ЭСКИ НЕФТЬ КОНЛАРИ ҚАЙТА ТИКЛАНАДИМИ?

ЭСКИ НЕФТЬ КОНЛАРИ  ҚАЙТА ТИКЛАНАДИМИ?Ўқинг, бу — қизиқ!
Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирги пайтда эски нефть конлари ва ернинг бир замонлар шундай бебаҳо ёнилғига бой бўлган қатламларидан фойдаланиш уларнинг янгиларини излаб топиш ва ўзлаштиришга нисбатан анча арзонга тушади. Чунки аллақачонлар ишлатилиб бўлинган қудуқларда вақт ўтиши билан қайтадан нефть ҳосил бўлади, уларни қазиб олиш учун эса ортиқча сарф-харажат талаб қилинмайди. Россиядаги нефть ва газ муаммолари институтининг академик А.Н.Дмитриев раҳбарлиги остида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ илмий ходимлари бу борада самарали тадқиқотлар олиб боришмоқда.
Мисол тариқасида Татаристондаги Ромашкино конини келтириш мумкин. Унда жамланган нефть миқдори олдиндан фараз қилинганига нисбатан анча кўп бўлиб чиқди. Умуман олганда эса, кейинги пайтларда Татаристонда нефтнинг олтмиш беш фоизидан ортиғи кўҳна ёки ҳозиргача жами захирасининг тўртдан уч қисми ўзлаштирилган конлардан қазиб олинмоқда. Тегишли қатламларни олдиндан қидириб топиш эса сўнгги 25-30 йил ичида мўлжалдагидан бир ярим баравар кўпроқ нефть захираларига эга бўлиш имконини берди. Қолаверса, тадқиқотчилар “Ромашкино”да муқаддам фойдаланилган, кейинчалик соф ҳолдаги ва сув аралаш нефть билан қайта тўлган эски қудуқларни излаб топишди. Маълум бўлишича, улардаги нефть захираси ер қобиғининг ёрилган ёки дарз кетган қисмларининг ўзаро зичлашиши натижасида тобора кўпайиб бормоқда.
Дарвоқе, ер қобиғи қатлам-қатлам шаклли тузилишга эга бўлиб, гўёки ичига турли-туман масаллиқлар солиб пиширилган таомга ўхшайди. Баъзи жойлари нисбатан қаттиқ ёки юмшоқ, баъзи жойлари ичи нефтга тўла илма-тешик ғоваклардан иборат бўлади. Қайсидир қисми талай ёриқлар ва дарзлар билан қопланади. Улар деярли ясси бўшлиқлар ҳосил қилади. Бу мураккаб шакл ернинг тектоник ҳаракатлари таъсирида узлуксиз равишда ўзгариб туради: қатламлар ҳаракатланади, ёриқлар кенгаяди ва ҳосил бўлган бўшлиқларга чор тарафдаги дарзлардан суюқлик қуйилиб кира бошлайди. Уларнинг ер қобиғига, шунингдек, ғоваксимон юқа қатламларга таъсири ёриқларнинг сезилари даражада кенгайишига олиб келади. Аралашиб қоришиш бўшлиқлар ва дарзларнинг 10-15 километр чуқурликда жойлашган кенг кўламли тизими бўйлаб рўй беради. Ўз навбатида, суюқликларнинг ҳаракати ҳам ўзгарувчан хусусиятга эга бўлиб, нефть гоҳида кўпаяди, гоҳида камаяди. Йирик ғовакли қатламларда бу жараён ўн минглаб йилларга чўзилади, дарз кетган қатламларда эса бирмунча қисқа вақт оралиғида рўй беради. Агар улар унчалик чуқур жойлашмаган бўлса, бу муддат минг йиллардан юз, ҳатто ўн йилларгача қисқаради.
ЭСКИ НЕФТЬ КОНЛАРИ  ҚАЙТА ТИКЛАНАДИМИ?ФАЗОВИЙ КЕМАЛАР НИМА УЧУН ФЛОРИДАДАН УЧИРИЛАДИ?
Флориданинг об-ҳаво шароити анча ноқулай. Шунга қарамай, 1961 йили у Mercury лойиҳаси доирасида бошқариладиган фазовий аппаратлар учириладиган жой сифатида танланди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор.
Аввало, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун космодромни одамлар яшамайдиган хилват жойда барпо этиш зарур эди. Бу жиҳатдан Атлантика океани соҳиллари анча афзал ҳисобланади. Чунки Шарққа томон йўналиш бўйича учиш фазовий аппаратга Ернинг айланиш кучидан фойдаланиш имконини беради. Акс ҳолда, у бамисоли дарё оқимига қарши эшкак эшгандек қийинчиликка дучор бўлади. Аниқроғи, Ернинг тортишиш кучини енгиш учун катта миқдорда ёнилғи сарфлайди.
Иккинчидан, Флорида айланаётган Ернинг ҳаракат тезлиги нисбатан юқори бўлган экваторга яқин жойлашган. Бугунги кунда эса фазовий аппаратларни учириш учун дунёдаги энг қулай жой Европа космик агентлигининг Франциянинг Гвиана ҳудудида жойлашган космодроми ҳисобланади. Чунки у экватор шимолига нисбатан атиги беш даража масофада жойлашган.
Учинчидан, Жон Кеннеди номидаги космик марказни қуриш ҳақидаги қарор қабул қилинаётган пайтда Меррит ороллари ҳар томонлама бадастир моддий-техник таъминотга эга ҳудудлар сирасига кирарди. Ён-атрофида армия ва ҳарбий-денгиз базалари жойлашган, яхши йўллар етарли, аҳоли эса деярли йўқ, демак, хоҳлаган нарсани барпо этиш мумкин эди. Тўғри, АҚШда экваторга янада яқинроқ жойлашган Пуэрто ва Гавайя ороллари ҳам бор, бироқ ўша пайтларда уларнинг имкониятларидан фойдаланиш анча қийинчиликларни келтириб чиқарарди.
Ва ниҳоят, яна бир нарсани таъкидлаш лозимки, Флорида гарчи бўрон ва довуллар тез-тез рўй бериб турадиган субтропик иқлими билан машҳур саналса-да, аксарият қисми ўзига хос об-ҳавога эга. Аниқроғи, АҚШ марказида гирдоб-уюрмалар авжига чиқса, жанубида довул-бўронлар қутуради. Бундай ноқулай об-ҳаво ҳамма жойда кутилмаган нохушликларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.
Мутахассисларнинг уқтиришларича, Жон Кеннеди номидаги космик марказ келажакда ҳам ўзининг бошқариладиган фазовий учишлар учун зарур мавқеини сақлаб қолади. Бошқа жойда бундай мураккаб тузилмали иншоотни яратиш жуда қимматга тушади.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ тайёрлади

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.