МИЛЛИЙ БОЙЛИГИМИЗ –ЎЗБЕК ТИЛИ ҲАМИША ЭЪЗОЗГА ЛОЙИҚ

МИЛЛИЙ БОЙЛИГИМИЗ –ЎЗБЕК ТИЛИ ҲАМИША ЭЪЗОЗГА ЛОЙИҚМИЛЛИЙ БОЙЛИГИМИЗ –ЎЗБЕК ТИЛИ ҲАМИША ЭЪЗОЗГА ЛОЙИҚ

Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир. Негаки тил софлигини асраб қолиш – миллат қаршисидаги муҳим вазифа, келажак олдидаги қарздир. Сўз мулкининг султонидан мерос қолган нодир ҳикмат - “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” мисраларини ёд билганлар кўп. Алишер Навоий тилнинг миллат тарбиясида тутган ўрни қанчалар беқиёслигини икки оғиз жумласида мукаммал кўрсатган. Албатта тилга доимий эътибор - миллат келажаги камолоти, анъаналаримиз, қадриятларимиз давомийлигини таъминлаши шубҳасиз.
Ахборот тезлиги қуёш тезлигига тенглашаёган замонда яшаяпмиз. Медиа маконда бир-биридан ўзаётган интернет тармоқлари истаймизми, йўқми халқ номли катта аудитория минбарида сўзлагач кишилар онгу руҳониятига қайсидир маънода таъсир этувчи кучга айланади. Миллий матбуотда ҳеч бир тўсиқсиз жаранглаётган овозларнинг барчаси ҳам тилимиз софлигига хизмат қилаяпти, дея олмаймиз. Айрим манбаларда шевалар устунлиги, ғализ жумлалар, жаргонлар ижтимоий ҳаётимизга бамайлихавотир кириб келаётгани ўзбек тили фидоийлари, мутасадди олимлар, кенг жамоатчиликни ташвишга солмай қўймаяпти.
Давр – муттасил янгиланишга эга. Лекин миллатнинг тили, қадриятлари, урф-одатлар, анъаналар ўзгармасдир.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрда имзолаган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони кенг жамоатчилик томонидан юксак эътибор билан кутиб олинди. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди ва жорий йил 20 январда “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳукумат қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат барча соҳаларда иш юритишни давлат тилида тўлақонли ташкил этиш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этишни таъминлаш, географик ва бошқа топонимик объектлар, маданий мерос объектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши, ҳудудлардаги барча ташқи ёзувлар, шу жумладан лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнлари, ташқи реклама материалларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлаш каби вазифалар белгиланган.
Шунингдек Давлатимиз раҳбари “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу албатта кишилар онгу шуурида давлат тилининг нечоғли муҳимлигини англатиш билан бирга, асрлар оша яшаб келаётган қадимий тилимиз эъзоз ва эътирофга муносиб эканини англатади. Айни кунда Олий Мажлис қонунчилик палатасида яна бир хайрли иш – “Ўзбек тили ҳақида”ги қонуннинг янги, замонавий таҳрири муҳокомаси бўлиб ўтмоқда.
Қонунчилигимиздаги ушбу ислоҳотлар давлат тили мавқеини юқори даражага кўтариш, кишилар онгу шуурида тил маданиятини юксалтириш, давлат тилига эътиборни ҳаёт тарзига айлантириш, ўзбек тилини ривожлантиришга ҳисса қўшаётгани билан аҳамиятли.
Ушбу сиёсий жараёнларга ҳар биримиз иштирокчимиз. Шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро давлат тилида соф сўзлай олиши, уни ҳурмат қилиши зарур. Зеро ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлди. Бу албатта етарли тажриба демакдир. Жойларда, корхона ва муассасаларда ўзбек тили ва адабиёти марказларини очиш, ўзбек тилида иш юритиш услублари ва ўзбек тилида сўзлашиш, нутқ маданияти курсларини онлайн ташкил этиш мутасаддилар қатори, тилимиз ва миллатимиз жонкуярлари, олимларимиз қаршисида турган маънавий вазифа, миллий позиция, десак муболаға бўлмас. Айни карантин вақтида бунинг учун вақт ҳам, масъулият ҳам топилади. Зеро ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган хайрли ишларда ташаббус кўрсатиш ҳаққоний ватанпарварлик намунаси, маънавий бурчимиздир.
Ҳилола ИСМАТОВА

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.