ҚИЗИЛҚУМНИНГ ЯНА БИР МЎЪЖИЗАСИ СИЗ «ЖАЙРОН»НИ БИЛАСИЗМИ?

ҚИЗИЛҚУМНИНГ ЯНА БИР МЎЪЖИЗАСИ
СИЗ «ЖАЙРОН»НИ БИЛАСИЗМИ?ҚИЗИЛҚУМНИНГ  ЯНА БИР МЎЪЖИЗАСИ 		СИЗ «ЖАЙРОН»НИ БИЛАСИЗМИ?

Табиатнинг мўъжизалари, тилсимлари жуда кўп. Юртимизда ҳам ҳайратимиз ва ҳавасимизга лойиқ бетакрор жойларнинг сон-саноғи йўқ. Бухородаги “Жайрон” қўриқхонаси ҳам ана шундай масканларнинг бири, дейиш мумкин. У дунёдаги такрори йўқ, Марказий Осиёда ягона қўриқхоналардан бири, аммо нимагадир дунёнинг кўп жойларида, ундан бехабар, аниқроғи, деярли у ҳақда ҳеч қаерда, ҳеч ким, етарлича ҳеч нарса билмайди. Шундай ахборот асрида-я, дейишингиз табиий.
Аслида “Жайрон”даги ноёб ҳайвонлар, бепоён саҳро кенгликларининг эрка мавжудотлари. Гарчи улар тутқунликда парвариш қилинаётган бўлса ҳам, жажжи оҳуларнинг атрофи ўралган оддийгина, эски ва жуда кўримсиз шу кичик вольерларда рақсга тушиши, эркаланиб пиширилган сигир сутини махсус идишдан ичиши, бир-бирлари билан қувлашмачоқ ўйнаши асло «сайёд»нинг қўлида тутқунликда эмасдек...ҚИЗИЛҚУМНИНГ  ЯНА БИР МЎЪЖИЗАСИ 		СИЗ «ЖАЙРОН»НИ БИЛАСИЗМИ?
Бугунги иқлим шароити ўзгараётган айни мураккаб табиат инжиқликларидан наинки табиат, балки ноёб ҳайвонот олами ҳам азият чекмоқда, баъзи турлар йўқ бўлиб кетмоқда. Масалан, қўриқхонадаги бир вақтлар мавжуд бўлган гепардларнинг бугунги кунда йўқ бўлиб кетганлигини афсус билан тилга олиш мумкин.
Рекламанинг йўқлиги қўриқхонанинг ўз қобиғига ўралиб қолишига, чет эллик эмас, ҳатто ўзимизнинг сайёҳларни ҳам жалб қилишга эътиборсизлик оқибатида жуда кўп иқтисодий қийинчиликларга ҳам дуч келишга сабаб бўлаётганлиги кундек равшан.
Рекламага эътибор зарурлигини оддий мисолда ҳам кўриш мумкин. Масалан, яқинда Озарбайжонга саёҳат қилмоқчи бўлиб, интернетга мурожаат қилсак, Боку шаҳрининг қалби, фахрли рамзи ҳисобланган тарихий жойларнинг биринчи рўйхатида “Қиз қалъаси” мажмуасига кўзимиз тушди. Машҳур “Қиз қалъаси”га бордик. Бир қарашда саккиз қаватдан иборат тош зинали оддий минора дейсиз. 12- асрда бунёд этилган мазкур мажмуада бугун йигирма биринчи аср инновациясини кўриб ҳайратланасиз. Ойна остидаги қўл ҳаракати билан варақланадиган китоб, қалъанинг электрон макети, ўн асрдан буён эъзозланаётган ва кўз қорачиғидек асралаётган миллат тарихи. Бу ерга бир кунда 500 дан ортиқ сайёҳ кириб чиқади. Улар орасида дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган сайёҳлар билан бир қаторда озарбайжонлик сайёҳлар ҳам оз эмас. Бизнинг “Жайрон”га эса бир йилда бор- йўғи 2 мингга яқин сайёҳ ташриф буюришини назарда тутадиган бўлсак, аҳвол қанчалик эътибор талаб эканлигини тушуниш қийин эмас. Ҳисоблаб кўринг, агар ҳар куни марказга юзлаб сайёҳлар ташриф буюрса, директорнинг “Бу ерда катта ишларни амалга оширишга маблағимиз йўқ” дейишига ҳожат қоладими?ҚИЗИЛҚУМНИНГ  ЯНА БИР МЎЪЖИЗАСИ 		СИЗ «ЖАЙРОН»НИ БИЛАСИЗМИ?
