“ТАБИАТ ВА МЕН” МАҚОЛАЛАР ТАНЛОВИ

“ТАБИАТ ВА МЕН” МАҚОЛАЛАР ТАНЛОВИ ғолиблари тақдирланди.“ТАБИАТ ВА МЕН”  МАҚОЛАЛАР  ТАНЛОВИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан маъқулланган “Табиат ва ҳаёт” газетаси таҳририятининг “Табиий бойликларни асраш виждонимиз амрига айлансин!” лойиҳаси доирасида 2016 йил октябрь ойидан 2017 йилнинг май ойига қадар эълон қилинган “ТАБИАТ ВА МЕН” мақолалар танлови якунига етди.
Танловда республика газеталарининг вилоятимиздаги мухбирлари, вилоят ҳамда тармоқ газеталарида фаолият юритаётган журналистлар ўз мақолалари билан иштирок этди.
Навоий шаҳридаги “Камилла” меҳмонхонасида ўтказилган танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Навоий вилоятидаги ваколатли вакили Ф.Эрназаров, Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашининг “Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш” доимий комиссияси раиси Амир Азимов, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Навоий ҳудудий бўлинмаси координатори Эшмамат Тоғаев ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Атроф –муҳит мусаффолигини таъминлашга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга, ноёб ўсимликлар дунёсини асрашга ундовчи мақолалари билан танловда иштирок этган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлими раиси Ёрқул Умаров, фахрий журналист Ҳамдам Эшонқулов,“Правда Востока” ҳамда “Знамя дружбы” газеталари мухбири Дилфуза Ғуломова, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Навоий вилоятидаги шарҳловчиси Нуриддин Раҳимов, “Дўстлик байроғи” газетаси мухбирлари Ҳилола Исматова, Нигора Рўзиева, Зулфия Бобоева, Зебо Қутлиева, “ Зиёкор садоси” газетаси бош муҳаррири Ҳибия Утаганова, “Навоий ёшлари” газетаси бош муҳаррири Санжар Қурбоновларга Диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
-Табиатни асраш йўлидаги барча ҳаракатлар замирида Она Ватанимизни асраш мақсади мужассам,-деди тадбирда иштирок этган журналист Раъно Ҳакимова.- Мазкур танлов ҳам айнан ана шу эзгу мақсадни амалга оширишга ва ёшларнинг экологик маданиятини юксалтиришга хизмат қилганлиги билан жуда самарали якунланди. “Табиат ва мен” танловида чоп этилган барча мақолалар долзарблиги билан ниҳоятда муҳим эканлигини эътироф этишни истардим.
Шунингдек, танлов ғолибларидан бири “Зиёкор садоси” газетаси бош муҳаррири Ҳибия Утаганова ҳам мазкур танлов табиатни асраш йўлидаги ўзига хос чорлов бўлганлигини алоҳида таъкидлади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.