“КЕЧИРАСИЗ, НИҚОБИНГИЗ ТОЗАМИ?”

“КЕЧИРАСИЗ, НИҚОБИНГИЗ ТОЗАМИ?”
“КЕЧИРАСИЗ, НИҚОБИНГИЗ ТОЗАМИ?”

Бугун дунёда энг ­қимматбаҳо капитал нима? Ғоя! Илғор ва креатив ғоялар! Ҳар қандай жараённинг ўзаги шу! Тараққиётга бусиз эришиш ҳам имконсиз. Ғоя — мақсадга, мақсад — амалга айландими, билингки, муваффақият манзили яқин!

“Халқ сўзи” газетаси бу жараённи оддийгина ишбилармон фаолияти мисолида очиб беришга ҳаракат қилибди. Мақола қаҳрамон тилидан баён этилган шундай ҳикоя билан бошланади: “Ҳар куни тонгги соат 4:00да уйқудан уйғонаман ва ўзимга-ўзим савол бераман: кеча ишим қандай бўлди, сермазмун ўтдими, режалаштирган барча юмушни бажара олдимми? Амалга оширолмаган бўлсам, нима учун бундай бўлди, деган саволларимга жавоб қидираман. Аслида ҳар бир инсон мана шундай мушоҳада юритиб туриши керак, ўшанда иш олдинга силжиши, шубҳасиз...”.

Материалда Тошкент вилоятилик фермер Маматқул ота Саломовнинг илғор тажрибаси қаламга олинган. Қизиқ, 83 ёшли тадбиркор нима учун айнан шу интенсив усулни танлади? Натижаси қандай бўлди? Бу ҳақда таҳририят ходими Раҳим Шерқуловнинг “Сувдаги хазина” сарлавҳали мақоласида ўқийсиз.

Бу йил мамлакатимизда коронавирус пандемияси боис жорий этилган чекловлар абитуриентларнинг ўқишга кириш учун тайёргарлик жараёнига ҳам таъсир ўтказди. Шу боис Президентимиз мутасаддиларга битирув ва кириш имтиҳонларини соддалаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, абитуриентларни қўллаб-қувватлаш, тест топширишдаги мавжуд тартибларни соддалаштириш бўйича топшириқлар берганди. Хўш, бунинг амалий натижалари нималарда намоён бўлмоқда? Бу йилги тест синовлари қандай шароитда ўтади? Ҳужжат топшириш жараёни қандай кечмоқда? Қайси фанлардан тест топшириш керак? Топшириқлар соддалаштирилдими? Бу каби саволлар жавобини Янги Ўзбекистон» газетасида чоп этилган “Тест синовлари: талаб, тартиб ва ўзгаришлар” сарлавҳали мақоладан топасиз.

“Народное слово” газетасида Сергей Лининг Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиевдан олган интервьюси “Налоговая политика: не дать бизнесу уйти ко дну” (“Солиқ сиёсати: бизнес таназзулига йўл қўйилмайди”) сарлавҳаси остида эълон қилинган. Унда Ш. Кудбиев мамлакатимизда пандемия шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб борилаётган солиқ сиёсати борасида ўз фикрларини билдирган.

Хусусан, шу йил 19 март куни Президентимиз томонидан имзоланган фармонга кўра, имтиёзларнинг биринчи пакети шу йилнинг 1 апрелидан 1 октябригача тадбиркорлар учун ижтимоий солиқларни камайтиришни ўз ичига олади. Бу мамлакатда 239 минг нафар хусусий тадбиркорга 232,9 миллиард сўмни иқтисод қилиб қолиш имконини беради. Шунингдек, 2020 йилнинг 15 октябригача мол-мулк ва ер солиғини тўлаш муддати узайтирилди. Солиқ имтиёзларининг иккинчи пакети эса сув ресурсларидан фойдаланиш борасида қатор имтиёзларни кўзда тутади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қуйидаги хулосасини ўқиб ажабланмаслик мумкин эмас: ҳозир Ер юзи нуфусининг бир миллиарддан зиёди — турли даражадаги ногиронликка эга инсонлар. Уларнинг аксарияти аҳолининг камбағал қатламини ташкил этади ва бу тоифадаги инсонлар ижтимоий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинмаган. Шундай экан, ногиронликка эга кишилар давлатнинг кўмагига янаям кўпроқ муҳтож. Бу борада Ўзбекистон қандай йўл тўтмоқда? “Правда Востока” газетасида эълон қилинган “Международные стандарты в сфере защиты прав лиц с инвалидностью: Опыт Узбекистана” (“Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: Ўзбекистон тажрибаси”) сарлавҳали материалда шу мавзу таҳлили билан танишасиз.