ҚЎРИҚХОНА ТАРИХИ
ХХ асрнинг 60- йилларида ҳайвонот оламининг катта қисми йўқолиб кетиш хавфи остида қолгач, бунинг олдини олиш учун табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқи тузилди. Бу ташкилот томонидан табиатни муҳофаза қилиш бўйича Бутунжаҳон стратегияси ишлаб чиқилди.
Собиқ Иттифоқда етмишинчи йилларда чўл оҳуси- жайрон популяциясини асраб қолиш мақсадида 13 та питомник ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Ва бу қўриқхоналар Туркманистон, Озарбайжон, Тожикистон, Грузия, Ўзбекистонда ташкил этилиши кўзда тутилган эди. Ўша йилларда жайронларни кўпайтирадиган 7 та қўриқхона ташкил этилган. Афсуски, бугунги кунда улардан бор-йўғи биттаси- Бухоро вилоятидаги “Жайрон” қўриқхонаси яшаб қолган холос.
Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” қўриқхонаси 1977 йилнинг май ойида ноёб ҳайвонлар турини кўпайтириш мақсадида ташкил этилган давлат илмий-ишлаб чиқариш ташкилотидир. Мазкур питомник Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тасарруфида. Питомник биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш, ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвон турларини кўпайтириш, шунингдек, Жанубий – Ғарбий Қизилқум ҳудудини сақлаб қолиш ва маҳаллий аҳолини экологик маърифат билан таъминлашни кўзда тутади. Асосий вазифалар қаторига ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвон турларини кўпайтириш ва уларнинг биологиясини кейинчалик уларни ёввойи табиатда қайта тиклаш учун ўрганиш, Жанубий- Ғарбий чўл биоценозларнинг тузилишини сақлаб қолиш, экологик таълим, экологик туризмни ривожлантиришни ҳам киритиш мумкин.
“Жайрон” қўриқхонаси ноёб ҳайвонларни кўпайтириш бўйича халқаро эътироф этилган марказ ҳисобланади. Айни пайтда питомник Ўзбекистон қизил китобига киритилган турларни ва табиатни муҳофаза қилиш халқаро Иттифоқининг қизил рўйхатини ишлаб чиқиш билан ҳам шуғулланади.
Дарвоқе, яна бир гап. Агар грант лойиҳаси бўлмаганида, балки биз ҳам “Жайрон”га яқин қўшни бўлишимизга қарамасдан, яна қирқ йил бехабарлигимизча қолаверармидик. Яхшиямки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди бор экан.
ЭКОЛОГИК ТАРБИЯГА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган « ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга давлат ижтимоий буюртмаларини тақдим этиш» мавзусидаги давлат ижтимоий буюртмаси танловининг “Табиат тўғрисидаги билимларни тарғиб қилишни ва оммалаштиришни ташкил этиш, экологик таълим савиясини оширишга кўмаклашиш” йўналиши бўйича “Бухоро вилояти махсус “Жайрон” питомнигида экологик тарбия ва унинг фаолиятини тарғибот ҳамда ташвиқот қилишга янгича инновацион усулларда ёндашиш тизимини шакллантириш” мавзусидаги лойиҳаси учун Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Жонли табиат” жамоат бирлашмаси 140 миллион сўмга эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси давлат буюртмачиси бўлган мазкур лойиҳа аҳолининг экологик билимларини ошириш, ёшларни табиатни севишга, ҳайвонот ва наботот оламини асрашга ўргатиши билан бир қаторда юртимизга маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар оқимининг кўпайишига ёрдам бериши билан аҳамиятлидир.ҚИЗИЛҚУМНИНГ  ЯНА БИР МЎЪЖИЗАСИ 		СИЗ «ЖАЙРОН»НИ БИЛАСИЗМИ?
- Дастлаб “Жайрон” экомаркази деб аталган махсус “Жайрон” питомниги Қизилқум чўлининг жанубий- ғарбида, Бухоро вилояти (Бухоро шаҳридан 42 км. узоқлиқда) Когон тумани ҳудудида жойлашган.- дейди лойиҳа раҳбари, “Жонли табиат” жамоат бирлашмаси директори, биология фанлари номзоди Эшмамат Тоғаев.
-Ҳозирда питомникнинг асосий фаолияти: ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонларни кўпайтириш, уларнинг биологиясини ўрганиш, генетик маълумотлар банкини ташкил этиш ва кўпайтирилган ҳайвонларнинг меъёрдан ортганларини миллий ва дунё зоопаркларига ҳамда ҳусусий коллекцияларга сотишга йўналтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф – муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ҳисобдор бўлган питомник экологик йўналишдаги илмий ва ишлаб чиқариш ташкилот мақомига эга бўлиб, унда асосан илмий ходимлар фаолият юритади.
Нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳонда ҳалқаро аҳамиятга эга бўлган илмий амалий марказлардан бирига айланган питомник ишчи ва ходимлари, айни пайтда, табиий шароитда кам қолган ноёб ҳайвонлар: жайрон, қулон, Прежевал оти, Бухоро тоғ қўйи, морхўр, Бухоро хонгулини ярим тутқинлик шароитида сақлаб қолиш ва кўпайтириш ишлари билан шуғулланади.
Бундан ташқари, бу ерда йўқолиш хавфи арафасида бўлган айрим тур ҳайвонлар бўйича нуфузли халқаро илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.
Ҳозирда питомник ҳудудида 997 бош жайрон, 138 бош қулон, 24 бош Прежевал оти, 3 бош Бухоро буғуси (хонгул), 1 бош бурамашохли тоғ эчкиси (морхур), 67 бош Бухоро қўйи ва бошқа кўплаб ноёб ҳайвонлар бор.
Питомник ходимлари томонидан ўтган 40 йилдан ортиқ вақт давомида ижобий ишлар амалга оширилишига қарамасдан, корхона фаолияти тарғиботи, юқорида таъкидлаганимиздек, унинг ички ва ташқи рекламаси масалалари замонавий талабларни тақозо этаётганлиги “Жонли табиат” маркази масъуллари эътиборидан четда қолмади.
Ҳақиқатан ҳам шундай катта имконият ва салоҳиятга эга бўлган бу масканда ҳозирда жуда долзарб бўлган экотуризм тизими самарали йўлга қўйилмаганлиги, бу йўналиш бўйича марказда инфратизим қулайликлари йўқлиги яққол кўриниб турибди. Маҳаллий ва чет эллик сайёҳларни олиб келган автоуловларнинг турар жойлари, биотуалетлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Тўғри, қўриқхона маъмуриятининг режаларига кўра, туристларнинг питомникда кўпайтирилаётган ҳайвонларни кузатиш, ҳудудни ва фауна оламини суратга олиш учун қулайлик яратиш мақсадида махсус кузатув майдонини реконструкция қилиш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида ушбу муаммо ечимига реал ёндашилди ва қўриқхонага четдан кирувчиларни инобатга олиб, питомникдаги ҳайвонларнинг яшаш тарзига халақит бермаслик мақсадида режадаги кузатув майдонини 3 бараварга қисқартириб, кўпайтирилаётган 8 тур сут эмизувчи ҳайвонлар учун алоҳида-алоҳида, ҳар бир объектнинг биологияси эътиборга олинган холда волъерлар қурилди.
Умуман олганда, питомник ҳудудини мониторинг қилиш, ўзаро суҳбатлар ва ўрганиш ҳамда таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, питомникнинг фаолияти тарғиботи босма ва IT майдонларда талаб да-ражасида ёритилмаган ва экологик тарбия бўйича дастурлар мавжуд эмаслиги аён бўлди ҳамда экологик туризмни самарали ташкил этиш учун имкониятлар жуда ҳам чегараланган.
“Жонли табиат” маркази томонидан мазкур лойиҳа доирасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Биринчидан, “Жайрон” питомниги тўғрисида чоп этилган босма ва IT маълумотлар базаси тўлиқ ўрганилиб, корхона учун хос интерактив экобилим дастурлари (3 турда) ишлаб чиқилди, иккинчидан, питомникда экологик таълим самарасини ошириш бўйича амалий ишлар қилинди, IT базаси сифати оширилди, электрон майдонда фаол бўлиш тизими яратилди, унинг ташқи ва ички рекламаси йўлга қўйилди. Учинчидан, питомникдаги ноёб ҳайвонларни сақлаш учун ўралган, таьмирга муҳтож, майдон лойиҳа маблағлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда питомникнинг моддий материаллари ҳисобидан волъерлар мажмуасига айлантирилди. Тўртинчидан, питомник офисида махсус кутубхона ташкил этилиб, у ҳуқуқий ва махсус адабиётлар билан тўлдирилди. Бешинчидан, Марказий Осиёда ягона бўлган қўриқхона ҳақида ўзбек, рус ва инглиз тилларида электрон материаллар тайёрланиб, Республикамизга ташриф буюраётган хорижлик ва маҳаллий туристлар, мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган тарқатма материаллар чоп этилди.
Хуллас, “Жонли табиат”нинг жонли ҳаракати билан “Жайрон” питомниги фаолияти анча жонланди. Эслатиб ўтамиз, мазкур нодавлат ташкилоти нафақат Навоий вилоятида, балки Республикамизда ҳам ўз ўрнига эга бўлган ташкилотлардан бири. Буни марказ томонидан 2018 йилгача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа интитутларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди грантлари доирасида 3 та грант ва 1 та давлат ижтимоий буюртма лойиҳаларини амалга оширилганлиги ҳам исботлаб турибди.
