УРУШ ВА ТИНЧЛИК... СУВРАТИ

УРУШ ВА ТИНЧЛИК... СУВРАТИУРУШ  ВА  ТИНЧЛИК... СУВРАТИ
Ҳаёт қўшиғи
Эссе
Уруш... Урушнинг суратини ҳамма - урушни кўрганлар ҳам, урушни кўрмаганлар ҳам чиза олади. Чунки уруш сўзи кўз олдингизга энг аввалло тўкилган қип-қизил қонларни, ажал қуролини, кули кўкка соврилган она тупроқни, қонли дарёларни, етим қолган бегуноҳ гўдакларни, қўлидан, оёғидан айрилган оталарни, уруш қўлтиқтаёққа суянишга мажбур қилган забардаст йигитларни, қўллари ўлим чангалида қолган норасида болажонларнинг кўзидаги даҳшатли фарёдларни, мингларнинг кўксига қадалган ўқ парчалари-ю, танасини титратиб турган оғриқларни, фарзанд доғида ўтган онаизорларнинг унсиз оҳу нолаларини, очлик ва муҳтожликни, исмсиз дарду изтиробларни, бева қолган гулдек меҳрлару муҳаббатларни, сотилмаган садоқатларни, юракка ханжардек ботган хиёнатларни, олис- олисларда қолиб кетган номаълум солдат қабрини, фашист газандаларининг қонхўр башарасини, эҳ-ҳе, қанча-қанча афсус ва надоматларни, юракнинг оғриқларини келтиради, бу лаънати уруш. Аммо урушнинг суратини чизиш жуда қийин, жудаям оғир... Урушдан қолган армонли ҳикоялар сувратининг кўплаб эгалари бугун орамизда йўқ. Лекин уларнинг жасорати, мардлиги, номи қалбимизда абадий яшайди. Мана уларнинг баъзилари билан танишинг.
Одамларга эрмак бўлган 65 йиллик чандиқ
Армижонлик Ражаббой Эргашев урушга кетганида эндигина 18 ёшга кирганди. Қурол ушлашни ҳам билмайдиган бу йигит ота –онасининг тўнғич фарзанди эди. У 1941 йили фронтга кетиб, Ватан учун аёвсиз жангларда иштирок этди. Курск, Украина, Чернобил ва Киевда бўлган жангларда жон олиб, жон берди. 1944 йили Киев яқинида бўлган жангларнинг бирида ярадор бўлди. Оғзининг чап қисмидан кириб, юзини ялаб ўтган ўқ ўнг томонидан чиқиб кетди. Госпиталда даволаниб, яна жанггоҳларга қайтган жасур йигит ўқчи взвод командири бўлган. Сув ўрнида қон бўлиб оққан дарёларнинг сувини ичган , бошидан ўқ ёмғирдек ёғилиб турса ҳам, ортга чекинмаган, уруш даҳшатини эслатиб турувчи чандиқ- юзининг қийшайиб қолганига ҳам парво қилмай, тушкунликка тушмай фашистларга қарши курашишда яна давом этган жасоратли ҳамюртимизга Ғалаба нашидасини суриш насиб этди.
Юзи чандиқ, оғзи қийшиқ бўлса ҳам, аммо ёруғ юз билан она Ватанига қайтган Ражаббой Эргашев урушдан кейинги оғир даврларда ҳам колхозлаштириш жараёнида иштирок этди. Анча йил “Зарафшон” колхозида тафтиш комиссияси раиси бўлиб ишлади. Қатор йиллар механик, чорвачилик фермаси мудири, мироб бўлиб меҳнат қилди. Хуллас, ишдан бош тортмади, иш танламади, нима юмуш бўлса барчасига лаббай, деб жавоб берди.
Ўша синовли йилларда уйланди, бола-чақа орттирди. Истат Боқиева билан 8 фарзандни тарбиялаб, вояга етказди. Болаларининг ҳаммасини меҳнатга, ҳалолликка ўргатди. Қишлоқдаги асаларичилик тажрибаси, энг яхши боғлар, энг ширин анорзорлар манзили Ражаббой отанинг хонадони билан боғланадиган бўлди.
