Бугун халқаро туризм куниБугун халқаро туризм куни
Туризм янада ривожланади

Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудларида миллий иқтисодиётга салмоқли даромад келтирувчи замонавий туризм инфратузилмасини ривожлантириш, тарихий қадамжоларга чет эллик сайёҳларни кенг жалб этиш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун қулай шароитлар ва янги иш ўринларини яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Бетакрор қадимий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, ўзига хос табиат олами мавжудлиги билан Навоий вилояти ҳам туризмни ривожлантириш учун қулай ҳудуд саналади.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида соҳа ходимлари учун туризмнинг замонавий турларини ривожлантириш, уларнинг жозибадорлигини кучайтириш, янги туристик маршрутларни яратишга доир муҳим вазифалар белгилаб берилди. Мазкур вазифалар ижроси доирасида вилоятда бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинаяпти. Туризм йўналишларини тобора кенгайтириш, ҳудудга сайёҳларни кўпроқ жалб этишда “Спутник Навоий”, “Traiding servis”, “Айдар” ўтов лагери, “Сентобистон”, “Ruslan eko servis”, “Сентоб шаҳи Мустафо”, “Қизилқум сафари”, “Hostel Karmana” ва шу каби бир қатор туристик фирмалар, оилавий корхоналар самарали фаолият кўрсатиб келаётир.
Бугунги кунда бизнинг асосий мақсадларимиздан бири юртимизга ташриф буюраётган туристлар оқимини вилоятимизга ҳам келишишига эришишга қаратилган. Ана шу мақсадда ўтказиладиган халқаро туристик ярмарка ва бошқа тадбирларда иштирок этиб, ўзимизнинг тарихий обида ва зиёратгоҳларимизни кўринишини стендларимиз ва фотосуратлар, видеороликларда акс этиб, уни бошқаларга таништириш, кўплаб хорижлик ва ҳамдўстлик мамлакатлар, юртимиздаги туристик фирмалар билан шартномалар тузишга ҳаракат қилаяпмиз,-дейди …….Бугун халқаро туризм куни
– Вилоятда 70 та архитектура, 306 та археология ва 45 та монументал объектлар мавжуд, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитасининг Навоий вилоятидаги ваколатли вакили Фарҳод Эрназаров. – Келаётган сайёҳларни нафақат ушбу тарихий-меъморий объект ва зиёратгоҳлар, шу билан бирга ҳудудимизнинг ўзига хос ҳайвонот олами, сарҳадсиз қумликлардан иборат чўлларию сеҳрли кўллари ҳам ўзига жалб этмоқда. Бу ишларда вилоятда ўз ўрнига эга бўлган сайёҳлик фирмаларининг ҳиссаси катта бўлаяпти. Баҳор ва куз мавсумларида ўзининг мафтункор табиати, флора ва фаунаси билан кишиларни ўзига жалб этган Айдаркўл атрофидаги “Қизилқум сафари”, “Uzbekistan for You” ва “Спутник Навоий” туристик дам олиш ўтовларига, Нуротадаги Чашма зиёратгоҳига сайёҳлар катта қизиқиш билан ташриф буюришади. Шу сабабли ҳам улар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. 2016 йилнинг олти ойи давомида вилоятимизга мингдан ортиқ сайёҳлар ташриф буюрган бўлса, жорий йилнинг ўтган олти ойида бу кўрсаткич 4030 нафарга етди. Таъмирталаб бўлган маданий мерос объектларини таъмирлаш, тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Кармана туманидаги “Работи Малик” карвонсаройида таъмирлаш ишлари якунига етказилган бўлса, шу кунларда “Қосим Шайх” зиёратгоҳида ҳам кенг кўламли таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари давом эттирилаяпти.
Вилоят экотуризмини ривожлантиришда Нурота туманининг алоҳида ўрни бор. Жумладан, туманда “Ruslan eko servis” оилавий корхонаси ташкил этилиб, бу ерга келган сайёҳлар учун миллий таомлар “Мастер класс” усулида тайёрланади ҳамда улар учун ҳудуднинг қадимий каштачилик намуналари намойиш этилади. Бундан ташқари, тумандаги Сентоб қишлоғида сайёҳлар учун 2 та 30 ўринли миллий уй ва 1 та 25 ўринли меҳмонхона қуриб битказилиб, жорий йилдан сайёҳларни қабул қила бошлади.
