Журналист ким?

Журналист ким?
ЖУРНАЛИСТ КИМ?
ЖУРНАЛИСТ — давр куйчиси. Бугуннинг суратини кўрсатиб бера оладиган, ҳар бир куннинг, ҳар бир лаҳзанинг ҳароратини юракларга етказа оладиган, муҳрлайдиган касб эгаси.
Одатда тантаналар, шонли саналар арафасида ҳаммамиз худди тўйларга янги кўйлак кийган каби жарангдор сўзларимизни ишлатишга ўрганиб қолганмиз. Бу гал касб байрамимиз арафасида нимагадир эски анъанадан чекиниб, кўнглимиздан ўтган ўйларни қоғозга туширишга аҳд қилдик. Бунга йиллар давомида тўпланган армонлар ва бугунги сўз эркинлиги сабаб бўлса керак...
Хўш, журналист ким ўзи?
Юракдан-юракка ўтгувчи йўлларда журналистнинг изи бор. Инсонга таскин, тасалли берувчи журналистнинг мададга муҳтожларни кўра оладиган қалб кўзи бор. Кимнингдир йиллар давомида чўзилган муам­мосини ҳал этган, ёруғ бир ҳолатдан чексиз миннатдорлик юзи бор журналистда.
Ҳаёт қувончлари ва ташвиш­лари мудом ёнма-ён экан, фуқароларимиз ўз дарди, дунёси, ғаму ташвишлари билан не-не идораларга бош уради. Энг сўнгги илинж истаб, уларни сарсон-саргардон қилган кимсалардан шикоят қилиб, таҳририятларга журналистларнинг ҳузурига боришга ошиқади. Сўнгги нажот остонасида уларнинг кўкрагидан ҳеч ким итармаслигини, дардини тинглайдиган журналист бор эканлигини яхши билишади. Кимдир кўчада қолдим, уй ололмадим, кимдир пенсияга чиқа олмаяпман, кимдир ноҳақликдан ишдан бўшатишди, тиклашга ёрдам беринг деса, яна кимдир ногирон бўла туриб, “ногирон эмас”лиги борасидаги бузилган ҳақ-ҳуқуқимни тиклаб беринг, фирибгарлардан панд едим, зўравонлик қурбони бўлдим, ўз ерим ўзимга тегмаяпти, коррупция ва бюрократларнинг дастидан дод, деб мурожаатлар қилади.
Одамлар журналистга адолат истаб, ҳақиқат истаб мурожаат қилишади. Журналист улар билан бирга ҳақиқатнинг ёпиқ эшиклари ортида қанчалар мустар бўлиб сарғаяди, адолатнинг кўчаларида саргардон кезади. Ўша суд залидаги ҳақсиз жазолар сабаб озодликдан маҳрум қилинган шахс билан, унинг яқинлари билан бирга изтироб чекади, ҳақиқатни излаб курашади. Журналист суриштируви давомида жуда “баланд” турувчи идораларга бош суқавериб, югуравериб, анча савдоларга дуч келади. Ойлаб, йиллаб битмаган ишлар битса агар, ечилмаган муаммолар ҳал этилишига ҳисса қўшиб, ўксик кўнгилларга бир қатим ёруғлик олиб кирса агар, ундан бахтли одам йўқ. Бу шодликлар таъмини эса тотган билади...
Журналист ким ўзи?
Унинг меҳнатини, ички кечинмаларини айшу ишрат кўнг­лига урган бир ҳовуч тўралар асло тушунмайди. Журналист — қалб меъмори. Бошқаларнинг муаммоси, деб бош урган эшиклар бир кун ўзига керак бўлганида, очилмаслигини била туриб ҳам одамларга яхшилик қилишга ўрганган касб эгаси у. Вақти келиб ҳақ сўзни айтгани учун, қўлини осмонга узатса етадиган айрим амалдорларнинг “тинчини бузгани” учун суд залигача боришга ҳам тайёр бўлган жасоратли касб эгаси у.
Гоҳида камчиликларни топиб ёзган журналист айбдору хатога йўл қўйган, айрим фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини бузганлар, давлат мулкини талон-торож қилганлар ғолиб бўлган ҳолатларни ҳам кўрганмиз.
Чунки бу энг осон йўл. Бундан ҳам баттари эса — “қўллари узунлар” дастидан содир этилган бахтсиз ҳодисалардан Худо асрасин...
Устозимдан айирган мақола — “Ғирромлик” эди...
Бу мудҳиш воқеа 16 йил аввал содир бўлганди. Кечагидек эсимда. Навоий вилоят ҳокимининг матбуот котиби қўнғироқ қилиб: “Устозингиз Тошкентда автоҳалокатга учрабди, уйдагиларига тезроқ билдириш керак”, дея хабар берди. Бу хабар шунчалик даҳшатли эдики, отамдек меҳрибон устозимдан жудолик даҳшатини сезгандим. Уйдагилар устоз бу ёруғ оламни тарк этганидан хабар топди. “Халқ сўзи” газетасининг Навоий вилояти мухбири бўлиб ишлаётган журналист Абдуваҳоб Пирматов таҳририятга хизмат сафарига бориб, тирик қайтмаслиги ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган эди. Қалами ўткир, ўзи оддий журналистнинг сирли ўлими сирлилигича қолишини истаганлар бунинг уддасидан чиқишди. Аммо у “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган “Навоийдонмаҳсулот” корхонаси ҳақида ёзилган “Ғирромлик”, деб номланган танқидий мақоласи учун “кетгани”ни кўпчилик яхши билар эди... Чунки устозни “уриб кетган” машина ҳайдовчисининг хатти-ҳаракатларида, терговни олиб борган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг уни “ҳимоя” қилишларида сир яширин эди... Тунда содир бўлган бу фожиа экспертизаси Тошкентда ўтказилганлиги ва бунда на оиласидагилар ва на яқинлари иштирок этмаганлиги ҳам бу ерда қандайдир жумбоқ борлигини исботлайди. Афсусланарлиси эса, унинг ўлимида ҳеч ким айбдор бўлмади, жазоланмади...