Юзидаги 65 йиллик чандиқ билан ҳам бахтли яшади, беармон яшади. Давлатимизнинг, ҳукуматимизнинг эътиборидан, эҳтиромидан мамнун бўлиб яшади. Инсон тақдирига бироз эътиборсизроқ, инсон қўнглига озор беришнинг фаҳмига унча бормайдиган қишлоқ одамларининг ўз номига “Ражаббой қийшиқ” деган лақабни қўшиб айтганига ҳам парво қилмади. Урушнинг даҳшатларини кўргани учун бу майда нарсаларнинг унинг учун унчалик аҳамияти йўқ эди. У омон қолгани, она юртига қайтгани ва фарзандлар билан 97 йил мазмунли умр кўргани учун минг бора шукроналар билан яшашни такрорлашдан асло чарчамай ўтди. Бугун ҳам Навоийда уруш фахрийлари ҳақида гап кетгудек бўлса биринчи бўлиб Ражаббой ота Эргашевнинг номи тилга олинади, хотирасига ҳурмат бажо келтирилади. Унинг номига билиб-билмай уруш жароҳатини эрмак қилиб қийшиқ деган сўзни беўхшов “таъриф”ни қўшган қишлоқдошлар эса ўзларидан- ўзлари хижолат бўлиб ерга қарайдиган бўлишди...
Чунки Ражаббой ота Эргашевнинг суврати мана шундай узрли ва таъсирли эди.
Адашган қора хат
Инсоният тарихидаги қонли урушларнинг энг даҳшатлиси - бу фашизмга қарши олиб борилган уруш эканлигига тарих гувоҳ. Ана шу аёвсиз урушда ҳалок бўлган, бедарак кетганлар хотирасига абадий эҳтиром сифатида ёзилган “Хотира” китобидан навоийлик уруш қурбонларининг номлари ҳам ўрин олган. Аммо... “Хотира” китобида тирикларнинг номини кўриб ҳайратланган жойларимиз ҳам бор. Қанақасига дейсизми?
Ҳа-я, 1941-1945 йиллардаги урушда ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган жангчилар номи битилган Хотира китобининг 150-саҳифасида "Ўралов Ўроқбой Чуя кишлоғида туғилган. 1665-дала почтасида оддий аскар 1942 йил 23 октябрда Сталинград вилояти Балка-Грачи қишлоғида ҳалок бўлган" деган ёзув битилган.
Ўроқбой Ўралов 1917 йилда Қоратов этакларида жойлашган Нуротанинг Чуя қишлоғида туғилган. Буюк Ғалабанинг 67 йиллиги арафасида тўқсон олти баҳорни қаршилаган уруш фахрийси, биринчи гуруҳ ногирони Ўроқбой Ўралов билан учрашиб, унинг Хотира китобига қандай кириб қолгани ҳақида сўзлаб беришини сўраганимизга ҳам мана 8 йилдан ошди. Урушгача қўшни Қадоқ қишлоғидаги мактабда ўқитувчилик қилган йигит 1942 йилда урушга кетган.
Ўша суҳбатимизда отахон адашган қора хат тарихини шундай сўзлаб берганди: “Душман самолётлари бошимиз узра шу қадар паст учадики, ундан қочиш, яшириниш жуда қийин. Шундай жангларда ҳужумга ўтиш чоғида ярадор бўлиб, ҳушимдан кетдим... Ўлик ёки тириклигим ҳеч кимга маълум эмас...”
Тақдир нимани раво кўрса ўша бўларкан. У жанг майдонида ҳушини йўқотганда, сафдошлари уни аллақачон ўлган, деб ҳисоблаб, навбатдаги жанг майдонига ўтиб кетганлигини билмасди. У энди биров топиб олишидан ҳам умидини узган ҳолда зулмат ичида ётарди. Чунки ҳамширалар жасадлар орасида юриб, ярадорлар борми, деб сўраб, овоз берганларни олиб кетишар, қолганлардан умид ҳам, нажот ҳам йўқ эди. Елкасини снаряд ялаб кетган одамнинг эса овоз бериши, қимирлаши даргумон эди.
“Қонга қоришиб қанча ётганимни билмайман. Ойдин тунларнинг бирида мени кимдир қутқаришга келди... Узоқ вақтдан сўнг ҳушимга келдим. Госпиталда эса 6 ой ётдим”.
