Ҳаёт чорраҳаларида ҲЕЧ ҚАЧОН ОЧИЛМАЙДИГАН ЖИНОЯТЛАР ёхуд ёпиғлик қозонлар қачон очилади?..

Ҳаёт чорраҳаларида
ҲЕЧ ҚАЧОН ОЧИЛМАЙДИГАН ЖИНОЯТЛАР    Ҳаёт  чорраҳаларида 	ҲЕЧ  ҚАЧОН  ОЧИЛМАЙДИГАН    ЖИНОЯТЛАР 		ёхуд  ёпиғлик  қозонлар  қачон  очилади?..
ёхуд ёпиғлик қозонлар қачон очилади?..

Коррупцияга барча қарши, лекин пулни ҳамма яхши кўради. Бир-бирини енга олмаётган ана шу қарама-қаршилик коррупция тегирмонига сув қуяётгани аниқ.
Энг ачинарлиси, ҳеч қачон очилмайдиган, эътибор беринг, ҳеч қачон очилмайдиган жиноятларнинг аксарияти ана шу коррупция билан боғлиқ. Алам қиладиган томони шундаки, кўпчилигимиз биладиган бундай жиноятлар қариндошимиз, қўшнимиз, қадрдонимиз ҳаётида содир бўлмоқда. Лекин уни очишга ҳеч биримизнинг журъатимиз, жасоратимиз етмайди...
Худди мана шу иллат туфайли қанча-қанча тақдирлар ёмонликка туташган, қанча-қанча орзулар саробга айланган. Шу иллат туфайли қанча-қанча одамларнинг адолатга ишончи йўқолган, ҳақиқатдан кўнгли қолган.
Қулоғимизга ҳар куни йўлда, транспортда, кўча-куйда чалинадиган мана бу ҳақиқатларни ошкор қилишга жабрланганларнинг тақдири йўл бермайди:
-Қизим тиббиёт коллежини тугатганига икки йилдан ошди. Қишлоқда бирор жойдан иш топилмади. Ахийри рўзғоримизни боқиб турган сигиримизни сотиб, пулига уни шаҳардаги поликлиникалардан бирига ишга жойлаштирдик. Ойлик маоши 300 минг сўм.
Ажабо, ойлик маоши ишга бориб-келиш учун йўл харажатига ҳам етмайдиган ишга жойлашиш учун бир сигирнинг пули кетса?
-Қизим коллежни тугатиб, олий ўқув юртига ўқишга киролмади. Умри бекор ўтмасин, деб бирор болалар боғчасида ишлаб турсин десак, анча сарсон бўлиб, иложини фақат “гаплашиш” орқали топдик.
Дарвоқе, “гаплашиш”нинг ўз нархи-навоси, баҳоси бор. Масалан, соғлиқни сақлаш соҳасида 6 миллиондан бошланади ( агар ҳозир яна ошмаган бўлса), мактабгача таълим муассасалари ҳам ундан қолишмайди. Мактаб ва коллежларнинг нархи эса анча баландроқ. Завод ва фабрикаларнинг нарху навоси “кўк”ариб кетган.
Эслаб кўринг, кечагина ҳатто болангизни боғчага жойлаштириш учун ҳам рангингиз қанча сарғаярди. Ариза берган болангиз мактабга қадам қўядиган ёшга етганида ҳам гоҳо боғчадаги навбатингиз келмаганига ҳайрон қолардингиз. Сиздан кейин навбатда турганлар эса аллақачон “йўлини қилиб” боласини жойлаштирарди. Хайрият, бу муаммога давлат хизматлари марказлари ёрдамида чек қўйилди.
Афсуски, ҳали очилмайдиган жиноятлар жуда кўп. Агар пора бўлмаса, жуда кўп ҳолларда кўзланган мақсадингиз сари бир қадам ҳам қўя олмаслигингиз аниқ!
Наҳотки, пора замон “талаби”га айланган бўлса? Порасиз иш битмайдиган бўлиб қолди. Ишонмайсизми? Қайси бирини айтайлик. Банкдан имтиёзли кредит олиш учун “югур-югур”у “бер-бер”ларними? Ёки кўп қаватли уй ёки турли шохобчалар қурмоқчи бўлсангиз ерни давлатдан ташқари, ернинг ўз “эга”ларидан ҳам сотиб олишингиз кераклигиними? Жисмоний имконияти чекланган, ёрдамга муҳтожларга бериладиган уйни тўрт мучаси соғлар олиб кетаётганлигиними? Икки йилда ижро қилинмаган баъзи ҳоким қарорларининг пора билан бир ҳафтада бажарилганлигиними? Қай бирини айтайлик?!
Ҳатто Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 январдаги “Кўп квартирали уй-жойларни қурилиши ва реконструкциясини молиялаштириш, шунингдек, ёш оилаларга эскирган уй-жойларда яшовчи ҳамда бошқа тоифадаги уй- жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга кўп квартирали уй-жойдаги квартираларни реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги 14-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари ҳам пора билан ўлчанаётгани халқнинг ишончини йўқотмоқда.
Ҳукумат каттагина амал, қўша-қўша хизмат машиналари бериб, халқнинг дардини эшитсин, уларнинг муаммосини ечсин, деб ишонган баъзи мансабдорлар иссиқ-совуқ кунларда эшигида юпун кийимда дилдираб турган бечора муҳтож одамни сарсон қилиб, таъма қилишини кечириб бўладими? Давлат идоралари халққа хизмат қилиши кераклигини улар наҳотки унутган бўлса?
Ёки оиласида ногирон боласи борларни йўқлаш борасидаги кўзбўямачилик ҳам халқнинг қалбига озор бермоқда. Ногиронга арзимаган бир ҳовуч ширинлик эҳсон қилишга келган депутату маҳалла масъулларининг виқор билан ўз “хайру саховат”ларини суратларга муҳрлаб, турли ижтимоий тармоқлар орқали мақтанишларини, кўпиртириб ҳужжатлаштиришларини қандай баҳолаш мумкин?
Очилмайдиган жиноятлар миш-мишини қилни қирқ ёрадиган ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари наҳотки эшитмаётган бўлса, дейсизми?
Ҳақли савол. Юзлаб одамлар бошидан ўтказаётган бу ҳолатларни керакли идоралар эшитмагани кишини таажжублантириши табиий. Балки улар эшитиб, пора берганнинг ўзи айбдор, деб таъна қилаётгандир. Тўғри, қонунларимизда пора олган ҳам , пора берган ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган. Аммо пора бериш мажбурликдан хуфёна бўлгани учун пора олганнинг жинояти очилмаслиги аниқ. Жонидан ўтганлар гоҳида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмаса, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолаверади... Пора дарахти эса илдиз отиб, кўкка бўй чўзаверади... Бу иллат бор экан, биз бир қадам олдинга юрсак, икки қадам орқага қайтаверамиз... Сиз нима дейсиз?!

Маруса ҲОСИЛОВА


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.