ОНА ЗАМИНГА МЕҲР

 ОНА  ЗАМИНГА  МЕҲРНурали БОЛТАЕВ, Ер қаърини, ер ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш устидан
назорат қилиш инспекцияси бошлиғи в.б

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси томонидан 2009 йил 22 апрелда бўлиб ўтган йиғилишда мазкур санани Бутунжаҳон Ер куни сифатида нишонлашга қарор қилинди. Шундан буён бу сана жаҳоннинг барча мамлакатларида Бутунжаҳон Ер куни сифатида нишонланиб келинмоқда.
Айтиш жоизки, Бутунжаҳон Ер кунида дунёнинг турли мамлакатларида Тинчлик қўнғироқлари жаранглаб, инсонларни сайёрамиз ягоналигини ҳис этиш, халқаро тинчликни сақлаш ва барча инсонларнинг ягона уйи ҳисобланган ерни ҳимоя қилишга чорлайди.
Хатирчи туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ҳам 22 апрель- Бутунжаҳон Ер кунини инсоният ҳаёти ва келажагига дахлдор шонли сана сифатида нишонладилар.
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий вилоят ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбир ўсиб келаётган ёш авлод қалбида табиат севиш, атроф-муҳитни асраб-авайлаш туйғуларини камол топтиришга қаратилган бўлиб, унда ўқувчиларнинг табиатга оид билимлари савол-жавоблар ёрдамида синовдан ўтказилди.
Ўқувчилар томонидан тайёрланган суд мажлиси саҳна кўринишларида эса ўсимлик дунёсини пайҳон қилганлиги ва сувни ифлослантиргани, балиқларга зиён етказгани, хазон ёқиб афмосфера ҳавосини ҳамда тупроқ таркибини заҳарлагани учун қонун олдида жавоб бераётган фуқаролар образлари акс эттирилди.
Кўтаринки руҳда ўтган учрашув иштирокчилари ташкилотчиларнинг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.