“Худди ўша кезларда менинг тириклигим ёлғиз Яратганга аён бўлган. Бошқалар мени ўликлар қаторига аллақачон қўшиб қўйганлари шубҳасиз эди. Бедарак йўқолганлар қаторида менинг уйимга ҳам қора хат юборишган. Мени ва укам Боймуродни урушга жўнатиб, хаста бўлиб қолган ёлғизгина онам бу қора хат дардини кўтара олмаслигини билган ҳамқишлоқларим унга айтмасдан ўзларича онамдан сир тутиб, менга аза очишга мажбур бўлганлар. Орадан 2 ойлар ўтиб, мен ҳушимга келдим. Ўнг қўлимни қимирлатиш имкони йўқлиги учун чап қўлимда онамга бир амаллаб хат ёздим. Тириқлигимдан онаизоримни хабардор қилдим. Адашган қора хат эса тарихда муҳрланиб қолди... Мен эса ўлганлар рўйхатида қолиб кетган тириклар сафида узоқ умр кўраётган Ўроқбой Ўралов эканлигим учун худога минг марта шукр қиламан...”
Урушдан сўнг, уни қутқарган ҳамшира билан қишлоғига қайтган жасур ва кўркам йигит шу аёл билан оила қуриб, 5 ўғил-қизни, 40 дан ортиқ невара-чевараларни тарбиялашди. Миллий қадриятларимизни қадрлаган, анъаналаримизни ардоқлаган байналминал оилага барчанинг ҳаваси келарди.
Ўроқбой Ўралов урушгача қишлоқ муаллими эди. Урушдан қайтиб яна Қадоқ қишлоғида севимли касбини давом эттирди. Йиллар ўтди. Аммо уруш ўтган бўлса ҳам, унинг жароҳатлари кетмади. Собиқ жангчи дард чангалидан осонликча қутула олмади. Ўқувчилардан, кечиш қийин бўлса ҳам, дарс чоғида тутган дард хуружлари туфайли муаллимлиқдан воз кечишга мажбур бўлди.
Соғлигини бироз тиклаб, 1957 йилда “Чуя "қишлоғида янги очилган почта бўлимида ишлай бошлади. Ўша йилларда почта, телефон алоқалари хизмати бирга эди. Почта, алоқа тармоғининг раҳбарлари ҳам уруш қатнашчилари бўлгани боис бошлиқ Раҳмонқул Назаров ва унинг ўринбосари Олим Халиловлар Ў. Ураловдан ишни ҳарбийчасига талаб қиларди.
Тоғли қишлоқда транспорт ҳақида эса гап-сўзнинг бўлиши мумкин эмас эди. Ўша кезларда бу қир- адирларда транспортда юрадиган йўлнинг ўзи йўқ эди. От, улов, эшакда почта тарқатиларди. Бу ёғи паст адирларда чўпонларга, бир ёғи Қоратовга чиқиб кетадиган йўллар. Иш соати эрталаб 8 дан тунги 12 гача.
Шу тариқа 21 йил алоқа бўлими бошлиғи бўлиб элга хизмат қилди. Бирор марта бирор кишига сенлар учун қон тўкканман демади, уруш ногирониман, деб сира-сира нолимади. Чунки Ўроқбой ота Ўраловнинг суврати мана шундай мардона ва жасоратли эди.
Ўзбекистонни Ватаним деган Тожикистонлик жангчи
Нарзи Тошевнинг ҳаёти ва тақдири армонларга тўла ўтган. У Тожикистоннинг Ленинобод вилояти Ўратепа тумани Ғончи қишлоғида туғилган. Зиёли оила фарзандининг бошига гўдаклигидаёқ мусибат тушган. Сел тошқини ота-онасини оқизиб кетганида, у эндигина уч ёшда бўлган. Ота-она меҳри унинг учун энг буюк армонга айланган. Ота-онасидан ва ёлғизгина опасидан ана шу табиий офат туфайли ажралиб қолган Нарзи Тошевни қариндошлари эмас, балки бошқа бир бегона оила ўз тарбиясига олган. Болалигиданоқ ҳаётнинг қаттиқ зарбаларига дуч келгани етмаганидек, уруш деган балонинг қўллари ҳам уни топиб олди. Урушнинг дастлабки кунларида фронтга кетишга мажбур бўлди.
Сталинград, Ленинградда ва Белоруссия фронтларида жанг қилди. Дастлаб пиёда ўқчилар сафида бўлди, кейинчалик снайперчи сифатида қанча-қанча душманга қақшатқич зарба берди. Миналаштирилган майдонларни тозалашни шараф билан уддалади. Сталинград мудофааси учун бўлган аёвсиз жангларда оғир ярадор бўлди. Суяк орасига кирган бу ўқ елкасига ботса ҳам, азоб берса ҳам, таслим бўлмади. Бир муддат госпиталда даволаниб, Рейхстаккача борди. Ғалаба деган буюк матонатда, жасоратда, улуғ бир қудратда унинг ҳам ҳиссаси бор.
