Чин кўнгилдан пушаймонлар афв этилди

Чин кўнгилдан пушаймонлар афв этилди
Чин кўнгилдан пушаймонлар афв этилди
Кўпинча фуқароларимиз амнистия билан афв этиш иккаласини ҳам бир нарса деб тушунишади. Бир қараганда иккаласининг ҳам мақсади бир хил яъни меҳр-шафқат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб жиноят содир этган шахсни кечириш ва уни жазодан бутунлай ёки қисман озод қилишга қаратилгандир.
Амалдаги қонунларимизда таъкидланишича, афв - бу муайян шахслар учун, унинг шахсини тавсифловчи маълумотларни инобатга олиб жазодан озод қилиш ҳисобланади. Амнистия бўлса аниқ шахсларга эмас, балки умумий тоифаларга эълон қилинадиган норматив актдир. 2008 йилдан буён юртимизда амнистия актини қўллашга оид якуний қарорни судлар чиқариши белгилаб қўйилган бўлса, афвни қўллаш масаласини эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича махсус комиссия ҳал қилиш тартиби жорий этилган.
Афвни қўллаш учун одатда жиноят содир этган шахсларнинг илтимосномаси асос бўлса, амнистия актини қўллашда эса бундай илтимоснома талаб қилинмайди. Амнистия акти эълон қилинганда неча киши тушиши аниқ бўлмайди, афв этилгани ҳақида ҳужжатда эса у кимларга қўлланилаётгани номма-ном ёзилади.
Муҳтарам Президентимиз томонидан 2017 йилдан буён юртимизда маҳбусларни афв этиш қўлланилиб келинмоқда.
Куни кеча ОАВларида Президентимиз Рамазон ҳайити муносабати билан «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонни имзоладилар.
Мазкур Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан, содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 маҳбуслар афв этилди.
Инсонпарварлик тамойилларига мос равишда юртимизда инсон энг олий қадрият эканини ўзида ифода этган бу тарихий Фармон бўйича 16 нафар шахслар асосий жазодан муддатидан олдин озод этилса, 101 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши ва 24 нафари эса озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилиши кўзда тутилган. Шу билан бир қаторда 117 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Фармон ижросини таъминлаш юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилишини ўзи ҳам афв этилаётган шахсларнинг қамоқдан чиққандан кейинги ҳаёти, яшаши, фойдали меҳнат билан шуғулланиши доимий эътиборда бўлишидан дарак беради.
Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг депутати сифатида мазкур Фармоннинг ҳаётбахш эканлиги, қанча-қанча оилаларга қувонч кирганини ҳис этаман. Бу Фармон ортида 258 нафар шахснинг ҳаёти, оиласи , қувончи ва бахти турибди. Мана шу хонадонларда муқаддас байрамларимиздан бири бўлган Рамазон Ҳайити ва уларнинг яқинларини озод этишили қўшалоқ байрам сифатида нишонланади. Албатта бу афв этилган фуқароларимиз яна жонажон оилалари ва яқинлари, севимли иш жойларига қайтиб жамиятимизнинг ҳар томонлама гуллаб яшнаши учун ўзларининг ҳалол меҳнатлари билан ҳисса қўшадилар.
Муҳтарам Президентимиз бутун дунёнинг 5 миллиондан ортиқ аҳолисини ўзига дучор қилган коронавирус пандемияси шароитида халқимизни қўллаб-қувватлаш, руҳини кўтариш бўйича бир неча марта мурожаатлар қилиб, бир нечта муҳим қарорларни имзоладилар. Ҳар бир қарор ва ҳужжат ортида кўплаб инсонлар тақдири турганлиги ва уларга бир оз бўлсада мадад бўлиш масалалари ётади.
Биз депутатлар юқорида қайд этилган афв тўғрисида Фармоннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ўзимиз депутатликка сайланган ҳудудларда яшовчи сайловчиларимизга етказишимиз шарт ва зарур.

Фарҳод ЭРНАЗАРОВ
Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати,
Ижтимоий маданий соҳани ривожлантириш, оила хотин-қизлар ва
ёшлар масалалари бўйича доимий комиссия аъзоси

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.