Конвенцияни биласизми? ЎЗИНГИЗНИ ХЎРЛАТИБ ҚЎЙМАНГ!

Конвенцияни биласизми?
ЎЗИНГИЗНИ ХЎРЛАТИБ ҚЎЙМАНГ!Конвенцияни биласизми?  ЎЗИНГИЗНИ  ХЎРЛАТИБ   ҚЎЙМАНГ!
Онани Ватанга қиёслаймиз, эъзозлаймиз. Аёлни оиламиз чироғи, кўнглимиз фароғати дея ардоқлаймиз. Аммо Аёлга бахт бердик, деб гоҳо унинг елкасига оғир юкларни ҳам ортиб қўямиз. Нозик елкасида оғир юклар билан анча жойга бориб қолган инсонни соғлигини ўғирлаб, хаста бўлганида меҳримизни ундан дариғ тутамиз “ кунда касал, жонимга тегди” дея гоҳо зуғум қиламиз... Гоҳида қўлдан кетган омадимиз учун ҳам аёлдан аламимизни оламиз...
Ҳаёт эса қувонч билан ғамларга қоришиб, оғир синовларни бошга солиб давом этаверади. Оилага дарз кетиб, ажралиш бекатига келганда, албатта бир этак боласи билан яна аёл ҳеч нарсасиз кўчада қолади. Алимент тўлаш ҳам малол келганида, ойлик маошини яшириб, сохталаштириб, арзимаган пулни кўчирадиган фирмаларни топиб, ўз фарзандига бир парча нонни раво кўрмайдиганлар эса наҳотки, бизнинг эркаклар, дея ўйланиб қоламиз.
Бунга нима сабаб? Ўз қадрини билмаганнинг қадрига биров етармиди дейсизми? Ёки ҳуқуқи поймол бўлганларни ҳимоя қила олмаётган жамиятдами айб? Айб кимда?!
Навоий шаҳридаги “Камилла” меҳмонхонаси Мажлислар залида ўтказилган давра суҳбати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги (CEDAW) Қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг бешинчи даврий ҳисоботига берилган якуний тавсияларга кўра “Миллий ҳаракатлар режаси”нинг бажарилишига бағишланди.
Тадбирда хотин-қизлар қўмитаси, манфаатдор бошқарма ва идоралар, сиёсий партиялар, ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
“Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенция Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган. Аммо қирқ йиллик бу ҳужжатдан ҳамма хабардор ва унга тўлиқ амал қилинмоқда, деб айта олмаймиз.
Тўғри, кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамиятдаги ролини ошириш, улар меҳнатини муҳофаза қилиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишларини қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбиясидаги ролини кучайтиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинаётганлигидан барчамиз яхши хабардормиз.
Аммо шунга қарамасдан, Конвенцияда белгиланган хоти-қизларнинг ҳуқуқлари тўғрисида, аёллар ва эркакларнинг реал тенг ҳуқуқлилиги концепцияси ва БМТнинг хотин-қизларга нисбатан камситишни тугатиш бўйича Қўмитасининг умумий тавсияларидан маҳаллий ҳокимликлар етарлича хабардор эмаслиги аниқ.
Шунингдек, БМТнинг мазкур Қўмитаси аёлларнинг ўзлари, айниқса, қишлоқ жойларда яшовчи хотин-қизлар Конвенцияда мустаҳкамлаб қўйилган ўз ҳуқуқларидан хабардор эмаслиги ва бунинг натижасида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ахборотга эга эмаслигидан хавотирда.
Давра суҳбати иштирокчилари Конвенция ва унинг мазмун моҳиятидан хабардор бўлдилар. Унга амал қилиш, ҳаётга тадбиқ этиш жамиятда хотин-қизларнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаши шубҳасиз, деган хулосага келдилар.
Яна бир аччиқ гап. Очиғини айтиш керак, баъзи масалага дахлдор идора ва ташкилотларнинг ўзи мазкур Конвенция ва унинг мазмун- моҳияти ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслиги ҳам айни ҳақиқат. Ўзи хабардор бўлмаган ҳужжатни ҳаётга тадбиқ этиш ҳақида эса орзу ҳам қилиш мумкин эмаслигини исботлашга ҳожат йўқ.
Миллий ҳаракатлар режасидан кенг ўрин олган Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенцияни ва Концвенциянинг якунловчи тавсияларини чоп этиш ҳамда ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти органлари орасида, шунингдек, маҳаллий фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида тарқатиш, гендер тенглик масалалари бўйича таълим дастурлари ва семинарлар мунтазам равишда ўтказилишига эришиш, олий таълим ва касб-ҳунар таълими талабалари ўртасида Конвенциянинг асосий қоидаларини ўқитиш бўйича курсларни киритиш, аёлларнинг ҳуқуқий маданияти, сайлов жараёнидаги иштироклари, репродуктив саломатлик масалалари, аёллар бандлиги, озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган аёлларнинг кейинги тақдири, оила манфаатлари, эр-хотиннинг мол-мулкини бўлиш юзасидан фуқаролик ишлари юзасидан суд амалиётини такомиллаштириш, аёллар ва оилалар муаммоларини ҳал этишнинг устуворлигини таъминлаш ҳамда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш каби юзлаб вазифаларни амалга ошириш ва Ўзбекистон хотин-қизлари бу имкониятлардан фойдаланишлари ўз ҳаётларини янада яхшилашлари мумкинлигидан далолат беради.
Энг муҳими, ҳаётда, жамиятда ўз ўрнингизни топинг, ким бўлишингиздан қатъи назар, ўзингизни хўрлатиб қўйманг!
Маруса ҲОСИЛОВА

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.