НАВОИЙДА САЙЁР ХИЗМАТЛАРНИНГ СОНИ ва СИФАТИ ОШАДИ

НАВОИЙДА САЙЁР ХИЗМАТЛАРНИНГ
СОНИ ва СИФАТИ ОШАДИ
Бугун Ўзбекистондаги ўзгаришлар, янгиланишлар, ривожланишлар суратини йиллар, ойлар, кунлар билан эмас, ҳатто соатлар билан белгилаш мумкин. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “...Чунки халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақлидир” дея таъкидлашлари бежиз эмас эди.
Халқ манфаатини кўзлаб қилинаётган барча сайъи ҳаракатлар замирида Ўзбекистоннинг ёруғ келажаги мужассам. Буни барча соҳалар қатори инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси, хизматлар кўрсатишдаги афзалликлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Маълумки, Навоий вилоятининг умумий майдони 110,99 минг кв.кмни ташкил этиб, ҳудуди катталиги жиҳатидан Республикамизда Қорақалпоғистондан кейинги ўринда туради. Вилоятнинг Қизилқум кенгликларида жойлашган айрим ҳудудлари қўшни Қозоғистон давлати билан чегарадош бўлиб, олис овулларнинг вилоят марказидан узоқлиги 400 ҳатто 500 километрга чўзилишини инобатга оладиган бўлсак, Президентимиз томонидан аҳоли учун яратилаётган қулайлик ва берилаётган имтиёзларнинг нечоғлик қимматли эканлигини ҳис этиш қийин эмас.

Яқин-яқин вақтларгача фуқароларимиз арзимаган икки энлик битта маълумотнома олиш учун ҳам турли идоралар эшигида соатлаб, кунлаб, ҳатто ойлаб сарсон-саргардон бўлганига кўпчилигимиз гувоҳмиз. Бугунги кунда одамларниг оғирини енгил қилиш, уларга барча соҳаларда намунали хизмат кўрсатиш, халқнинг дарду ташвиши билан яшаш энг олий саодат деган инсонпарварлик ғоясини ўзига сингдирган ҳаётбахш ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган улуғвор ғояни сўзсиз амалга оширишни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5278-сон Фармоии ҳамда худди шу куни Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ 3430-сон қарори ана шундай халқ манфаатларини кўзлаб, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларини олдини олишга қаратилган муҳим ҳужжат сифатида одамлар ҳаётига янгиланишлар нафасини олиб кирди, десак асло муболаға бўлмайди.
Мазкур фармон ва қарорниг ижросини таъминлаш борасида Навоий вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят адлия бошқармаси ҳамда Давлат хизматлари кўрсатиш агентлигининг вилоят бошқармаси ходимларининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти натижасида вилоятнинг марказдан олисда жойлашган ҳудудлари учун учрашувлар, кенг тушунтириш ишлари, энг муҳими сайёр хизматлар кўрсатилмоқда.
Бу борадаги хизматлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида вилоятдаги мавжуд 10 та шаҳар ва туманлардаги давлат хизматлари марказларига 10 та “Дамас” автомобили топширилди.
Навоий шаҳридаги “Ёшлар” марказида ташкил этилган автомобилларни тантанали топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р. Давлетов, Навоий вилояти ҳокими Қ. Турсуновлар иштирок этиб, ҳукуматимиз томонидан тақдим этилган ушбу автомашиналар давлат хизматларини тубдан яхшилашга ҳамда нафақат давлат хизматлари агентлиги ходимларининг , балки навоийнинг энг олис ҳудудларида яшаётган халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиши шубҳасиз эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Адлия вазири Р . Давлетовнинг таъкидлашича, ислоҳотларнинг янги босқичи, бугунги жараён ва янги механизмлар халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашга, уларнинг давлатдан рози бўлиб яшашига хизмат қилади ва ФУҚАРОЛАР ЭМАС, ҲУЖЖАТЛАР ҲАРАКАТЛАНИШИГА тўла асос бўлади.
Маруса ҲОСИЛОВА

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.