НАВОИЙ ШАРАФИ ЯШАР МУҚАДДАС!..

НАВОИЙ ШАРАФИ  ЯШАР МУҚАДДАС!..НАВОИЙ ШАРАФИ ЯШАР МУҚАДДАС!..
СОЛИБ КЎНГЛИМА СЎЗ ДЕМАК НИЯТИН...
Камола УЛУҒМУРОДОВА,
Навоий шаҳар 11-давлат ихтисослаштирилган
умумтаълим мактаби
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

Алишер Навоий – инсон қалби ва онгига сўз орқали таъсир ўтказа олган руҳ алломаси саналади. Зеро, шоир инсоният маънавий оламини сўз сеҳри ила бойитиб, юксалтира олган ижодкордир. Адабиётимиз тарихида шоирнинг табаррук номи серқирра ижод соҳиби сифатида юксак қадрланади. Навоий бундай шарафли унвонга ўзининг бой маънавий мероси туфайли сазовор бўлди. Буни адибнинг ҳам туркий, ҳам форсий асарлари мисолида кўришимиз мумкин.
“Хамса” шоир номини бутун дунёга танитган қимматли асар саналиб, унда Навоий ўзининг бор маҳоратини сўз орқали намоён этади. Шунингдек,инсон камолоти учун зарур бўлган барча амалларни ўзининг пурмаъно сўзлари орқали акс эттиради. Ўз ижодида ҳар бир заррачага катта эътибор қаратган шоир, ҳеч бир нарсани назаридан четда қолдирмайди. Айтмоқчи бўлган фикрини аниқ далиллар билан асослайди.
Ҳазрат Навоий “Хамса” нинг қатор достонларида шахсни камолга етиши учун бир қанча тушунчаларни шарҳлаб ўтадики, бу жараённинг барчаси сўз орқали ўз ифодасини топган. Шунинг учун шоир сўзга нисбатан юксак эҳтиромда бўлган.
“Садди Искандарий” “Хамса” нинг сўнгги достони бўлиб, шоир унда сўз хусусида қатор мулоҳазаларни баён этади. Ҳажми жиҳатдан йирик бўлган ушбу достонда Навоий 211 ўринда сўз ҳақида фикр юритиб, бевосита сўзни таърифлайди. 106 байтни ўз ичига қамраган ушбу бобда Навоий сўзнинг барча сифатларини келтириб ўтади. Жумладан, сўзда шундай қудрат борки, шунинг учун у осмон-у фалакдан ҳам юқори, нафақат фалак, балки инсон онги етган ҳамма нарсадан устун ва ҳамма нарсадан соф дея таъкидлайди.
Бийикрак мақом ичра афлокдин,
Не афлокдин, ваҳм-у идрокдин.
Инсон сўзи билан шарафли. Сўз бўлмаса у бундай юксак номга сазовор бўлиши амри маҳол. Негаки, садаф ҳам гавҳар билан ўз қимматига эга. Алоҳида ўзи юқори қиймат касб эта олмайди. Сўз инсоният оламининг қимматбаҳо жавҳари бўлиб, ҳатто у жонсиз жисмга оби ҳаёт улашувчи тириклик суви мисолидир.
Навоий сўз ҳақида гапирар экан, сўзни – гавҳар, дур, пари, маънолар хазинаси, ёқимли куй, оби ҳаёт, қуёш нури, майин эсувчи шамол кабиларга ўхшатади.
Юқорида достоннинг 211 ўрнида сўз ҳақида мулоҳаза берилгани ҳақида таъкидлаб ўтган эдик. Уларни таснифлаб чиқиш асносида шу нарса аниқ бўлдики, Навоий 17 ўринда сўзни тил маъносида, 160 ўринда муомала воситаси маъносида, 34 ўринда бадиий ижодда мазмунни шакллантирувчи восита тарзида қўллаган.
Жумладан:
Карам айлаб ики қўлим қўлдангиз,
Сўз иқлими сори мени қўлдангиз.

Солиб кўнглима сўз демак ниятин,
Кийиб эгнима доғи сўз кисватин .
Бу ўринда шоир ижодий жараёнда ўз салафларидан қўллаб -қувватлашларини ҳамда сўз мамлакати сари қўллашларини сўраб мурожаат қилади. Биринчи байтда сўз мазмунни шакллантирувчи восита тарзида қаралса, иккинчи байтда муомала жараёнини акс эттирган.
Навоий сўз хусусида тўхталар экан, “сўз иқлими” бирикмасини кўп маротаба тилга олади. Негаки сўз ҳам ўзига хос рангин оламни кашф этади. Бунда ҳамма ўзига маъқул оламни танлайди. Кимдир тўғри сўзга ошиқ бўлиб, ширин сўз ошноси бўлса, яна кимдир ёлғон сўзлаб, хушомадгўйликни ўзига ниқоб қилиб олади. Навоий бу ҳолнинг ҳар бирига ўз муносабатини билдириб, яхши, ёмон томонларини кўрсатиб ўтади.
Шоир сўзга таъриф берар экан, шеъриятнинг етук вакиллари бўлмиш ўз устозлари Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавий ҳақида тўлқинланиб гапиради.Навоий таърифига кўра, ҳар иккала шоир ҳам сўзнинг моҳир усталари бўлиб, уларга тенглашадиган киши бўлмаган. Иккала шоирнинг ҳам қалами ниҳоятда ўткир бўлиб, ҳар бир сўзни ўрни билан қўллаган. Сўзнинг маъно нозикликларига катта эътибор қаратган. Навоий бу борада устозлари изидан бориб, ўз ижодини шакллантирди. Умри давомида сўз санъатини эгаллашга, унинг яширин сирларини очишга ҳаракат қилди.
Навоий ижоди чексиз бир уммон. Бу уммондан баҳраманд бўлиш учун улуғ мутафаккир асарларини ўрганишимиз зарур.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.