МОҲИЯТ ва ҲАЁТ

ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТИ:
МОҲИЯТ ва ҲАЁТМОҲИЯТ ва  ҲАЁТ
Мозийга назар соладиган бўлсак, давлат раҳбарининг халққа уларнинг вакиллари – сенаторлар, депутатлар, жойлардан келган ваколатли вакиллар кабилар орқали мурожаатлари кўп бўлган. Бундай мурожаатлар маълум ҳолат, воқеа, яқин орада амалга ошиши зарур бўлган муайян вазифа тўғрисида бўлган. Аммо давлат раҳбарининг депутатлар орқали ҳалққа мурожаати илк бор XVIII асрда АҚШда содир бўлган. Ҳозирда ҳам кўплаб давлатлар раҳбарлари депутатларга ўз мурожаатлари билан чиқиш қиладилар. МДҲ давлатлари орасида илк бор бундай мурожаат ўтган асрнинг 90-йилларидан Россия Федерациясида татбиқ этилган.
Бизнинг мамлакатимизда давлат раҳбарининг халққа, парламентга мурожаати илк бор бўлди. Биринчи бор бўлиши билан бу мурожаат нафақат мамлакатимиз халқлари орасида, балки жаҳонда оламшумул воқеа тариқасида эътироф этилмоқда. Мазкур мурожаатда Юртбошимиз ўтган бир йилни чуқур таҳлил этиб, галдаги вазифаларни белгилаб берди.
Президентимиз: “2017 йил халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилган йил бўлди, деб айтишга тўла ҳақлимиз”, – деб таъкидладилар.
Дарҳақиқат, ўтган йили мамлакатимизда мисли кўрилмаган ўзгаришлар йили бўлди. Халқ билан бошқарувнинг қуйи идораларидан то энг олий ваколатли идораю раҳбарларигача росмана мулоқотлар йили бўлди. Давлат раҳбарлари, вазирлик ва ҳокимлик мутасаддиларининг халқ билан мулоқот қилиб, уйма-уй юриб, оддий инсонлар ҳолидан хабар олгани, энг муҳими, муаммоларни аниқлаб, уларни ижобий ҳал қилганига барчамиз гувоҳмиз. Ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳаёт бу қадар тезкор ва қисқа муддатда ислоҳ этилмаган. Буларнинг барчаси биргина инсоннинг ватанпарварлиги, халқ яхши яшашни бугун истаётгани, натижаларни бугун кўриши шартлигини чуқур англагани, барча раҳбар ходимларни ҳам шунга даъват қилгани натижасидир. Бу барчани фаровон яшашга, ўз бахти учун курашишга илҳомлантирмоқда.
Ўтган йилда биринчи навбатда ижтимоий соҳага эътибор қаратилди. Аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ишлари янада яхшиланиши назарда тутилган тадбирлар амалга оширилди. Янги бошлаган йилда бу ишлар узвий давом эттирилган ҳолда ёшларга, бюджет соҳаси ходимларига, кам таъминланган аҳолига арзон уй-жойлар қурилиши миқдори янада ортади. Мурожаатномада тиббиёт соҳаси, таълимни, айниқса мактабгача таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш, капитал ва жорий таъмирлаш ишлари кенгайтирилиши ва жадаллаштирилиши алоҳида таъкидланди. Фан, маданият ва санъатни моддий қўллаб-қувватлаш ишлари янада кенгайтирилиши, шунингдек, спорт ва жисмоний тарбия соҳасини янада ривож топтириш ишлари пировард мақсад эканига эътибор қаратилди.
Президентимиз бошқарув тизимини ислоҳ этиш ишлари давом эттирилиши, вазирлик ва идоралар бажараётган ишларни баҳолаш сифат ва мезонлари ишлаб чиқилишига урғу берди. Бундан ташқари, 2018 йилда жойларда маҳаллий ҳокимликлар ваколатлари кенгайтирилади. Энди ҳоким туман, шаҳардаги иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа, маъмурий бирликдаги барча лавозим раҳбар ходимларини ўзи тайинлайди ва ишдан олади. Бу билан нафақат, ҳар раҳбар ходимнинг, балки туман, шаҳар ҳокимининг масъулияти янада ошади. Ўзи танлаган кадрлари ва амалда бажарган ишлари учун ҳокимнинг ўзининг жавобгарлиги ортади. Яхши ишлаган, яхши команда йиға олган ҳокимнинг нуфузи ортади. Энг муҳими, бундан кейин ҳар бир ҳоким ўзи раҳбар ҳудуднинг маънавият ҳомийси, маънавий етакчиси бўлиши лозим. Зеро, маънавият асосига қурилмаган бирор жамият том маънодаги тараққиётга эриша олмаслиги тайин.
Давлатимиз раҳбари таклиф этган ислоҳотларда, дунё парламентаризми яхши намуналари билан мамлакатимизда илк бор жорий этилиши назарда тутилган ишлар ҳам бор. Масалан, Олий Мажлис қошида Фуқаролар жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат Кенгаши ташкил этиш, Президент ҳузурида “Жамоатчилик фонди”нинг тузилиши, чет элларда яшаётган ва ишлаётган ватандошларимиз билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида давлат концепциясини ишлаб чиқиш кабилар таҳсинга лойиқ.
Мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган, сифатсиз инвестиция дастурларини тузиш ва лойиҳаларни режалаштириш ишларига барҳам берилди. Амалий натижадорлик, инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мезони қилиб белгиланди. Мамлакатимиз Президенти томонидан 2018 йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилиши ҳам давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтишдан даракдир. Бу янги инновацион ғоялар дегани, янгидан-янги технологиялар дегани, янгича ҳаёт, янгича дунёқараш деганидир албатта...
Хуллас, мазкур мурожаатнинг ҳар бир бандида мужассам бўлган вазифаларни сидқидилдан бажариш ҳар биримизнинг асосий мақсадимиз ва бурчимизга айланиши шарт.
Наим НИЁЗОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
илмий экспертиза бўлими бош мутахассиси

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.