Экологик тизим учун қулай шароитлар кафолати

Экологик тизим учун қулай шароитлар кафолатиЭкологик тизим учун қулай шароитлар кафолати
Бугун мамлакатимизда жамиятимизга татбиқ этилаётган барча меъёрий хужжатларнинг туб мазмун моҳияти инсон омилига, унинг хуқуқ ва манфаатларига қаратилгандир. Албатта ҳар бир янгилик аҳоли фаровонлигини оширишда, уларнинг турмуш шароитини яхшилашда муҳим аҳамият касб этаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 апрелда имзолаган “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ҳам ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилаётир.
Хусусан, фармонда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунувчи ва ҳисобот берувчи Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига айлантирилиши кўзда тутилган.
Мазкур хужжат билан қўмитага бир қанча муҳим вазифалар юкланди.
Жумладан:
-экология, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш;
-маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ва кўмиш ишларининг самарали тизимини ташкил этиш;
-атроф-муҳитнинг экологик ҳолати мақбул тарзда сақланишини, экология тизимлари, табиий комплекслар ва алоҳида объектларни қўриқлашни, экологик вазият соғломлаштирилишини таъминлаш;
-ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, қўриқланадиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликка риоя қилиш борасида давлат экологик назоратини амалга ошириш;
-экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат кадастрини юритиш, шунингдек, ёввойи ҳайвонлар, ёввойи ўсимликлар кўпайтириладиган ва сақланадиган питомниклар, зоология ва ботаника коллекцияларининг давлат ҳисобини юритиш;
-экологик тарбия, тарғибот ва маърифий ишларни, шунингдек, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.
Фармонга мувофиқ қўмитанинг янги тузилмалари ҳам ташкил этилади:
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг марказий аппаратларида Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаш, сақлаш, ташиб кетиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш бўйича назорат инспекциялари;
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузурида «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари ва мамлакатимиз шаҳарларида, шунингдек, туман ҳокимликлари ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларининг чиқиндиларни олиб кетиш бўйича хизмат кўрсатадиган участкалари негизида уларнинг филиаллари;
табиатни муҳофаза қилиш республика ва маҳаллий жамғармалари негизида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича жамғарма ташкил этилади, жамғарма маблағлари биринчи навбатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларига, жумладан, чиқиндилар билан боғлиқ ишларга ва биоресурсларни сақлаш ва қайта тиклашга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза ва мониторинг қилиш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга, тарғибот ва маърифий ишларни ташкил этишга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга йўналтирилади;

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш республика инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси этиб қайта тузилади ва унинг ҳудудий инспекциялари ташкил қилинади.
Ушбу фармоннинг амалга оширилиши жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида фаолият кўрсатаётган давлат назорати ва бошқаруви органларининг тизимли иш олиб бориш самарадорлигини, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги идоралараро самарали ҳамкорликни ва атроф-муҳитнинг экологик ҳолати, экологик тизим, табиий комплекслар ва алоҳида объектларни қўриқлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди.

Алижон Жалилов

Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши “Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари” доимий комиссияси раиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.