Энди тилимизни тишлаб ўтирмаймиз!..


Энди тилимизни тишлаб ўтирмаймиз!.. Энди тилимизни тишлаб ўтирмаймиз!..
Нега бошқалардан изн сўрашимиз керак?
Адлия вазирлиги томонидан ўзбек тилининг давлат тили сифатида мақоми ва нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган яхши қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Муҳокаманинг дастлабки дақиқалариданоқ майдонга ватанпарварлар эмас, шовинистлар чиқа бошлади. Нима эмиш “Ўзбекистонда рус тилида гаплашганлар жарима тўлармиш”, “Ўзбекистонда рус тилида сўзлашиш ман этилармиш...” ва ҳоказо , ҳоказо ... асоссиз ва ҳақсиз таъналар.
Энг ачинарлиси, Ватанимизда яшаб, Ватанимиз фуқароси бўла туриб, ўзимизнинг ўзбекларимиздан айримларининг томоғига тош тиқилиб қолгандек... таҳликага тушганига ҳайрон қолдик.
Мустақил Ўзбекистон! Нега ўз тилини ҳимоя қила олмаяпти? Нега ҳар гал давлат тили тўғрисида қонун ёки қарор чиққанда, ўртадан қайсидир манфаатдорларнинг ноғораси чалиниб, ўзгаришлар, бошқача имтиёзлар киритишга йўл қўямиз? Биз нима учун ўз тилимизни ардоқлаш, қадрлаш учун бошқалардан изн сўрашимиз керак? Ахир ўтмишимизда давлат тилимиз ҳақидаги жуда кўп аччиқ “эртаклар” озми бизга?
Оддий мисол. Не-не даҳоларни ўқидик, ўргандик, ёд олдик. Минг шукур. Кам бўлмадик. Аммо бир замонлар ўзимизда етишиб чиққан даҳоларни, буюкларни чет элликлар билганчалик билмай юзимиз қизаргани ҳам ёлғон эмас, рост-ку.
Навоий вилояти биринчи марта 1982 йил 20 апрелда ташкил этилганлигини яхши биласиз. Бундан кўзланган асосий мақсад Қизилқум чўлининг бебаҳо ерости бойликларини ўзлаштириш эди. Бойликлар ўзлаштирилди-ю, лекин орадан кўп вақт ўтмай вилоят тугатилди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач Ўзбекистон харитасида 1992 йил 27 январь куни яна Навоий вилояти пайдо бўлди. Унгача қанча дарёларнинг суви лойқаланди, қанча яхши инсонларнинг бошига “сув қуйдик”...
Кўпинча Навоий интернационал ҳудуд сифатида тилга олинади. Унда 130 га яқин миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Биз уларнинг ҳурматини доимо жойига қўйдик. Улар биздан ўн чандон, юз чандон яхши яшади. Уларга ҳамма нарсани навбатсиз қилиб қўйдик. Уларни бошимизга кўтардик. Бизни ҳақорат қилса ҳам тилимизни тийдик, индамадик. Улар пар ёстиқларда шоҳона яшади. Оғаларимизнинг кўпчилиги ҳатто севимли кучуги билан самолётларда дунёнинг хоҳлаган пучмоғига давлатимиз ҳисобидан учиб бориб келишга ҳақли эди. Бизникилар эса бепоён далаларда жазирама саратонда, совуқ изғиринларда оёғида йиртиқ этик, эгнида ямоқ чопон билан офтоб тегмаган елкасида кетмонини кўтариб тонгларни далада орттирди. Ивановога пахта етиштириб бергани учун қўлларига кишан солинган қариндошларимизнинг изтиробларини ҳали унутганимиз йўқ. Оқ-олтинни яратган олтин қўлларга кишан солган Гдлян ва Ивановларга нега қарши чиқа олмадик, бас келолмадик?
Чунки тилимиз ожиз эди...
Саксонинчи йилларнинг оғриқли лавҳаларини эслаш бугун жуда оғир бўлса ҳам эслашга тўғри келади. Катта-катта залларда рус тилини умуман тушунмайдиган қора кўзлар учун обком партиянинг олифта ўзбеклари рус тилида маъруза қилиб, рус тилида савол-жавоблар қилиши модага айланганлиги ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Ўзимизнинг ўзбеклар ўзимизга бегона эди. Чунки тилимиз ожиз эди...
Шаҳарлар эмас, ҳатто олис қишлоқ туманларида ҳам партия қўмиталарига фақат рус тилини биладиганлар ишга олинган. Ишга қабул қилинганлар партиянинг катта уставини ёдлашга мажбур эди. Уларнинг тилини билмайдиган асл мутахассислар, билимдон зиёлилар мансаб эмас, ҳатто ишсиз қолиб кетди.
