БАШАР ТАРИХИНИНГ БУЮК ШОИРИ тилларда, дилларда, элларда ДОСТОН!

БАШАР ТАРИХИНИНГ БУЮК ШОИРИ
тилларда, дилларда, элларда ДОСТОН!


Бутун шеърият салтанатининг ер юзидаги қаҳрамони сифатида тан олинган Алишер Навоий даҳоси асрлар оша элларни –элларга, дилларни -дилларга боғлаб келмоқда. Низомиддин Мир Алишер 7 ёшидаёқ буюк муҳаддисимиз Бухорий ҳазратларининг олти мингдан зиёд ҳадиси шарифларини ёд билгани, ғазал, рубоий, туюқ, фард, қитъа, мухаммас, мусаддас, мусаллам каби жами 16 та адабий жанрда ижод қилгани билан бутун дунё адабий оламини лол қолдирган. Унинг ҳар сатри, ҳар бир сўзи ўзида бетакрор маъноларни сингдиргани, инсонпарварлик ва эзгуликни, адолат ва ҳақиқатни, муҳаббат ва садоқатни тараннум этгани билан ўлмасдир. Шоир асарларининг қиёси ва тенги йўқ. Дунё дунё бўлиб, ҳали 1 миллион 378 минг 660 та бетакрор сўз ишлатган бундай даҳони кўрмаган.
Ҳатто шоир яшаган даврнинг ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро ҳам Алишер Навоийни шоирларнинг жаҳонгири, шеъриятнинг соҳибқирони деб таърифлаб, унга юксак баҳо берганлиги тарихдан маълум. Дарҳақиқат, мана салкам олти асрким унинг назмий саройидан миллионлаб кўнгиллар баҳраманд. Олти асрким унинг сатрлари кишини ҳайратга солади, юксакликка, комилликка етаклайди.
Шарқу Ғарбда, Шимолу Жанубда , етти иқлимда Навоийни билиб, тан олиб, Навоийни ўрганиш борасидаги янги қадамларнинг ортиб бораётгани бу буюк даҳога эъзоз намунаси. Шоирга эҳтиром рамзи сифатида Токио, Боку, Москва, Алмати, Тошкент, Самарқанд, Навоий шаҳарлари билан бир қаторда Шанхайда ҳам унинг ҳайкали ўрнатилган.
Ҳар йили қишнинг рутубатли дамлари билан баҳорнинг соғинчли лаҳзалари аро шоир меҳрининг ўлмас нафасини юракдан ҳис этамиз. Бутун дунё аҳли Навоийга таъзим қилади, уни ёд этади. Юртимизда бу сана катта байрам қилинади.
Алишер Навоий номи билан аталувчи вилоятда ҳар йили ўтказиладиган конференцияларга халқаро тус бериш таклифи ҳам Юртбошимизнинг ташаббуслари эканлигини алоҳида эътироф этиш керак.
Бу хайрли ташаббус боис ўтган йили Навоий шаҳрида “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги I илмий-амалий конференция ўтказилиб, Навоий даҳосига яна бир карра эҳтиром кўрсатилди.
Бу йил иккинчи маротаба ўтказилган анъанавий тадбир доираси янада кенгайди. Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бошланган халқаро конференцияда Навоий вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси К.Турсунов иштирок этиб, буюк мутафаккир ҳаёти ва ижоди, бебаҳо мероси, аллома асарларининг инсоният тамаддунидаги аҳамияти хусусида сўз юритиб, барчани қутлуғ байрам билан табриклади.

