ЗИДДИЯТЛАР, ҚАДРИЯТЛАР, ТААССУРОТЛАР...

ЗИДДИЯТЛАР, ҚАДРИЯТЛАР, ТААССУРОТЛАР...  ЗИДДИЯТЛАР, ҚАДРИЯТЛАР, ТААССУРОТЛАР...

Журналистларни қайта тайёрлаш маркази Европа Иттифоқининг “ОАВнинг жамиятда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги роли” лойиҳаси доирасида журналистлар ва ахборот хизмати ходимлари, шунингдек фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари учун “Зиддиятли вазиятларда журналистика” мавзусида семинар-тренингларни ўтказиб келмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатнинг давлат ва жамият ривожланиши истиқболини стратегик режалаштириш тизимига сифат жиҳатдан янги ёндашувларни бошлаб берди. Стратегиянинг бешинчи, яъни хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, ташқи сиёсат соҳасидаги йўналишида “...терроризм, экстремизм ва ахборот таҳдидларига қарши курашиш” белгилаб қўйилган. ХХ ва ХХI асрларда дунёда турли хил зиддиятларнинг кучайиши мазкур муаммога сиёсатшунослар, журналистлар, социологлар, ҳуқуқшуносларнинг қизиқишини кучайтирди. Зиддиятлар инсоният жамиятидаги туб ўзгаришлар, манфаатлар тўқнашуви, мақсадларнинг бир бирига мос келмаслиги оқибатида юзага чиқиб, афсуски ўз ортидан кўплаб қурбонларни қолдирмоқда. Агар илгарилари зиддиятларни бартараф этиш борасида гап кетган бўлса, ҳозирда уларни бошқариш ҳақида сўз юритилмоқда. Бу борада муваффақиятга эришишда мавжуд билимларни тизимлаштириш ва ёндашувларни бойитиш, фуқароларнинг зиддиятлар борасидаги хабардорлигини ошириш зарурати туғилади. Зиддиятларнинг моҳиятини очиш, фуқароларга ижтимоий зиддиятнинг мазмунини тушунтириб бериш, керак бўлса, зиддиятга борган инсонлар, гуруҳларни яраштириш учун медиация фаолиятини олиб боришда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг роли катта.
Навоий вилоят журналистлари учун 17-19 август кунлари ZOOM орқали ўтказилган онлайн тренингда журналистлар ва блогерлар бугунги замонавий дунёда турли хил низолар, хусусан терроризм, зўравон ва диний экстремизмнинг кучайиши оқибатида юзага келаётган зиддиятли ҳолатларда журналист ҳамда фуқаролиук фаолининг фаолияти, унинг халқаро ва миллий майдондаги ҳуқуқий ҳимояси, қадриятларнинг журналистлар ва зиддиятлар тарафдорларига таъсири, зиддиятли ахборот ва унинг шакллари, интернет ОАВда зиддиятларни ёритиш, гуманитар ахборотни тарқатишда ОАВнинг роли, ёлғон ахборотни текшириш усуллари каби масалаларни интерактив тарзда ўзлаштириб, бу борадаги салоҳиятларини оширдилар Тренерлар Наргис Қосимова ва Муҳайё Саидоваларнинг ҳар бир маърузаси семинар-тренинг иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Медиация нима эканлиги ҳақидаги керакли маълумотлардан хабардор бўлишингиз учун бу мавзуни батафсил ёритишни лозим топдик. Бу мавзудаги материалларнинг давоми бор...
Медиация нима?
Медиация — инглиз тилидан таржима қилинганда “воситачилик” маъносини англатади. У келиб чиққан низони тарафларнинг ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадидаги ихтиёрий розилиги асосида, холис бўлган шахс, яъни медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир. Бугунги кунда Ўзбекистонда медиацияга ўхшаш яраштирув процедуралари турли низоларни ҳал этишда қўлланиб келинади. Жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан низолашаётган тарафларни, хусусан, қўшнилар ўртасидаги низоларни, оилавий низоларни яраштириш фаолиятини ҳам медиациянинг бир шакли сифатида кўриш мумкин. Жамиятимизда аввалдан маҳалла раислари қўшнилар, оила аъзолари, эр-хотин ўртасидаги низоларни ҳал этиш вазифасини, яъни медиатор вазифасини бажаришган.
