Шаффоф механизм

Шаффоф механизм
ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИГА ИШОНЧ-
эртанги кунга, келажакка ишонч!
Бир вақтлар фуқароларимиз арзимаган икки энлик битта маълумотнома олиш учун ҳам турли идоралар эшигида соатлаб, кунлаб, ҳатто ойлаб сарсон-саргардон бўлганига кўпчилигимиз гувоҳмиз. Бугунги кунда халқнинг оғирини енгил қилиш, уларга барча соҳаларда намунали хизмат кўрсатиш мақсадида Фармон ва қарорлар, турли меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
2017 йил 1 февралдан Ягона марказларнинг туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кейинги қадам бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини берди.
2017 йил 1 апрелдан бошлаб рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилганлиги «Doing Business 2018» глобал рейтингидаги «Бизнесни рўйхатдан ўтказиш» кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга яхшилашга хизмат қилганлиги ҳам бу борадаги муваффақиятлардан бири саналади.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган улуғвор ғояни сўзсиз амалга оширишни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ 3430-сон қарори худди ана шундай халқ манфаатларини кўзлаб, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларини олдини олишга қаратилган яна бир муҳим қарор сифатида янгиланишлар нафасини олиб кирди, десак асло муболаға бўлмайди.
Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5278-сон Фармонини ижро этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида қабул қилинган мазкур қарор билан янги Агентликнинг марказий аппарати тузилмаси, туман ва шаҳар давлат марказлари намунавий тузилмаси тасдиқлангани барчага маълум.
Агентлик директори мақоми ва меҳнат ҳақи шарт-шароитларига кўра, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосарига, Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари тегишлича Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларига тенглаштирилганлиги бу албатта мазкур тузилмага катта ишонч ва юксак масъулият намунаси ҳисобланади.
Давлат хизматлари Агентлигининг асосий вазифаларидан бири, жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишдир.
Фармон билан 2018-2020 йилларда босқичма-босқич жорий этиладиган “ягона дарча” тамойили асосида жисмоний ва юридик шахсларга фақат Давлат хизматлари марказлари орқали 58 та давлат хизматлари кўрсатилиши белгиланди. Мазкур рўйхатга кўра, 2018 йил 1 апрелга қадар:
- якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) рухсат бериш.
- қурилиши тугалланган (реконструкция қилинган) объектни фойдаланишга қабул қилиш.
- болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича ариза бериш ва бошқалар.
Хусусан, 2018 йил 1 сентябрга қадар эса:- туғилганликни қайд этиш;- ФХДЁ ва нотариат органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш;- Судланганлик ҳақида маълумотнома бериш; - Жисмоний шахс — солиқ тўловчининг солиқ ва бошқа қарзи йўқлиги (борлиги) ҳақида маълумотнома бериш ва ҳоказолар.
Шунингдек, 2019 йил 1 январга қадар эса,
- турган жойи бўйича прописка қилиш, пропискадан чиқариш, ҳисобга олишга ариза бериш ва бошқалар.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги ПҚ-2412-сон ва 2017 йил 1 февралдаги ПҚ-2750-сон қарорларига асосан Давлат хизматлари марказлари орқали тадбиркорлик субъектларига 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг январь ойида марказлар томонидан 919 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. Шундан 43 таси сайёр (яъни бозорлар, савдо комплекслари ҳамда маҳаллаларда) рўйхатдан ўтказилди.
Шу билан бирга январь ойида 739 та тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатилиб, уларнинг мурожаатлари ҳал этилди.
Шунингдек, Агентликка давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилиши нуқтаи назаридан текшириш;
давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига аниқланган қонунбузилишлар, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантириш;
давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо кўллаш;
Марказлар орқали уларнинг бинолари ва туташ ҳудудларида реклама фаолиятини, шунингдек, юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг муҳр ва штампларини тайёрлаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқлари ҳам берилди.
Шу ўринда оддийгина мисолни келтириш мумкин. Масалан, вилоятимиз марказидан салкам 400 километр олисда жойлашган Қизилқум ҳудудидаги Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ёки Томди туманларидан никоҳдан ўтувчи ёшларга никоҳда турмаганлиги тўғрисидаги маълумотнома вилоят адлия бошқармаси ҳузуридаги архив томонидан берилади. Архивга ариза билан мурожаат қилиш ва маълумотномани олиш учун шунча узоқ йўл босиб икки марта вилоят маркази -Навоий шаҳрига келиб- кетиш айтишга осон. Бундан кейин ана шундай оворагарчиликларга барҳам берилиши ҳам халқимизнинг кўнглидаги гап.

Буларнинг барчаси фуқароларга ягона ва ишончли давлат хизматлари кўрсатишга, энг асосийси халқнинг рози бўлиб яшашига асос бўлиши табиий.
Баҳодир ТОШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги
Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.