ХАЙРЛИ МАСАЛА

ХАЙРЛИ   МАСАЛАХАЙРЛИ МАСАЛА
Зубайда ДУШАНОВА,
Вилоят Табиатни муҳофаза қилиш
қўмитаси масъул ходими

Қадимий ва тарихий Сармишсой дарасида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий кенгаши ходимлари, Экоҳаракат Навоий ҳудудий бўлинмаси фаоллари, Навоий вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ходимлари, “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши фаоллари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навбаҳор туман бўлими вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Сармишсой комплексини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини белгилаш ва у жойлашган ландшафтдаги табиий –тарихий ёдгорликлар ҳақида нафақат маҳаллий аҳоли, балки халқаро жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда Сармишсойни ЮНЕСКО рўйхатига киритиш таклифи ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейингина, барча йўналишлар қатори, табиий, тарихий ва археологик ёдгорликлар муҳофазасига ҳам эътибор кучайтирилди.
Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон қадимий тош суратларнинг кўплиги билан жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди, айни пайтга қадар мамлакатимиз ҳудудида 145 дан ортиқ қоя суратлари санъати объектлари мавжуд бўлиб, Сармишсой- Ўзбекистонда нисбатан яхши ўрганилган йирик тош суратлар санъати объекти ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда 7000 дан ортиқ алоҳида чизилган чизгилар қайд қилинган бўлиб, археологлар томонидан бу суратлар 15 гуруҳга бўлинган, улар маҳаллий халқларнинг бир неча минг йиллар олдин яшаш тарзи ҳақида тасаввурлар беради.
Тадбир иштирокчилари Сармишсой дарасини борлигича сақлаб қолиш, мавжуд табиат қонунчилиги талаблари ва белгиланган тартибда муҳофаза қилиш ва уни БМТнинг ЮНЕСКО рўйхатига киритишдек хайрли масала бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.