Устозни тупроққа қўядиган куни “Халқ сўзи”нинг мухбири Абдуваҳоб Пирматов энг сўнгги мақоласи билан газета саҳифаларида ўз мухлислари, ўз ўқувчилари билан видолашди. “Йилнинг энг фаол журналисти” бўлган А.Пирматовнинг ҳаёти 53 ёшида ана шундай фожиали якун топди. Аммо қайтар дунёларнинг қайтиши аниқлиги, ёмонлик албатта ва юз чандон оғирроқ эканлигини инобатга оладиган бўлсак, айбдорлар Оллоҳнинг жазосидан қоча олмади. Озодлик тирикликдан ҳам қадрли эканлиги учун шундай фикр билдираётганимизни, кимни назарда тутаётганимизни кўпчилик англаган бўлса керак...
Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққулнинг “Ҳақиқатни айтадиган одамнинг кафани елкасида бўлиши керак...” деган фикрларини яна такрор-такрор эслашга мажбурмиз. Ҳақиқат учун жонини хатарга қўяётган, бошларида тегирмон тоши айланаётган журналистлар, афсуски, ҳозир ҳам йўқ эмас.
Сўз эркинлиги томон хайр­ли йўлга тушганимиз билан журналистларга қилинаётган тазйиқлар, танқидий чиқишлар учун таъқиблар ва пўписалардан ҳозир ҳам холи эмасмиз.
Бу жиҳатдан гоҳида бошқа давлатлардаги журналист ҳамкасбларимиз ҳаётини, қаламини “ПРЕССА”, деган ёрлиқнинг ўзиёқ, ҳатто ўқ ёмғирлари ёғилаётган, оловли нуқталарда ҳам ҳимоя қилаётганлигига ҳавас қиламиз. Журналистнинг ҳаёти дахлсизлиги жуда муҳим. Журналист қўлидаги ўткир қуроли билан жамиятдаги иллатларга муросасиз курашиш йўлида хизмат қилади. Бу ғаддор дунё эса... уни душманга, айрим амалдорлар эса уни рақибга айлантириб қўяди ўзича.
Ҳадиси шарифлардан бирида шундай ёзилган: “Кимки бирор камчилик ёки гуноҳ ишни кўрса, қўли билан тўхтатсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, дилидан ўтказсин”. Журналист шунинг учун камчиликларни кўриб-кўрмасликка олиб кета олмайди. Чунки унинг виждони уйғоқ. Виждонга эса қарши бориб бўлмайди.
Биргина мисол. Бир вақтлар айтган ҳақ сўзи учун “Армиямиз обрўсини туширган журналист”, дея бошига не-не тошлар отилган Карим Баҳриев бугун нафақат юртимизда, балки кўплаб чет давлатлар тан оладиган энг кучли журналистлардан бири эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Бу ҳақиқатнинг, қаламнинг синмаслигидан далолатдир.
Бошпанаси қалам, кўрпаси қалам...
Журналистлар жуда хокисор халқ. Манаман деган журналистларнинг кўпчилиги узоқ йиллар ижарама-ижара яшаганидан хабардормиз. Рес­публикада хизмат кўрсатган журналистлардан айримлари ишчилар ётоқхонасидан зўрға жой олганини ҳам биламиз.
Бизни давлат билан халқ ўртасидаги кўприк, баландпарвоз қилиб айтганда, “тўртинчи ҳокимият”, дейишади. Аммо кези келганида, айримлар бу кўприкка ўт қўйиб юборишга ҳам тайёр туришади... Бировларнинг имтиёзларини тиклаб бериш учун елиб-югурадиган журналистнинг ўзида жилла қурса биттагина имтиёзи йўқлигини айтмайсизми?
Бу асло ўтмишга қайтиш эмас, ҳозир ҳам кучини йўқотмаган ҳақиқат. 80-йилларда Собиқ иттифоқ журналистлар уюшмаси аъзоси эдим. 1986 йилда оиламизга Навоий шаҳридан 3 хонали уй ажратилди. Бу уйнинг бир хонаси журналистлигим учун журналистлар ижодий уюшмасининг оммавий ахборот воситаларига доир ҳужжати асосида қўшиб берилганди.
Бугун бундай имтиёзлар уёқда турсин, жамиятни сўзи билан уйғотадиган, ҳар битта ҳарф устида ҳушёр турадиган касб эгаларининг турмуш шароитлари ҳам ҳамин қадар эканлигига нима дейсиз? Шунга қарамасдан, бу касб эгалари ҳамиша даврнинг садоси бўлиб мағрур ҳолда майдонга чиқаверади.
Байрамингиз муборак бўлсин, фидойи ҳамкасблар.
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.