КАСБИГА СОДИҚ ИНСОН

Тўйхат ўрнида
КАСБИГА СОДИҚ ИНСОН
Нурилла Султонов Хатирчи туманида таваллуд топган, лекин бутун умр иш фаолияти давомида вилоят ташкилотларида хизмат қилди. У салкам 45 йиллик меҳнат мундарижасининг қарийб 30 йилини табиат ва атроф -муҳит муҳофазаси соҳасига бағишлаган жонкуяр мутахассислардан бири. Табиатнинг ноёб мўъжизалари, бебаҳо неъматлари, ҳатто чўлу саҳроси ҳам Нурилла акага қадрли ва азиз. Чунки унинг бутун ҳаёти, меҳнат фаолияти табиат бахш этган қувончли ва ташвишли хотираларга тўлиқ.
Ўзининг экология, атроф -муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги фаолиятини Тошкент политехника институтини тугатгач, Ватан олдидаги йигитлик бурчини адо этиб, ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач 1984 йилда Навоий вилоят сув хўжалик бошқармасига қарашли сув ресурсларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш инспекцияси катта инспектори сифатида бошлаган Н. Султонов қатор йиллар сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича етакчи мутахассис, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида ҳавони муҳофаза қилиш назоратида, ер, ер қаърини ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш, қўмитанинг аналитик назоратга ихтисослашган инспекциясида ҳамда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида 1-тоифали инспектор сифатида фаолият кўрсатди.
У бутун меҳнат фаолияти давомида Ер, Сув, Ҳавонинг нафақат инсон ҳаётида, балки жамийки тирик мавжудот, борлиқ учун бебаҳолигини юракдан ҳис этди ва ана шу неъматларни асраб-авайлашга, муҳофаза қилишга, улардан оқилона фойдаланишга амал қилибгина қолмай, бошқаларни ҳам шунга даъват этди, ёшларни табиатни севишга ўргатди.
Тажрибали мутахассис Нурилла ака Султонов ҳамкасблари, шогирдлари ўртасида камтарин, хокисор инсон сифатида алоҳида ҳурмат қозонган.
-Ўз ишига фидоий, ўз касбига садоқатли Н. Султоновнинг ҳаёти, меҳнат фаолиятидан ҳақиқатан ҳам ўрнак олса арзийди,-дейди вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Хайрулло Бақоев.- Ўзининг қутлуғ 60 ёшини қаршилаган Нурилла акани жамоамиз номидан самимий муборакбод этиб, умрингиз бундан ҳам зиёда бўлсин, деймиз!
Ўз мухбиримиз.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.