“Ишонч” газетасида берилган “Масъулиятсиз раҳбарларга танбеҳ” номли мақолада Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги спорт мактабларидан бирида мураббийлар мактаб ҳудуди ва стадионини ободонлаштиришга мажбуран жалб қилинганлиги ҳақида сўз боради. Нормурод Мусомовнинг “Ўзингга инсоф берсин, замондош” сарлавҳали мақоласида эса пандемия шароитида қўлни-қўлга бериб, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлиб вазиятдан чиқишни ўйламасдан, оддий тиббиёт ниқобини фалон сўмга пуллашдан тортиб, йўл кира ҳақларини икки, уч баробарга ошириб олган, “Саховат ва кўмак” ҳамда шунга ўхшаш бошқа жамғармаларга келиб тушган пулларни ўзлаштиришга улгурган замондошларимиз ва уларнинг қилмишлари ҳақида мулоҳаза юритилади. Бундан ташқари, газета саҳифаларида “Кечирасиз, ниқобингиз тозами?”, “30 кишилик тўйлар” каби мақолалар ҳам чоп этилган.

“Журналист ким ўзи? Унинг меҳнатини, ички кечинмаларини айшу ишрат кўнглига урган бир ҳовуч тўралар асло тушунмайди. Журналист —қалб меъмори. Бошқаларнинг муаммоси деб бош урган эшиклар бир кун ўзига керак бўлганида очилмаслигини билиб туриб, одамларга яхшилик қилишга ўрганган касб эгаси у. Вақти келиб ҳақ сўзини айтиб, қўлини осмонга узатса етадиган айрим амалдорларнинг “тинчини бузгани” учун суд залигача боришга ҳам тайёр бўлган жасоратли касб эгаси у. «Инсон ва қонун» газетасида босилган “Журналист ким?” номли эсседа ушбу машаққатли касб эгаларининг фидойилиги ҳақида ўқишингиз мумкин. Шунингдек, газетада кимдир чўкаётган, яна бири автоҳалокатга учраган, кимдир бир-бирини савалаётган вақтда ёрдам қўлини чўзиш, уларни ажратиш ўрнига “эксклюзив” лавҳаларни суратга олиб интернет “юлдузига” айланаётганлар танқид остига олинган.

Самарқандда 5 апрель куни коронавирус инфекцияси илк бор қайд этилганида барчанинг ҳаловати йўқолди. Шундан сўнг шаҳардаги қатор шифохоналар фаолияти қайта кўрилиб, бутун эътибор эпидемиологик вазиятни юмшатиш, осойишталикни таъминлашга қаратилди. Касаллик сонининг ортиб бориши, вилоятнинг «қизил» ҳудудга айланиши янада кескин чоралар кўришни тақозо қилди. Тиббиёт муассасаларининг «касби»ни ўзгартиришга киришилди, шифокорлар самарали ишлаши учун зарур шароитлар тўлиқ яратиб берилди. «O’zbekiston bunyodkori» газетасида берилган Ҳамза Шукуровнинг “Лайлаклар саломатлик ва поклик рамзига айлансин” сарлавҳали материали ушбу мавзу таҳлилига бағишланган.

* * *

Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.

https://bit.ly/2YXjR7G

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.