ШЕЪРИЯТ ДАҲОСИ МАНГУ БАРҲАЁТ!

ШЕЪРИЯТ ДАҲОСИ МАНГУ БАРҲАЁТ!ШЕЪРИЯТ   ДАҲОСИ     МАНГУ  БАРҲАЁТ!

( 6-7 февраль кунлари Навоий шаҳрида “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий - маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги II Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.)

Бутун шеърият салтанатининг ер юзидаги қаҳрамони сифатида тан олинган Алишер Навоий даҳоси асрлар оша элларни –элларга, дилларни -дилларга боғлаб келмоқда. Низомиддин Мир Алишер 7 ёшидаёқ буюк муҳаддисимиз Бухорий ҳазратларининг олти мингдан зиёд ҳадиси шарифларини ёд билгани, ғазал, рубоий, туюқ, фард, қитъа, мухаммас, мусаддас, мусаллам каби жами 16 та адабий жанрда ижод қилгани билан бутун дунё адабий оламини лол қолдирган. Унинг ҳар сатри, ҳар бир сўзи ўзида бетакрор маъноларни сингдиргани билан ўлмасдир. Шоир асарларининг қиёси ва тенги йўқ. Дунё дунё бўлиб, ҳали 1 миллион 378 минг 660 та бетакрор сўз ишлатган бундай даҳони кўрмаган.
Ўзи яшаган даврнинг ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро ҳам қуйидаги мисраларида уни шоирларнинг жаҳонгири деб таърифлайди:
Эрур сўз мулкининг кишваристони,
Қаю кишваристон хисрав нишони.
Дема хисравнишонким, қаҳрамони,
Эрур гар чин десанг соҳибқирони.

Дарҳақиқат, шоирларнинг султони Алишер Навоий Темурийлар салтанатининг давомчиси бўлган улуғ ҳукмдор Ҳусайн Бойқаро томонидан шеъриятнинг соҳибқирони дея бекорга таърифланмади. Мана салкам олти асрким унинг назмий саройидан миллионлаб кўнгиллар баҳраманд. Олти асрким унинг сатрлари кишини ҳайратга солади, комилликка етаклайди.
Шарқу Ғарбда, Шимолу Жанубда , етти иқлимда Навоийни билади, тан олади, Навоийни ўрганади. Шоирга эҳтиром рамзи сифатида Токио, Боку, Москва, Алмати, Тошкент, Самарқанд, Навоий шаҳарлари билан бир қаторда Шанхайда ҳам унинг ҳайкали ўрнатилган.
-Ўз навбатида Навоий ижодига эҳтиром кўрсатган давлатлар ва олимлар юртимизда алоҳида қадрланганлигини ҳам эътироф этиш мумкин,-дейди навоийлик олим, филология фанлари номзоди, Халқаро конференция ташкилий қўмитаси аъзоси Улуғбек Сатторов. - Ўзбек маданиятига эҳтиром ва буюк шоир ўлмас ижодининг эътирофи сифатида Сока университети ҳудудида ўзбек халқининг улуғ мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилиб, ҳар йили 9 февралда мазкур университетда Навоийхонлик тадбири ўтказилиши, ёдгорлик пойига гуллар қўйилиши анъанага айланган. Ўз навбатида, Алишер Навоий адабий меросининг тарғиботига қўшган муҳим ҳиссаси учун “Сока Гаккай Интернейшнл” Япония будда уюшмаси президенти Д. Икеде “Навоий шаҳрининг фахрий фуқароси” унвонига сазовор бўлганди.
Ҳар йили қишнинг рутубатли дамлари билан баҳорнинг соғинчли лаҳзалари маконида шоир меҳрининг ўлмас нафасини юракдан ҳис этамиз. Бутун дунё аҳли Навоийга таъзим қилади, уни ёд этади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шоир ижоди ҳар қандай даврга лаббай, деб жавоб бера оладиган юксак ғояларга тўлиқ эканлигини алоҳида эътироф этиб, “Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади. Шу маънода, буюк Алишер Навоий бобомизнинг «Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами» деган сатрларида қанчалик чуқур ҳаётий ҳикмат, фалсафа бор. Яъни бу дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир, халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди, деб таъкидламоқда улуғ бобомиз. Бу ўлмас сатрлар бизнинг бугунги ҳаётимиз билан, бизнинг орзу-интилиш ва амалий ҳаракатларимиз билан нақадар ҳамоҳанг экани одамни ҳайратга солади” деган эди.
Алишер Навоий номи билан аталувчи вилоятда ҳар йили ўтказиладиган конференцияларга халқаро тус бериш таклифи ҳам Юртбошимизнинг ташаббуслари эканлигини алоҳида эътироф этиш керак.
Бу хайрли ташаббус боис ўтган йили Навоий шаҳрида “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги I илмий-амалий конференция ўтказилиб, Навоий даҳосига яна бир карра эҳтиром кўрсатилди.
Бу йил иккинчи маротаба ўтказилаётган анъанавий тадбирга янада кенг тайёргарлик кўрилди. Жумладан, унда юртимизнинг 200 нафарга яқин навоийшунослари ҳамда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан Навоий ҳаёти ва ижодининг янги қирраларини кашф этган навоийшунос олимлар иштирок этиши кўзда тутилган. Хусусан, Венгрия, Туркия, Эрон, Тожикистон, Афғонистон, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Жанубий Корея, Кувайт ва бошқа қатор мамлакатларнинг нуфузли олимлари вилоятимизга ташриф буюриши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг етакчи навоийшунос олимлари, академиклар ва чет эллик илм ва фан намоёндаларининг маърузаларида Алишер Навоий ижодининг барча олмос қирралари ўз аксини топиши аниқ! Зеро шеърият даҳосига бундай буюк эҳтиром қалбларни худди шоир асарларидаги офтобдек ёритиши муқаррардир! Навоийликлар эса бу шарафли номга муносиб бўлишдек бахт ва масъулият юкини юракдан ҳис этиб яшайди. Навоий шарафи шунинг учун ҳам ўлмас ва муқаддасдир!

Қадим юрт не улуғ даҳолар кўрди,
Кўрди халқ бетакрор алломаларни.
Кўнгилларга не-не Фармонлар бердик,
Олис-олислардан келар қутлуғ сас:
«Навоий шарафи яшар муқаддас!»

Дунёни титратиб Султонлар ўтди,
Қиличи қон сўраб ҳоқонлар ўтди.
Изидан зор йиғлаб АРМОНлар кетди,
Асрлар дардидан эзилган нафас:
«Навоий шарафи яшар муқаддас!»

Фарҳоду Ширинлар меҳри жондадур,
Сиз ёққан чироқлар миллион тандадур.
Ҳар бир сўзингизга жоним бандадур...
Ишқнинг озорлари солинган қафас:
«Навоий шарафи яшар муқаддас!»

Беш аср меҳрига йўғрилган китоб,
Наволар минг йиллар жаранглар- хитоб.
Руҳингиз юртимдан қутлуғ тўй сўраб,
Дунё бўйлаб кезар илоҳий ҳавас:
«Навоий шарафи яшар муқаддас!»

Маруса ҲОСИЛОВА,
“ Инсон ва қонун” мухбири

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.