ЭЪЗОЗ ВА ЭҲТИРОМГА МУНОСИБ АЁЛ

ЭЪЗОЗ ВА ЭҲТИРОМГА МУНОСИБ АЁЛЭЪЗОЗ  ВА ЭҲТИРОМГА  МУНОСИБ  АЁЛ

Ҳар бир соҳанинг ўз жонкуярлари бўлади. Ўша касб ёки соҳа ҳақида гап кетгудек бўлса, албатта ана шу фидоийлар кишининг кўз олдига келиши ана шундан. Бунга эса ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Касбини севиш, унинг барча машаққатларини ҳис этиш шу соҳанинг қувонч ва ташвишлари билан нафас олиш орқали ўз ишига садоқатли одам, деган юксак унвонга сазовор бўлиш мумкин.
Бошқа соҳалардан фарқлироқ экология соҳасида меҳнат қилиш, шуҳрат орттириш анча мушкул иш. Чунки бу соҳа худди табиатнинг ўзи каби чегара билмайдиган серқирра ва инжиқ соҳа. Она сайёрамизнинг мусаффолиги, оби ҳаётнинг бебаҳолиги, табиий бойликларни асрашга ундовлар, дунёни ташвишга солаётган чиқинди муаммолари, иқлим ўзгариши оқибатидаги флора ва фауна оламидаги ўзгаришлар... “Қизил китоб”даги бойликларимизни увол қилишга уринаётганларга “сабоқ” бериш... буларнинг барчаси биз севган табиатдаги энг мураккаб, энг нозик, энг масъулиятли жараёнларга бефарқ бўлмаслигимизни тақозо этади. Йигирма йилдан буён шу соҳада меҳнат қилаётган Дилфуза Аҳмедова билан суҳбатлашган ҳар бир киши ундаги худди ана шу жонкуярликни, фидоийликни дарров илғаб олади.
Дилфуза Аҳмедованинг таржимаи ҳоли оддий. Навоий туманида туғилган, Навоий давлат кончилик институтини тамомлаган, Навоий вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи лавозимида 2017 йилдан буён фаолият юритади. Аммо у таржимаи ҳолида ёзилмаган ўз касбининг билимдони, соҳа фидоийси, камтарин ва камсуқум, самимий инсон, ажойиб оила бекаси, ҳақиқий ўзбек аёли, меҳрибон она, қадрдон дўст каби ўнлаб фазилатларнинг эгаси.
Ишни 1998 йилда вилоят Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Аналитик назоратга ихтисослашган инспекцияси 1-тоифали табиатни муҳофаза қилиш инспектори сифатида бошлаган Д. Аҳмедова бугунги кунда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритмоқда. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш муаммоси Навоийда бирмунча эътибор талаб қилишини барчамиз жуда яхши биламиз. Унинг фуқароларнинг талаб ва истакларини эшитиш, улкан саноат корхоналаридан ҳавога чиқарилаётган турли зарарли газларнинг миқдорини камайтириш борасидаги сўровлар ҳамда жамоатчилик назоратини ташкил этиш билан боғлиқ фаолияти ҳам эътиборга лойиқ.
Инсон меҳнатига яраша қадрланаётган юртда яшаяпмиз. Мамлакатимизда Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси янада глобаллашган даврда соҳа ходимларининг меҳнати ҳам юксак қадрланмоқда. Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига кўра ажойиб эколог Дилфуза Аҳмедова ҳам “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. У юксак мукофотга, ҳурмат ва эҳтиромга, эъзозга муносиб аёл.
Ўз касбига садоқатли, соҳанинг ҳақиқий фидоийси бўлган замондошимизга Ватан мукофоти муборак бўлсин, деймиз!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.