Академик Бахтиёр Назаров раислик қилган анжуманда юртимизнинг 200 нафарга яқин навоийшунослари ҳамда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан Навоий ҳаёти ва ижодининг янги қирраларини кашф этган Навоийни севган академиклар, олимлар иштирок этиб, улуғ шоир ижоди ва шахсига буюк ҳурматларини изҳор этдилар. Хусусан, Туркия, Эрон, Афғонистон, Қувайт, Монголия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Украина ва бошқа қўплаб мамлакатлардан ташриф буюрган дунёнинг етук навоийшунос олимлари ва тадқиқотчиларининг маърузаларида Алишер Навоий ижодининг барча олмос қирралари ўз аксини топди . Халқаро конференцияда сўзга чиққанлар томонидан ҳозирги глобаллашув даврида миллий ўзликни англаш, аждодларимиз яратган бетакрор илмий-ижодий меросни чуқур ўрганиш, уни халқимиз, айниқса, ёшлар онгига сингдириш муҳим аҳамиятга молик эканлиги таъкидланди.
“Навоий ижодиётининг маъно, мавзу, диний ва тасаввуфий қатламлари”, “Навоий ижодининг чет элларда ўрганилиши”, “Навоий давлатчилиги ва раҳбар маънавияти ҳақидаги қарашлари”, “Ҳозирги ўзбек тили, адабиёти ва халқ оғзаки ижоди” мавзуларидаги 4 та шўъба йиғилишларида ҳар бир мавзу, ҳар бир асар ҳақида чуқурроқ мулоҳаза юритилди.
-Биз Афғонистон ўзбеклари, Навоийни севган каби Ўзбекистонни ҳам севамиз, она тилини севамиз,- дейди Афғонистон Президенти девони мутахассиси Аррал Ҳабиби.- Ўзбекистон мустақилликни эълон қилганда, биз худди ўзимиз озодликка эришгандек қувонганмиз. Ўзбекистон билан ўртамиздаги дўстона алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётганлигидан мамнунмиз. Айни пайтда иккала давлат ўртасида 23 та шартнома имзоланганлиги албатта биз учун катта имконият ва ишончдан далолатдир. Биз Ўзбекистонни юксак қадрлаймиз, шунинг учун ҳам Афғонистонда Президент Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан 2016 йилда таъсис этилган Алишер Навоий орденини биринчи бўлиб ўзбекистонлик Халқаро Бобур жамғармасига топширилганлиги бу юрт биз учун нақадар қадрли эканлигини исботлаб турибди.
Халқаро анжуман иштирокчиларининг ҳар бири Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганишни ўзининг муқаддас бурчи деб ҳисоблаши ҳар бир маъруза ва чиқишларда яққол намоён бўлди.
-Навоийни билиш, ўзлигимизни билиш демакдир,-дея фахр –ифтихор билан шоирнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини украин тилида таржима қилинган китобини Навоий вилояти ҳокимига совға қиларкан, буюк шоир асарлари ҳар бир замонда, ҳар бир маконда азиз ва қадрли эканлигини алоҳида эътироф этди ЎзбекистоннингУкраинадаги элчиси Алишер Абдуллаев.
-Навоийликларнинг бу қутлуғ тўйга муносиб совғаси бор,-дейди Навоий вилояти ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Солиев.- Улуғ бобокалонимиз таваллудининг 577 йиллиги шарафига бағишланган анжуман доирасида вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан “Ёш навоийхонлар” танловининг ўтказилиши , унда туман ва шаҳар мактабларининг икки ярим мингдан зиёд ўқувчиси иштирок этганлиги жуда қувонарли ҳол. Танлов якунида Кармана туманидаги 4-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Навоий ғазалларини энг кўп ёд олган Иброҳим Ғаффоров ғолиб деб топилиб, конференциянинг якуний тадбирида унга вилоят ҳокимлиги томонидан “Spark” автомобилининг калити топширилди. Навоий даҳосига бундай эҳтиромдан барчанинг боши кўкка етди.
Тадбир иштирокчилари учун ташкил этилган Алишер Навоийнинг 50 турдан ортиқ китоблари кўргазмаси ҳам кўпчиликка манзур бўлди.
Алишер Навоий ижодининг қайси қирраси ҳақида сўз юритмайлик, бачасида инсонпарварлик, яхшилик ва адолат йўлидаги орзу умидлар талқинини, Ватаннинг, озодликнинг, асрлар дардининг тасаввурларини ҳис этамиз. Шоир тараннум этган ғоялар шу қадар буюкки, улар асрлардан асрларга ўтиб, янгича сайқал топмоқда, кўнгил гавҳарига айланмоқда.
Мана бу сатрлар минг йиллар ўтса ҳам , ҳеч қачон ўз қадри -қимматини йўқотмаслиги, ВАТАН тушунчаси бугун ва эрта учун ҳам ҳар қандай вазиятда муқаддас эканлигини исботлаб турибди:
Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,
Булбулга тикондек ошиён бўлмас эмиш.
Анжуманнинг бадиий кечасида башарият тарихида даҳо шоир бўлган Алишер Навоий ғазаллари оҳангларга қорилиб, жаҳон ичра жаҳон бўлиб, замон ичра замон бўлиб, баралла янгради, дилларга янги куч- қувват ва қувонч бахш этди.

Маруса ҲОСИЛОВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.