Медиациянинг назарий талқини: келиб чиққан низони тарафларнинг ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадидаги ихтиёрий розилиги асосида учинчи шахс кўмагида ҳал қилиш усули медиация ҳисобланади.
Медиациянинг ҳуқуқий асослари ва принциплари
2018 йил 3 июлда Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун билан фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низолар, шунингдек якка меҳнат низолари ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, тарафларнинг медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида, суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиация тартиб-таомили қўлланилиши белгиланди.
Медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули. Қабул қилинган ҳужжатга асосан у низоларнинг 3 та тоифаси бўйича амалга оширилиши мумкин:
• фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низолар;
• якка меҳнат низолари;
• оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар.
Умуман олганда, медиация - баҳс-мунозараларни учинчи бетараф томон иштирокида тартибга солишга доир ҳуқуқий технология. Ушбу йўналиш ўзининг маълум бир шартлари ва тамойилларига эга. Масалан:
томонларнинг тенг ҳуқуқлилиги;
ихтиёрийлик;
ўзаро ҳурмат;
конфиденциаллик;
жараённинг шаффофлилиги;
медиаторнинг холислиги.
Медиация қачон қўлланилади? Медиация суддан ташқари тартибда, баҳс-мунозарани суд тартибида кўриб чиқиш жараёнида, суднинг қарор чиқариш учун зални тарк этишидан олдин. Агар гап Ҳакамлик суди ҳақида кетаётган бўлса, шакл худди шундай бўлади.
Ёдингизда бўлсин: медиацияда иштирок этиш факти айбга иқрор бўлишнинг исботи ҳисобланмайди!
Медиация иштирокчилари. Жараён иштирокчилари - томонлар ва медиатор. Томонлар шунингдек ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар бўлиши мумкин. Томонлар ҳам медиаторлар каби икки нафар ва ундан кўп бўлиши мумкин.
Медиация жараёни қанча вақт олади? Қонунга мувофиқ жараён 30 кундан ортиқ давом этмайди. Бироқ зарурат туғилганда томонларнинг ўзаро келишуви асосида муддатни яна 1 кундан 30 кунгача узайтириш мумкин.
Медиациянинг ижобий ва салбий томонлари. Жараён - мутлақо ихтиёрий ва келишув асосида. Томонлар воситачи ёрдамида барчасининг "+" ва "-"ларини ўйлаб кўриш имконига эга бўлишади. Сиз ўзингиз истаган натижага суд оворагарчиликларисиз эришишингиз мумкин. Ушбу технология деярли салбий жиҳатларга эга эмас. Медиацияни анъанавий суд жараёнига таққослаш мумкин, унда ҳам қайси томоннинг ҳуқуқий далили кўпроқ ва ишончли бўлса, медиатор ўша томонни ғолиб деб эълон қилади.
Ҳозирги кунда ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация — яраштирув процедураси алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонда ҳам чинакам бозор механизмларининг жорий қилиниши ва амалга оширилиши бозор муносабатларининг ҳар бир соҳасини тартибга солувчи зарур ҳуқуқий замин яратилишини талаб қилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонуни муомалага медиацияга оид янги тушунчаларни олиб кириш билан бирга жамият ҳаётининг яна бир соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишига қаратилган. Айни пайтда Ўзбекистон низоларни ҳал қилишнинг муқобил усули, медиациядан фойдаланишнинг дастлабки босқичларини ўтамоқда.
