикадаги бир қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган медиатур журналистларда жуда катта таассурот қолдирди.
Қуёшнинг айни тиғи тушадиган Самарқанд ва Бухоро оралиғида Кармана туманининг чўл ҳудудида жойлашган 300 гектар майдонни ташкил этган мазкур марказ дарвозасидан кираверишдаёқ бу ерда ноёб ва гўзал мавжудотлар парваришланаётганлигини ҳис этиш қийин эмас.
-Осиё йўрға тувалоғи йўқолиб кетиш хавфи остидаги қуш тури ҳисобланиб, Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқи томонидан “заиф” деб таърифланган,-дея изоҳ берди бизни марказда кутиб олган иш бошқарувчи Рустам Тўхтамуродов.- Бу қуш Марказий Осиёда кўпаядиган кўчиб яшайдиган қуш ҳисобланади. Бу ерда қушларни тутқунликда кўпайтиришнинг асоси- генетик хилма-хилликка эга бўлган қушларни ўзидан кўпайтиришга асосланган. –Генетик ва ишлаб чиқариш бошқарувини амалга ошириш учун Марказда йўрға тувалоқларни сунъий йўл билан кўпайтирилади. Қушларни сунъий кўпайтириш дастурига қўшимча қилиб, ёввойи популяцияни самарали мустаҳкамлашга эришиш мақсадида Марказ табиатдаги тувалоқларни экологик муҳитини кузатишни ҳам амалга оширади. Ушбу экологик ишлар бир неча йил аввал бошланган бўлиб, бу қушларнинг никоҳ рақси ва тухум қўйиш жойларини белгилаш, баҳор мавсумида тувалоқлар популяциясининг зичлигини аниқлаш, кўпайиш самарадорлигини кузатиш ва уларни озиқланиш жойларини баҳолаш билан бир қаторда генетик таҳлиллар учун биологик намуналар олишни ўз ичига олади.
Дарҳақиқат, марказдаги ишлар билан танишар эканмиз, бу йўрғаловчи қушларнинг шоҳона яшаётганлигига гувоҳ бўлдик. Чет элдан келтирилган кенг ва шинам қафаслар, худди замонавий клиникалардек тоза –озода инкубация хоналари ва асбоблари, ҳар бир қушга меҳрини бериб парвона бўлаётган қушбоқарлар, беминнат суви, дони, барча-барчаси уларнинг эркалик билан рақсларга тушишига, патларини ёйиб кўрган кишини ўзига мафтун этишига сабаб бўлаётганлигига гувоҳ бўлдик.
Қушларнинг яшаш жойи, қушчаларнинг инкубациядан чиқиши, озиқлантириш, уларни дастлабки парвариш қилиш жойлари, табиат қўйнига учишга тайёрланадиган жойларнинг алоҳида-алоҳида эканлиги жараённинг тизимли ташкил этилганлигини кўрсатиб турибди.
–Бу йил жуда баракали келди,-дейди марказ лаборанти Нилуфар Ҳусенова.- Ҳозирги мавсумда ҳар қачонгидан кўра кўп яъни 7816 дона тухум олинди. Бу ерда ўн йилдан буён ишлайман. Навоий тиббиёт коллежини тугатганман. Ёзнинг жазирама иссиқларидан қўрқмаймиз. Кимдир митти полапонларни парвариш қилишга, кимдир учишга тайёрланаётган қушларга, кимдир катта ота-она тувалоқларга парвона бўлишга одатланганмиз. Ишимиздан мамнунмиз. Ишга бориб-келишимиз, икки маҳал овқатимиз марказ ҳисобидан ташкиллаштирилган. Дам олиш хоналари мавжуд. Саломатлигимиз муҳофазаланган. Махсус иш кийимлари билан таъминланганмиз. -Бу ерда ишлаб нафақат қуш тилини ўрганиб олдик, балки инглиз тилини ҳам ўргандик. Ҳозир ҳаммамиз инглиз тилида худди ўз она тилимиздагидек бемалол гаплашамиз.