– Навоийга келаётган ҳар бир меҳмон ва хорижлик сайёҳлар, албатта, Нурота туманига зиёратга келишади, – дейди тумандаги “Сентобистон” оилавий корхонаси раҳбари Гулмурод Зарифуллаев. – Туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган Сентоб қишлоғимиз ҳавоси тоза, атрофи баланд тоғлар билан ўралган, эртакнамо маскандир. Бу ерга келаётган сайёҳлар мўъжизакор тоғ манзарасини, у ердаги қадимий петроглифларни ва энг баланд тоғнинг ёнбағрида жойлашган “Фозилмон” кўлини томоша қилиб, завқ олишади. Сайёҳлар учун 22 кишилик миллий услубдаги уй-меҳмонхона қурганмиз. Унда сайёҳлар учун ўзбек миллий таомлари тайёрланади, улар қадимий Сентобнинг табиати, халқнинг урф-одатлари, миллий ҳунармандчилиги билан ҳам яқиндан танишишади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда вилоятдаги бошқа туманларда ҳам тадбиркорлар томонидан кўплаб мана шундай миллий услубдаги уй-меҳмонхона, дам олиш маскани ва ўтов-меҳмонхоналар бунёд этилиб, сайёҳларга хизмат кўрсатиб келаётир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида вилоятда ушбу соҳада хусусий секторнинг устувор иштирокини таъминлаш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Навбаҳор туманидаги Сармишсой дарасида 30 ўринга мўлжаллаб бунёд этилган “Сармишсой” дам олиш маскани шу йил юртимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилди. Ушбу мажмуада барпо этилган 15 га яқин ўтовлар, замонавий янги коттежлар мажмуага ташриф буюрган сайёҳларда вилоятимиз ҳаёти билан боғлиқ ажойиб таассуротларни қолдириши шубҳасиз. Нуротадаги “Чашма” зиёратгоҳи атрофи эса кенгайтирилиб, у ерда 30 ўринли яна бир меҳмонхона бунёд этилаётир.
Бундан ташқари, ушбу ойда Зарафшон шаҳрида “Омад бизнес Зарафшон” МЧЖ томонидан бунёд этилган 70 ўринли “Зарафшон” меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди. Ушбу бино ҳам замонавий туризм ва сервис хизматини кўрсатиш имкониятига эга мажмуадир.
Ҳозирда Навоий вилоятида “Grand-M”, “Maximum”, “Камилла”, “Навоий”, “Ёшлик”, “Шердор”, “Nanjin Navoi complex”, “Hotel Texno Plaza” сингари 25 дан зиёд сайёҳлик хизмати кўрсатувчи меҳмонхоналар мавжуд. Жумладан, вилоят марказида жойлашган номлари қайд этилган меҳмонхоналарда “Камилла” меҳмонхонасининг ўзига хос архитектура дизайни, шинам ва барча қулайликларга эга хоналари, у ердаги малакали ходимлар хизматидан сайёҳ-меҳмонлар мамнун. Бу ерда “Wi-Fi” интернет тармоғи хизмати мижозлар учун доимо ишлаб турибди. Ана шундай меҳмонхоналардан бири яъни “Камилла” меҳмонхонаси ходимларидан бирини суҳбатга чорладик.
– Навоий давлат педагогика институтини тамомлаб, шу ерга ишга келдим, – дейди администратор Дилшод Бўриев. – Меҳмонхонага мурожаат этган ҳар бир киши билан хушмуомалалик билан суҳбатлашамиз. Мижозлар билан ўз она тилимиздан ташқари, рус ва инглиз тилларида ҳам бемалол мулоқотга киришамиз. Чунки сайёҳлар турли миллатга мансуб кишилар бўлиб, уларни кўнгилдагидек кутиб олиш, телефон орқали саволларига жавоб бериш, хоналарга жойлаштириш, албатта, ҳар бир ходимдан бир неча тилни пухта билишни талаб этади. Шу кунларда биномизнинг ёнида унинг янги блоки корпуси ҳам қурилмоқда. Ушбу қурилиш ишлари якунланса, меҳмонхонамизда мижозлар учун яна қўшимча 25 та ўрин яратилади. Шундай замонавий меҳмонхонада ишлаётганимдан фахрланаман.
Туризмни ривожлантиришда соҳага малакали мутахассисларни кенг жалб этиш, ходимларнинг касбий маҳоратини доимий ошириб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу йил Навоий шаҳрида вилоятдаги меҳмонхоналарнинг администратор ва хизматчилари учун малака ошириш курслари ташкил этилиб, унда 36 нафар тингловчи малака ошириб, сертификат олишди.
Шуниси эътиборлики, жорий йилдан Навоий вилоятида Тўдакўлнинг жанубий соҳилида ички туризм ва Айдаркўл соҳилларида хорижлик туристлар учун пляжлар ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам бошлаб юборилди. Албатта, ушбу истиқболли лойиҳалар тўлиқ амалга оширилса, бу аввало, вилоятга келаётган маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар оқимини янада кенгайтиришга, сайёҳлик йўналишларини кўпайтиришга, маҳаллий аҳолининг қадимий урф-одату ҳунармандчилик анъаналарини дунёга танитишга ва энг асосийси, соҳанинг иқтисодиётдаги улуши ортишига ҳамда янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилиши билан муҳимдир.
Раъно РАБИМОВА.
ҚАЛБИМИЗДА МАНГУ ЯШАЙСИЗ!ҚАЛБИМИЗДА  МАНГУ  ЯШАЙСИЗ!
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти
Ислом КАРИМОВ хотирасига

Асрларнинг силсиласин кўтарган Кент,
Жудоликнинг аламидан чекди нолон.
Не улуғлар хоки ётган эй, САМАРҚАНД,
Бағрингга бош қўйди шундай буюк ИНСОН!