Жумладан, Жамоат фондининг 2011 йилдаги гранти асосида марказнинг “Навоий шаҳар «Хончарбоғ» маҳалласи қошида экологик таълим-тарбия алифбо мактаби ташкил этиш” мавзусидаги лойиҳаси доирасида атроф-муҳит муҳофазаси масаласида оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлиги муҳим учлик эканлиги ғояси илгари сурилди.
2012 йилда, бирлашманинг “Навоий вилоятининг деградацияга учраган тоғ олди ерларида экспериментал хандон писта плантациясини ташкил этиш” мавзусидаги лойиҳаси пистанинг энг шимолий ареалларидан бўлган Навоий вилояти ҳудудида ҳам ўса олишини исботлади.
2014 йилда бирлашма томонидан бажарилган “Учқудуқ тумани, Жарақудуқ ҳудудидаги ноёб “Тошўрмон”га муҳофаза этиладиган табиий-тарихий ҳудуд мақомини бериш ва унинг тарғиботига маҳаллий ёшларни жалб қилиш” мавзусидаги ижтимоий буюртма лойиҳаси бу табиий объектни ноёб экотуризм маскани сифатида ташкил этиш учун тегишли бўлган хуж-жатларни тайёрлаб берди.
ОДДИЙ ҚЎРИҚХОНА ЭМАС, ИЛМИЙ МАСЛАҲАТХОНА ҲАМ
Қўриқхонага асос солинган кунданоқ бу ерда илмий –текшириш фаолияти ҳам амалга оширилмоқда. Марказда Ўзбекистондаги йирик Фанлар академияси, Ветеринария институти, Россиядаги қатор илмий –текшириш институтлари, Франция Фанлар Академияси, АҚШ даги Калифорния институти, Германиянинг Зоология институти билан ҳамкорлик ўрнатилган. Халқаро ҳамкорлик натижалари ёмон эмас. Жайронларни вольер усулида парвариш қилиш самара бермоқда. Гарчи бу инсоннинг жонли табиатга бешафқатлиги ҳисоблансада, бу усул жайронларни кўпайтиришга ёрдам бермоқда. Масалан, жайрон болалари туғилган кунданоқ, она сути билан эмас, қўлдан сут бериш билан парвариш қилинади. Бугунги кунда Тожикистон Республикаси 30 та жайрон сотиб олиб, ўзларида кўпайтиришга киришди. Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон Республикаси ҳам жайронларни олиб кўпайтириш ҳаракатида.
-Таъкидлаш лозимки, питомникнинг муҳофаза режими билан бир- биридан кескин фарқ қилувчи 2 та ҳудудга бўлинади,-дейди питомникнинг илмий ходими Дилшод Турсунов.-Биринчиси – майдони 5145 гектар бўлиб, бу ҳудуд 2 метрлик симтўр билан ўралган, бу ерда асосий илмий ва амалий ишлар бажарилади; иккинчиси – майдони 11500 гектар бўлиб у ўралмаган ва питомник учун буфер ҳудуд вазифасини ўтайди. -Ноёб жониворлар ҳар йили кузда саноқдан ўтказилади. Уларнинг сони йилдан-йилга кўпаяётганлигини кузатиш мумкин. Бухоро тоғ қўйи сони 2016 йилда 4 тагина эди. Ҳозирда улар сони 67 тага етди.
Ҳукумат қарори билан 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси тасдиқланди. Стратегия доирасида Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомнигида жайронлар сони 1000 га етказилиши мажбурияти юкланган. Бу рақамга шу йилнинг ўзидаёқ эришиш мумкинлиги кўриниб турибди.
Саратоннинг иссиқ кунлари, қишнинг қаҳратонларида қўриқхонанинг катта ҳудудини кезиб, ноёб жониворларнинг ҳаётини асраётган 32 нафар питомник ходимлари бу гўзал мавжудотларнинг деярли барчасини танийди. Чунки уларнинг кўпчилиги ишчиларнинг қўлида катта бўлган. Дарахтга айланган саксовулзорлар, адоғи кўринмайдиган юлғунзорлар орасида табиатнинг ноёб мўъжизалари ҳаёт кечираётгани, миллий бойликларимиз қаторида бойлик эканлиги бизни қувонтирди. Кўзлари тиниқ, эрка оҳуларни чет эллик сайёҳлар кўриб, ҳавас қилса, ўз юртдошларимиз, ёшларимиз уларни кўриб завқланса, табиатни севишни, асрашни ўрганса қандай яхши.
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.