Қонуннинг мақсади ҳам Ўзбекистонда низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишдан, Ўзбекистон Республикасининг суд тизимига тушадиган иш ҳажмини камайтиришдан иборат.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши:
фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга;
якка меҳнат низоларига;
оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилади.
Қонунда медиация, медиатор, медиатив келишув, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув, медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув каби асосий тушунчалар очиб берилган.
Қонунга мувофиқ медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилиши назарда тутилган.
Қонунда белгиланишича жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин. Тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этади.
Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида қўлланилади. Медиация судгача бўлган тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар қўлланилиши мумкин.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади.
Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади.
Медиатив келишув бажарилмаган тақдирда, тарафлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишга ҳақли.
Медиатив келишув бажарилмаслигининг оқибатлари тарафлар томонидан ушбу битимнинг ўзида белгилаб қўйилиши мумкин.
Халқаро ва миллий тажрибада медиация масалалари
Халқаро савдо-сотиқ ҳуқуқи бўйича иш олиб борувчи БМТ комиссияси томонидан медиация тўғрисидаги қонун моделини ишлаб чиққан. Мазкур ҳужжат халқаро тижорат низоларини бартараф этилиши юзасидан тузилган бўлишига қарамай, турли давлат ундан кенг кўламда, баъзи ҳолларда, ҳатто ички масалалар юзасидан ҳам фойдаланмоқдалар.
Шунингдек, медиаторлар фаолиятини мувофиқлаштиришга қаратилган Евроиттифоқ ташкилотининг бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд. Мазкур ҳужжатлар 30дан ортиқ Европа давлатларида фаолият юритиб келаётган тажрибали медиаторлар томонидан Еврокомиссия учун тузилган.
Медиация институти бугун кунда АҚШ, Германия, Буюк Британия, Австрия, Япония, Хитой, Гонконг, Корея, Ҳиндистон каби жаҳоннинг кўпчилик мамлакатларида ташкил этилган ва муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.
Хусусан, АҚШда бугунги кунда мазкур давлатнинг турли штатларида аввал мавжуд бўлган ва воситачилик фаолиятини тартибга солган 2 500 дан зиёд қонунни бирлаштирган медиация тўғрисида Ягона қонун амал қилмоқда. АҚШ тажрибаси шуниси билан қизиқки, мазкур давлатнинг ҳуқуқ тизими кўпчилик низоларни тарафлар судгача ихтиёрий равишда ҳал этишини таъминлашга қаратилган. Бундан ташқари, суд тартиб-таомиллари бошланган бўлса ҳам судья жараённи тўхтатиши ва томонларга низони медиатор ёрдамида ҳал этишни тавсия қилиши мумкин. Бу мамлакатда иқтисодиёт, сиёсат, бизнес соҳасидаги ҳеч бир жиддий музокара жараёни медиаторларсиз ўтмайди. АҚШда Мунозараларни ҳал қилишнинг миллий институти ташкил этилган бўлиб, у медиациянинг янги усулларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Медиациянинг хусусий ва давлат хизматлари фаолият кўрсатади, медиация муаммоларини ёритиб берадиган журналлар (“Медиация бўйича ҳар чоракда нашр этиладиган журнал”) чоп этилади.
Буюк Британияда медиация барча категориядаги суд ишларида қўлланилади. Пробация хизмати жабрланувчи ва айбланувчи ўртасида етказилган зарарни бартараф этиш лозимлигини тушунтириб воситачиликни амалга ошириши мумкин. Агар медиация жараёнида томонлар ўртасида келишувга эришилса ва шартнома имзоланса, ишни кўраётган судья буни жазони енгиллаштирувчи холат сифатида эътиборга олади. Натижада иккала томон ҳам манфаат кўради. Жумладан, жабрланувчи айбдорга жазо тайинлаш жараёнида бевосита қатнашган ҳолда, шартноманинг мажбурий шарти бўлган компенсация миқдорини ўзи белгилайди. Ўз навбатида айбдор ҳам ўзига нисбатан тайинланаётган жазонинг енгиллаштиришида манфаатдор бўлиб ҳисобланади.
