БИЗ КЕЛАЖАК УЧУН ЖАВОБГАРМИЗ!

БИЗ КЕЛАЖАК УЧУН ЖАВОБГАРМИЗ! БИЗ  КЕЛАЖАК  УЧУН  ЖАВОБГАРМИЗ!

Алижон ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилояти партия ташкилоти Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

Мамлакатимизда янги сиёсий куч- янги партия - Ўзбекистон Экологик партияси майдонга чиқди.
Янги партия зиммасига мустақил ривожланиш йилларида мамлакатимизда экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш борасида тўпланган тажрибани янада бойитиш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасида шаклланган илғор халқаро талабларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш вазифаси юкланган. Бугунги глобаллашув жараёнида замонавий Ўзбекистон учун атроф -муҳитни муҳофаза қилиш ва уни соғломлаштириш масаласи ўта долзарб вазифа эканлигини барчамиз жуда яхши биламиз.
Энг аввало, атроф муҳитни асраш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда Она табиатимизни авайлашдек эзгу ишларга бефарқ бўлмаган фуқароларни партия сафига жалб этиш партия дастурида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқаришнинг муҳим омили ҳисобланади.
Партия мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун ўзи ҳақидаги ахборотларни эркин тарқатиш, партия ғоялари, мақсад ва вазифаларини, қарорларини кенг тарғиб қилиш, сайлаб қўйиладиган органларда ўз вакиллари орқали тегишли қарорларни тайёрлашда иштирок этиш, маҳаллий сайловларда иштирок этиш, ўз фаолиятига боғлиқ йиғилиш, конференция ва бошқа тадбирларни ўтказиш, қонунда назарда тутилган тартибда оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳамда турли ОАВдан фойдаланиш ва бошқа ҳуқуқларга эга.
Бугунги кунда Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилояти партия ташкилоти ижроия қўмитаси Кенгаши аъзолари томонидан вилоятдаги ташкилот, корхона ва муассаса ҳамда тадбиркорлик субъектларида партия аъзолигига қабул қилиш юзасидан тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Партияга 18 ёшга тўлган фуқаролар якка тартибда, ихтиёрийлик асосида, амалда белгиланган тартибда аъзо бўладилар ва энг кам иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида аъзолик бадалини тўлайдилар.
Вилоят Экология ва атроф -муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, вилоят Давлат санитария эпидемиология маркази, Навоий давлат педагогика ва Навоий давлат кончилик институтлари, вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси, “Бережливость” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси ходимлари биринчилардан бўлиб партия сафига аъзо бўлдилар.
Кенгаш аъзолари томонидан “Навоийазот” АЖ, Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонаси ва унинг бўлинмаларида, таълим тизими, ободонлаштириш, кўплаб хусусий корхоналарда ишчи-ходимлар билан кенг кўламдаги тарғибот ишлари давом эттирилмоқда.
Ана шундай масъулиятли дамларда мамлакатимизда ёшларнинг экологик билим ва маданиятини оширишга қаратилган муҳим ҳужжат сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги қарори билан Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси тасдиқланганлигини эътироф этиш мумкин. Концепциянинг мақсади ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш, экология соҳасидаги илм-фанни инновацион технологияларни жалб қилган ҳолда такомиллаштиришдан иборатдир.
Концепция мақсадига кўра мактабгача таълим муассасаларида “Эколог болажон” дастури жорий этилади ва “Экологик йўлакчалар”ташкил этилади. Шунингдек, “Она табиат” мавзусида очиқ ҳавода таништирув соатлари,
мактабларда эса “Энг яхши экологик тоза мактаб”, “Энг яхши эколог ўқувчи” кўрик танловлари ўтказилиб, лицейлар ва коллежлар ўқувчилари ўртасида “Экология билимдони” мусобақаси ташкил этилса, олий таълим муассасалари, талабалар турар жойларида “Эко-клублар” фаолияти йўлга қўйилиши белгиланди.
Мазкур концепция “Биз келажак учун жавобгармиз!” ғоясини ўзининг бош шиори сифатида қабул қилган партиямизнинг мамлакатнинг экологик сиёсатини амалга ошириш йўлидаги мақсад ва вазифаларига муштаракдир.
Зиммамизда Ватан ободлиги, элимиз соғлиги, бетакрор табиатимизни келгуси авлодларга безавол етказишдек шарафли вазифа бор. Партиямиз сафига она юртимиз тақдирига дахлдор, унинг мусаффо ҳавоси, тоза суви, ҳар бир қарич ери учун қайғурадиган ҳақиқий ватанпарварларнинг бирлашишини истаймиз.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.