Қўли кўксидалиги учун таёқ еганлар бизда эди...
Энг ачинарли томони шундаки, нафақат тилимиз, ҳатто ўзбекона қадриятларимиз оёқости қилинди, топталди. Навоий вилоят партия қўмитасининг Ленинграддан юборилган биринчи секретари Анатолий Ефимов қўлини кўксига қўйиб салом берган ходимлардан бирининг қўлидан урганлари ёлғон эмас, аччиқ ҳақиқат. Унга ҳеч ким нега бундай қилдинг, деган саволни бера олмасди. Чунки тилимиз ожиз эди.
Ўша йилларда юртимиздаги энг маърифатли билимли, илм эгалари, зиёлилар, фан докторлари, академикларни юзи қорага чиқариб ёзилган мақолалар сони кўпайганди. Шулардан Навоий вилояти партия қўмитасининг нашри “Знамя дружбы” газетаси мухбири Россиядан келиб ишлаётган А.Пазовскийнинг рус тилида ёзган туҳмат ва бўҳтонларга қўмилган ана шундай туркум буюртма мақолаларини “Дўстлик байроғи” вилоят газетасига кўз ёшимизни ичимизга ютиб ўзбек тилига таржима қилганимиз алами ҳамон азоб беради. Биз бу маърифатли инсонларнинг яхшилигини, халқимиз, миллатимиз фахри эканлигини билардик, тан олардик аммо айтолмасдик. Айтганимиз билан ҳеч ким бизни эшитмасди. Чунки тилимиз ожиз эди...
Вилоят тугатилиб, гоҳ Самарқанд, гоҳ Бухоро вилоятларига қўшилгач, навоийликларнинг кўпчилиги ишсиз қолди. Айнан газета мисолида оладиган бўлсак, ўзбек тилида нашр этиладиган “Дўстлик байроғи” газетаси биринчи бўлиб эшикларини ёпиб, журналистларни ишсиз қолдирди. Рус тилидаги “Знамя дружбы” газетаси эса Навоий шаҳар газетаси бўлиб, ўз фаолиятини давом эттирди. Биз ўзбекистонлик ўзбек журналистлари ўз юртимизда ишсиз қолдик, олисдаги ўзга юртдан келганлар эса бизнинг юртимизда ўз иш жойини сақлаб қолди...
Чунки бизнинг тилимиз йўқ эди...
Давлатимиз тили- виждонимиз тили бўлсин!
Ёки ўз туғилган она юртимизда “Ассалому алайкум” деган такаллуфимизга “Что хотите?” деган совуқ саволлар билан қанча эшиклар юзимизга қарсиллаб ёпилгани ёлғонми?
Саксонинчи йилларда бир катта йиғилишда чорвадор ўрнига рус тили ўқитувчиси чиқиб, ҳар куни шунчадан сут соғаяпмиз деганини ҳам кўпчилик ҳозиргача яхши эслайди. Рус ёзувчисининг асарини билмаган, ўқимаганларни ишга қабул қилмаслик ҳоллари ҳам бизнинг Навоий тажрибасида бўлган.
Хитой давлатига қилган ижодий сафаримиз чоғида чин мамлакатида ўз давлат тилига ҳурмат ва эътиборга тан бердик. Аксарияти Америка Қўшма Штатлари, Англия ва бошқа ривожланган давлатлардаги энг нуфузли олий даргоҳларида ўқиган, бошқа ўнлаб тилларни мукаммал билишига қарамасдан, бирортаси агар зарурат бўлмаса ўз тилидан бошқа тилда гаплашмайди. Ҳатто савдо дўконларида, бозорларида ҳам АҚШ доллари билан эмас, фақат ўзларининг миллий валютаси юанда савдо қилишларига ҳам қойил қолдик.
Хуллас, тилимизни узоқ йиллар топташларига, оёқ ости қилишларига йўл қўйганмиз. Тилимиз танобини доимо бировларга бериб қўйганмиз. Энди ундай бўлмайди. Қабул қилинадиган янги қонун тилимизни топташларига асло йўл қўймайди. Энди тилимизни тишлаб ўтирмаймиз! Энди миллий ғуруримиз, ифтихоримиз, қадриятларимизнинг энг қадрлиси -ўз тилимиз виждонимиз рамзи бўлиб қолади. Давлат тилимиз виждонимиз тили бўлсагина уни ҳимоя қила оламиз ва эъзозлаймиз. Миллий ғурури бор замондошларимиз Сиз нима дейсиз?
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.