“Ўзбек”- “эркин одамлар миллати”нинг тили билан фахрланамиз!

“Ўзбек”- “эркин одамлар миллати”нинг тили билан фахрланамиз! “Ўзбек”- “эркин одамлар миллати”нинг тили билан фахрланамиз!
Ҳар йили 21 октябрь куни Давлатимиз раҳбари имзолаган “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни асосида кенг нишонланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрда имзолаган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганидан кейин уни ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди ва жорий йил 20 январда “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳукумат қарори қабул қилинди. Шу асосда республикамиз ҳудудида давлат тилига бўлган эътибор янада кучайтирилди.
Узоқ йиллар рус тилида иш юритиб келган давлат корхона, ташкилот ва муассасалари давлат тилида иш юрита бошлади. Ташқи рекламалар, эълонлар, пешлавҳалар ва кўргазмали бошқа тарғибот матнлари давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлаш мақсадида ижобий ишлар амалга оширилди.
Узоқ йиллар Навоий вилояти саноат ривожланган ҳудуд сифатида фаолият кўрсатиб келаяпти. Бу ерда 100 га яқин миллат ва элатлар истиқомат қилаяди. Давлат тили ҳақида гап кетмасидан олдин деярли барча ташкилот ва корхоналар асосан рус тилида иш юритган. Энг яхши вазифа ва лавозимларда рус миллатга мансуб кадрлар ишлагани учун йиғилишлар ҳам, иш юритиш ҳам рус тилида бўлган. Мана мустақиллик шарофати туфайли ўзбек тилини муқаддас деб билган замондошларимизнинг сайъи-ҳаракатлари билан тилимиз давлат мақомига эга бўлди. Аста-секинлик билан маҳаллий кадрларимиз нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олиб келиб корхона ва ташкилот, муассасаларда ишламоқда, уларни бошқармоқда.
Алишер Усмонов, Фаттоҳ Шодиев каби энг бой инсонлардан бири бўлган, Чингиз Айтматовнинг энг яқин дўсти, миллати ўзбек бўлган академик, ёзувчи Рустан Рахманалиев (қирғизистонда уни энг сирли одам деб аташади) ўзининг «Империя тюрков. История великой цивилизации»,( Турк империяси. Буюк цивилизация тарихи) тарихий китобида “...XI-асрда Қорахонидлар ҳоқонлигидаги турк аҳолиси асосий туб аҳоли бўлиб ҳисобланган. Қарлуқлар, оғузлар, гузлар, чигиллар, ягма ва бошқа қабилалалар умумий тил ичида ўз қабилалари шевасини сақлаган ҳолда аста-секин умумий тилда сўзлаша бошладилар. Ана шундай тарзда эски ўзбек тили шаклланган экан. Темурнинг сафдоши Шараф ад Дин Яздий Низамутдин Шомий томонидан ёзилган унинг тарихида, Темур ҳукмронлик қилган XIV-асрда Урус хон эгалигидаги Мовороуннаҳрни ўзбеклар вилояти деб аташган, Урус хоннинг ўзини ҳам Ўзбек хони, деб айтилган. Манбаларга кўра, "ўзбек" номи "ўзига хўжайин" деганидир, яъни "Эркин инсон" деган маънони англатади. Бундай ҳолатда “ўзбек” “эркин одамлар миллати” деган миллатнинг номланишини билдирган бўлар эди”, деб ёзгани Мана шунинг ўзи ҳам миллатимиз, тилимиз шаклланишини исботи эмасми?

Бизга улкан мерос қилдирган Маҳмуд Қошғарий, Навоий, Лутфий, Бобур, Беруний, Ибн Сино, Беҳбудий, Чўлпон, Авлоний, Абдулла Қаҳҳор, Қодирий ва бу каби юзлаб миллатпарвар, ватанпарвар аждодларимиз ўзбекларнинг тарихи буюк эканини ўз ижодлари билан исботлаб беришган десам муболаға бўлмайди.
Биргина Берунийнинг тиббиётга бағишланган охирги асари “Доривор ўсимликлар ҳақида китоб” (“Китоб ус-сайдана фи-т-тибб”) шарқда “Сайдана” номи билан машҳур бўлиб, бу асарда мингдан ортиқ доривор моддалар номини бобомиз 30 тилда ёзиб чиққан, ғарбда эса бу китоб “Фармакогнозия” деб аталади.Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” эса бутун дунёга машҳур.Ҳозирда ҳам дунё тиббиётида ана шу китобдаги манбалардан фойдаланилиб келинмоқда. Биз бундан фахрланишимиз, ғурурланишимиз зарур. Тилимизни ҳурмат қилишимиз, тил ҳақидаги қонунларни ижросини таъминлашда ҳар биримиз маъсул бўлишимиз зарур эканлигини биз депутатлар аҳоли ўртасида доимо тарғиб қилиш асосий вазифамиз бўлиб қолмоғи даркор.


Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати
ФАРҲОД Эрназаров

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.