Даҳшатли уруш дамларида тирикликнинг, ҳаётнинг, инсоннинг қадр-қимматини ҳис этиш бошқача бўлади. Нарзи Тошев ҳам қуролдош дўстлари билан бирга нафас олди, бирга қон кечди. Ўзбекистонлик дўсти Карим Шарипов деган йигит билан туғишган оға- инидек бўлиб қолди. Уруш тугагач, ҳеч иккиланмасдан унинг таклифига кўниб, Тожикистонга эмас, Ўзбекистонга Қизилтепага келишга қарор қилди...
Ва шу-шу Қизилтепада қолиб кетди. Ўзбекистон унинг тақдирига, она Ватанига айланди. Тожикистонга қайтиб бормади. Шу ерда оила қурди, Шарофатхон ая билан саккиз фарзандни тарбиялаб, элга муносиб инсонлар бўлишига ҳаракат қилди. Мен ўқий олмадим сизлар ўқинглар, деб болаларини ўқитди.
Уруш азобини, елкасини тешиб ўтган ўқ парчасини бир кам 90 йиллик умрининг 53 йили мобайнида олиб юрди, ҳар лаҳза ҳис этиб турди. Аммо ғолибларнинг яраси оғримайди, деб ғурур билан яшади.
Ҳаётдан, ўтган умридан асло нолимади. Туман умумий овқатланиш корхонасида бутун умр ҳалол меҳнат қилди. Ҳаёт қувончлари ва ташвишларига дуч келганда шукр қилди, сабр қилди. Баъзан ноҳақликлар қаршисида ҳам ҳеч кимга ҳеч нарсани таъна қилмади. Ҳаёт улуғ бир неъмат эканлигини шукроналик билан тушунди, тушунтиришга ҳаракат қилди.
Чунки Нарзи Тошевнинг суврати юракдаги армонлар каби ҳазин ва меҳрибон эди.
Ватаннинг, Тинчликнинг, Тирикликнинг суврати қанақа?
Ватанни кашф қилиб бўлмайди. У юракларда туғилади. Ватан биз билан бирга улғайиб, биз билан ифтихорга тўлади. Ватан меҳримизни, бахтимизни, ғуруримизни, ору номусимизни, қадру қимматимизни, диёнатимизни йўргаклаган, асраган, ардоқлаган муқаддас бешик!
Тинчлик- юраклар мадҳиясига айланди. Биз озодлик сабоқларини ўрганиб улғайдик, камолга етдик. Авваллари Ватаннинг, Тинчликнинг, Тирикликнинг суратини бошқача тасаввур қилардик, бошқача чизардик. Ўзбекистон – бахтлар водийси деган тантанавор сурат кўз ўнгимизда гавдаланарди авваллари. Байроқларнинг ҳилпирашини, бахтиёр чеҳраларни чизишга ўргангандик.
Бугун унинг сурати янада улуғворроқ, янада буюкроқ тимсолда гавдаланмоқда. Бугун Ўзбекистон бошига тушган оғир синовларнинг ягона йўли- беминнат меҳру оқибатлар, оталарча ғамхўрлик, ёрдамга чўзилган миллионлаб қўллар, ўзи емасдан, ўзи киймасдан эҳтиёжмандлар ва муҳтожларга ёдамга шошаётган, юраги меҳрга лиммо -лим тўлаётган замондошларимизнинг, Ватан учун ўлишга тайёр турган жасорат эгаларининг сурати, ҳатто қўғирчоқ олиш учун йиққан пулини офатдан жабр кўрганларга ёрдамга қўшишларини сўраган жажжи қизалоқнинг улкан сиймоси кўз ўнгимизда турибди.
Аввалроқ Ер шарини таслим қилган пандемия, кейин Бухородаги кучли бўрон, Сардобадаги янада оғир синовларнинг сабоқлари одамларни юз чандон кучлироқ бўлишга ундади. Катта ишонч, катта умид, катта меҳр одамларга мадад бўлди, куч берди. Одамлар кўзгуга эмас, бир-бирининг кўзига қараб яшашни ўрганди. Бу эса ҳаётнинг энг буюк қонуни, энг улуғ қоидасидир... Одамийлик ҳеч қачон ўлмайди! Ватаннинг, Тинчликнинг, Тирикликнинг суврати мана шундай...
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.