Шунингдек, Буюк Британияда медиациянинг яна бир тури - полиция медиацияси ҳам мавжуд. Медиациянинг бу тури ҳам ҳуқуқий ва маъмурий жавобгарликка оид барча жараёнларда қўлланилади.
Буюк Британияда бетараф воситачилар иштирокида яраштириш тартиб-таомили жуда оммабоп. Бу мамлакатда махсус телефон хизмати ҳам мавжуд бўлиб, унга мамлакатнинг исталган ҳудудидан қўнғироқ қилиш, низони таърифлаш, шунингдек медиаторликка ўзига маъқул номзодларни келтириш, талабларга мос келадиган мутахассислар рўйхати бўйича таклифлар олиш мумкин. Бунда суд ҳимоясига мурожаат қилинган тақдирда, агар тараф суд низоси доирасида суд томонидан таклиф этилган медиация тартиб-таомилидан фойдаланишдан воз кечган бўлса, унинг зиммасига низони кўриб чиқиш натижаларидан қатъи назар барча суд харажатлари юкланади.
Германияда медиация институти одил судлов тизими билан уйғун ҳолга келтирилган. Масалан, воситачи медиаторлар бевосита судларда иш олиб боради ва потенциал судлашувлар сонини анча камайтиради. Бунда Германияда медиация нафақат оилавий ишлар бўйича судларга, балки умумий юрисдикция судларига, маъмурий судларга ва бошқа судларга интеграция қилинган. Германиянинг кўпчилик ҳуқуқ мактабларида доимий медиация курси жорий этилган: юридик факультетни битирган ҳар ким медиация курсидан ўтади.
Жаҳоннинг кам сонли мамлакатларида бўлгани каби Австрияда медиатор касби касблар номенклатурасига киритилган, медиаторларни тайёрлашни тартибга соладиган ва тайёрлашнинг муайян нормативларини белгилаб берадиган медиация тўғрисида федерал қонун амал қилади. Австрия қонун ҳужжатларида назарда тутилишича, суд жараёнида тузилган медиатив келишув суд томонидан эътироф этилади, шу билан бирга судгача медиация натижаси суд томонидан ҳимоя қилинмайди.
Россия Федерациясида медиация масалалари 2010 йилда қабул қилинган “Низоларни альтернатив тартибдаги воситачи (медиация тартибида) иштирокида мувофиқлаштириш тўғрисида”ги қонуни асосида амалга оширилади. Қонунга кўра, томонларнинг ихтиёрига кўра судгача ва суд жараёнларида медиация тартибида низолар бартараф этилиши мумкин. Бунда томонлар ўзларига қулай жой ва вақтни танлаб, низони бартараф этишга доир барча фикрларини баён этишлари, далилларни таҳлил қилишлари, ўз позицияларини баён этишлари мумкин. Қонунга мувофиқ медиация жараёни фуқаролик, тадбиркорлик ишлари, иқтисодий фаолият турларига оид ёки оилавий низоларда қўлланилади. Россияда медиация тартиби фақат томонларга тегишли бўлмаган учинчи шахсга тегишли масалалар юзасидан амалга оширилиши таъқиқланади. Қонун талабига кўра, медиация жараёни 60 кундан ортмаслиги керак.
Қўшни Қозоғистонда Россиядан фарқли ўлароқ “Медиация тўғрисида”ги кенг кўламли қонун ҳужжати мавжуд бўлиб, у 2011 йил қабул қилинган. Мазкур қонун медиация жараёни қўлланилиши мумкин бўлган бар низо турларини қамраб олган. Медиация тартиби фақат томонларнинг бири юридик жиҳатдан давлат органи бўлсагина қўлланилмалиги назарда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, медиация медиаторнинг ихтиёрийлик, томонлар тенгҳуқуқлиги, конфеденциаллик, бетарафлик каби принципларга асосланади.




Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.