ЗЎРАВОНЛИК ЭНДИ ЎТМАЙДИ...

ЗЎРАВОНЛИК ЭНДИ ЎТМАЙДИ...ЗЎРАВОНЛИК   ЭНДИ  ЎТМАЙДИ...
Нурали РАҲМОНОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди судьяси

Мамлакатимизда инсон, хусусан хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда. Жорий йилнинг 17 августида сенаторлар томонидан маъқулланган “ Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг асосий мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан - хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракатлардан химоя қилишдан иборатдир.
Кундалик ҳаётда ва суд амалиётида бундай нохуш ҳолатлар хотин-қизлар ҳаётида тез-тез учраб турганлигига барчамиз гувоҳмиз.
Масалан, ўз фарзандининг меҳрига зор бўлиб юрган она- Лола Камолова ( исм-шарифлар ўзгартирилган) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар- турмуш ўртоғи Шокир Одилов билан 08.05.2012 йилда Қизилтепа тумани ФҲДЁ бўлими томонидан қонуний никоҳдан ўтганлигини, биргаликдаги турмушидан бир нафар 2012 йилда туғилган Алижон исмли фарзанди борлигини, ҳеч қаерда ишламайдиган турмуш ўртоғи оиланинг моддий таъминоти билан умуман қизиқмаганлиги, ҳар куни уйда уруш-жанжал қилиб, уни уйдан чиқиб кетишга мажбур қилганлигини, у 2017 йил июнь ойидан бери ота-онасининг уйида яшаётганлигини баён қилган. Энг ачинарлиси, Ш .Одилов болани ундан тортиб олиб қўйганлигини, ўтган давр мобайнида ўз боласини бирор марта ҳам кўришга қўймаганлигини, фарзандини олиш учун неча маротаба маҳаллага, ҳатто Қизилтепа туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилса ҳам, афсуски фойдаси бўлмаганлигини, суд қарори асосида боласини ўзининг тарбиясига олиб беришни сўраб мурожаат қилган.
Жавобгар эса даъвони тан олмасдан, биринчи суд мажлисида фарзандини даъвогарнинг қарамоғига бермаслигини, хоҳласа уйга бориб, бирга яшашини билдириб, суддан даъвони рад этишни сўраган. Кейинги суд мажлиси ўтказилган кун, вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган бўлсада, узрсиз сабабларга кўра судга келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўриш тўғрисида илтимоснома ҳам тақдим этмаганлиги боисдан, суд Ўз.Р ФПКнинг 220-моддасига асосан ишни унинг иштирокисиз кўришни лозим топди.
Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 75-моддасига кўра ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас, болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим, ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Аслида мазкур моддага кўра барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан ўзаро келишув асосида ҳал этилиши лозим. Агар ота-она ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлса, бу низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳал этилади.
Суд маҳалла ҳамда Васийлик ва хомийлик органи томонидан берилган хулосаларни тинглаб, адолатли қарор қабул қилди. Вояга етмаган Алижон Одилов отаси Шокир Одиловдан онаси Лола Камолованинг тарбиясига олиб берилди. Чунки зўравонлик энди ўтмайди. Қонунларимиз бунга йўл қўймайди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.