Дарҳақиқат, марказда узоқ йиллик ҳамкорлик лойиҳасига асосан масъул лавозимда ишлаётган франциялик Алла Deller хоним билан инглиз тилида сувдай шаррос гаплашаётган қушбоқар йигит-қизларга рости ҳавасимиз келди. Уларга махсус курсларда билим беришганмикин, дея юзландик. Нафақат, курслар балки, иш жараёнида француз хонимлар билан юзма-юз мулоқотда ўрганиб кетдик, дейишди улар баралла. Дастлабки кунларда таржимон орқали мулоқотга киришган, бугун эса чет эллик раҳбарлари билан равон тиллашаётган қишлоқ ёшларининг шижоатига қойил қолдик. Қуш тили- инглиз тили экан-да, дея ҳазиллашдик. Қушлар элларни -элларга, дилларни –дилларга боғлашга қодир гўзал мавжудот эканлигига яна бир карра амин бўлдик. Зеро, ана шу қушларнинг меҳри француз хонимни гўзал Париж кўчаларида эмас, айнан Маликчўл саҳросида яшашга ўргатди.
- Қушнинг жўжалари тухумдан 21 кунда очилади, -дейди қушбоқарлар бўлими масъули Дилрабо Ҳошимова.- Элликка яқин ишчи уларни ўн кунга қадар парваришлаймиз. Айни пайтда 750 та палапон бор.- Кейин 15-20 кун уларга қўлдан алоҳида-алоҳида овқат берилади. 20 кунлик бўлгандан кейин ўз насибаларини ўзлари териб ейишни ўрганишади. Улар бир ойлик бўлгандан кейин махсус кенг ва узун тунелларда учишга тайёрланади. 45 кунликдан 90 кунлик бўлгунча яъни август ва сентябрь ойларида табиат қўйнига учирилади. Барча қушлар ветеринар Санжар Исомиддинов раҳбарлигида 2 марта эмланади. Осмонга парвоз қилиши учун 5 та пати бўлиши кераклигини кузатамиз, учишга осон бўлиши учун диетага амал қилишларини таъминлаймиз.
Табиат қўйнига учирилган қушлар миграциядан сўнг, яна учиб кетган маконларига қайтиб келаётганлиги Ўзбекистондан биттагина дон еган чумчуқ Маккадан қайтиб келганлиги тўғрисидаги ҳақиқатни эслатиб туради.
-Йўрға тувалоқ заиф, қисқариб бораётган, учиб ўтувчи шарқий кенжа тур сифатида Қизил китоб рўйхатига киритилган, дейди- вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъул ходими Зубайда Душанова. -Ўзбекистон парваришхоналарида кўпайтириш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Исроил, Саудия Арабистони парваришхоналарида кўпайтирилмоқда. Муҳофаза чоралари кўрилган. Овлаш тақиқланган. Қарнабчўл буюртмахонаси ва “Жайрон” экомарказида муҳофаза остига олинган.
Йўрға тувалоқни асраш марказидан олинган маълумотларга кўра, 2012 йилдан буён шу вақтга қадар марказ томонидан 10 мингга яқин йўрға тувалоқ ёввойи табиатга учирилган.
Йўрға тувалоқлар гарчи қафасларда парваришланаётган бўлса-да, улар ўзларини тутқунликда эмас, эркин ва бахтиёр ҳис этишларини рақсга тушишлари, қанотларини ёйиб турли кўринишларга киришлари мисолида яққол кўриш мумкин. “ Қушлар бу ерга шунчалик ўрганиб қолганки, ҳозир қафасларни очиб қўйсак ҳам улар ҳеч қаерга учиб кетмайди”, дея суҳбатга аралашди қушбоқарлардан яна бири.
Ҳа, юртимизга меҳр қўйган гўзал қушларни кўриб, қуш “тили”ни топган ёшларнинг ўз ишларидан, ўз ҳаётларидан мамнунликларини кўриб, Ўзбекистон ана шундай бетакрор, ҳамкор дўстларга бағри кенг, улкан имкониятлар мамлакати эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Марказдаги митти қушларнинг мусиқий чуғури қулоғимиздан, катта қушларнинг эса ўзига хос виқори кўз ўнгимиздан кетмай қолди... Чинакамига қушлар бизнинг дўстимиз эканлигини яна бир карра ҳис этдик.
Маруса ҲОСИЛОВА

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.