ИЛТИМОС, ЭМЛАШДАН ВОЗ КЕЧМАНГ!

ИЛТИМОС, ЭМЛАШДАН ВОЗ КЕЧМАНГ! ИЛТИМОС, ЭМЛАШДАН  ВОЗ  КЕЧМАНГ!
болам ногирон бўлиб қолса-чи, деган ёмон хаёлларни унутинг!-дейди вилоят Давлат санитария -эпидемилогия назорати маркази иммунология бўлими мудири Чарос ХИДИРОВА.

UNICEFнинг Ўбекистондаги ваколатхонаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган янги лойиҳа иммунизация яъни эмлаш масалаларига бағишланган. Эмлашнинг болалар ҳаётида муҳим ўрин тутиши ҳақида аҳолимизнинг хабардорлиги эса ҳали мақтангулик даражада эмас.
Ўтган йили кутилмаганда мактабда ўқиётган жиянимнинг баданларида қизил тошмалар тошиб, тана ҳарорати кўтарилиб кетди. Овқат у ёқда турсин, ҳатто томоғидан сув ҳам ўтмай қолди. Касални то аниқлагунча, меҳмонга келган ҳомиладор опасига ҳам қизилчалар юқиб олди. Сувчечак чиққанини билгач, хавотирга туша бошладик. Эрта- индин дунёга келадиган болага таъсир қилса нима бўлади, деган ташвишли савол пайдо бўлди. Шифокорларнинг маслаҳати хавотирга ўрин қолдирмади. Чунки жиянларимнинг ҳар иккови ҳам ўз вақтида эмланганлиги учун бу юқумли касаллик асоратини қолдира олмаслиги маълум бўлди. Шифокорлар ҳақ экан. Жияним эсон -омон бу хасталикдан қутилди. Болакай ҳам соғ -саломат дунёга келди. Хуллас, бу касалликнинг давоси ўз вақтида эмлаш эканлигига ўзимиз шоҳид бўлдик.
Ўтмишда эса эмланмаганлиги учун худди ана шу касаллик туфайли ногирон бўлиб қолган, баъзи ҳолларда оламдан ўтган болалар ҳам бўлган. Бундан бир неча йиллар аввал қизамиқ, қорин тифи, қоқшол каби юқумли касалликлардан кўплар азият чекиб, ҳатто фожиали асоратлар ҳам қолганини ёши катталар надомат билан эслайди.
Бугунги кунда юқоридаги юқумли касалликлардан қутулганимизнинг асосий сабаби ана шу хасталикларга қарши эмлашнинг самараси албатта.
Минг афсуски, буни аҳолимизнинг барча қатлами ҳам бир хил тушунмаётганлиги оқибатида фарзандларини эмлатиш муҳимлигини унутиб қўймоқда. Ёки нотўғри эмлаш оқибатида болам ногирон бўлиб қолса- чи, деган ноўрин хавотирли хаёлларга берилиш ҳолатлари ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас.
Қуйида эмлаш ҳақидаги 10 та қисқа саволга мутахассис шифокорнинг 10 та қисқача жавобини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
1 -савол. Ўзбекистонда нечта касалликка қарши эмланади? Бу бошқа давлатларда ҳам бир хилми?
- Мамлакатимизда 12 та юқумли касалликларга сил, шол, дифтерия, вирусли гепатит В, кўкйўтал, қоқшол, қизамиқ, паротит, қизилча, ротавирус, ХИБ, пневмококк инфекцияларига қарши режали эмлаш ишлари олиб борилади. Бошқа давлатларда ҳам жумладан, қўшни давлатларда ҳам худди шу вакциналар ишлатилади, аммо ёш бўйича фарқланади.
2 – савол. Болаларни эмлаш шартми ва мажбурийми? Ундан бош тортиш мумкинми?
- Болаларни эмлаш шарт, мажбурий эмас, бироқ участка врачи тушунтиришига қарамай тўғри тушунмаса, эмлашдан бош тортганлиги тўғрисида ота ёки онасининг тилидан тилхат олинади.
3 -савол: Эмлашнинг салбий оқибатлари борми? Аниқ мисол бўлса айтинг.
- Эмлашнинг салбий оқибатлари йўқ. Бундай салбий оқибатлар кейинги йилларда кузатилмаган.
4 -савол: Эмланган бола билан эмланмаган бола ўртасида қандай фарқ бўлади? ( касалликка чалиниши, ривожланиши, саломатлиги, иммунитети борасида)
- Эмланган бола эмланиши натижасида ўша касалликка нисбатан иммунитет ҳосил қилади ва касалликка чалинмайди. Эмланмаган бола организми ўша касалликка тез чалинишига мойил бўлади.
5 -савол : Эмлашни кечиктириш мумкинми? Ва қандай ҳолларда?
- Албатта эмлашни кечиктириш мумкин, фақат шифокор кўригидан кейин унинг тавсияси билан. Масалан: болада эмлаш олиш куни ҳарорати 37,5 С дан юқори бўлган болаларга эмлаш ўтказилмайди, камида 1 ҳафта эмлашдан кечиктирилади. Соғломлаштирилгандан сўнг шифокор кўригидан кейин эмланади.
6 -савол: Сертификати бўлмаган вакцина билан эмлашнинг оқибатлари қандай бўлади? Аслида бу мумкинми?
- Республикамизга сертификати бўлмаган вакцина киритилмайди, бу мумкин эмас, вилоятга берилаётган ҳар бир вакцинани сертификати билан қабул қилиб оламиз.
7 -савол: Вакцинанинг яроқли ва яроқсизлигини оддий одамлар қандай билса бўлади?
- Вакцинанинг яроқсизлигини билиш бироз мушкул, фақат уни эмлаш бўйича масъул ходимлар билади.
8 -савол: Эмлашни ўргатиш учун махсус курс ёки дастур борми?
- Эмлашни ўргатиш учун буйруқ, йўриқномалар мавжуд.
9 -савол: Вилоятимизда эмлаш фоизи ва даражаси қандай?
- Вилоятимизда эмлаш қамрови 95 фоиздан юқори.
10 -савол: Катта ёшлилар ҳам эмланиши мумкинми? Қандай ҳолларда?
- Катта ёшдагилар эпид кўрсатма асосида ёки “Эмлаш маркази” томонидан вакцина харид қилиб, эмланишлари мумкин. Республика ДСЭНМидан берилаётган вакциналар эса аҳолининг 16 ёшгача бўлган қатламига гуманитар ёрдам орқали берилади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.