Мангуликка дахлдордир ҳар бир сўзи,
Тоғлар маҳзун, меҳри тушган боғлар дилхун.
Қалбимизни ўртайверар бир чўғ- алам:
“Соғинади СИЗНИ бутун ЎЗБЕКИСТОН!”
Савол- жавоб
НОСТРИФИКАЦИЯЛАШНОСТРИФИКАЦИЯЛАШ

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни Ўзбекистон Республикасида тан олиш қоидалари ҳақида маълумот берсангиз.

Манзура СОЛИЕВА,
Навоий шаҳри

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш деганда ваколатли давлат органларининг Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ушбу ҳужжатларнинг қонуний кучга эга эканлигига розилиги тушунилади. Бу ҳақда 2000 йил 25 июлда кабул қилинган “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш( эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида”ги Низом мавжуд бўлиб, ушбу низом 1992 йил 1 январдан сўнг берилган ҳужжатларни тан олиш, уларни нострификациялаш тартибини белгилайди ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим ҳужжатларига тегишлидир. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш ҳамда тегишли гувоҳнома бериш бевосита Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази таркибидаги Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестацияси бошқармаси томонидан амалга оширилади ва мазкур бошқармага мурожаат қилувчилар аризага
-маълумот тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг асл нусхаси (ўтилган ўқув курслари ва уларнинг ҳажми, якуний баҳолар, амалиёт, курс ва битирув малака ишлари рўйхати, ўқув жараёнининг бошқа бажарилган талаблари кўрсатилиши лозим);
-маълумот тўғрисидаги ҳужжат ва иловасининг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган таржимаси илова қилиниши лозим.
Бошқарма таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган ўқув юртининг ўша давлатда тегишли рўйхатда (легализация рўйхатида) борлигини текшириб, ҳужжатнинг иловасида кўрсатилган фанлар ва махсус курслар Ўзбекистон Республикасида ушбу ёки унга турдош йўналишдаги мутахассисликлар бўйича тасдиқланган ўқув дастурига мос келиш-келмаслигини (асосан мутахассислик фанлари бўйича) аниқлайди ва энг кўпи билан бир ой муддатда тегишли қарорини чиқаради.
Таълим тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш учун:
таълим тўғрисидаги ҳужжатни берган таълим муассасаси ўзи жойлашган давлатнинг ваколатли органлари томонидан тан олинган бўлиши;
таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган давлатда тан олинган бўлиши;
таълим тўғрисидаги ҳужжатнинг тан олиниши Ўзбекистон Республикаси билан давлатлараро битимларда кўзда тутилган бўлиши зарур.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 апрелдаги “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация ( эквивалнтлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 173-сонли қарори қабул қилиниб, ушбу Низомга асосан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор, фармойиш ва баённомалари асосида хорижий давлатларда таълим олган; Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритишига рухсат этилган хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларида таълим олган; мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар ( грантлар)га мувофиқ тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг йўлланмалари асосида таълим олган; халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 500 талик рўйхатига киритилган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат тест марказининг қўшма қарори билан ҳар йили рўйхати тасдиқланадиган таълим муассасаларида таълим тўғрисидаги ҳужжатлари тўғридан-тўғри махсус синовларсиз амалга оширилиши блгилаб қўйилди. Халқаро тан олинган 500 та таълим муассасалари рўйхатидан ривожланган давлатларнинг нуфузли таълим даргоҳлари ўрин олган бўлиб, рўйхат билан интернет саҳифалари орқали танишиш мумкин.

Саволга Навоий шаҳар 7-сон давлат
нотариал идораси нотариуси
Воҳид СААТОВ жавоб берди.
Савол-жавоб

МАКТАБ ЁШИГА ЕТГАН ГУВОҲНОМАСИЗ БОЛАМАКТАБ  ЁШИГА  ЕТГАН  ГУВОҲНОМАСИЗ  БОЛА

-Фарзандим яқинда етти ёшга киради, сентябрда биринчи синфга чиқиши керак. Турмуш ўртоғим билан расман “ЗАГС”дан ўтмаганлигимиз сабабли унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ҳанузгача расмийлаштирилмаган. Исмини ўзимиз қўйиб олганмиз.
Фарзандимга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олишим учун нима қилишим керак? Бунга қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Гулзода НАРЗИЕВА,
Навбаҳор тумани

- Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 205-моддасида болаларнинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, боланинг туғилган жойидаги ёки ота-онадан бирининг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ органида бир ой муддат ичида амалга оширилиши лозимлиги кўрсатилган. Бироқ шу бир ой ичида туғилишни қайд эттирилмаганлиги, кейинчалик туғилиш гувоҳномасини расмийлаштириш мумкин эмас, дегани эмас.
Мазкур кодекснинг 206-моддасига асосан, боланинг туғилишини қайд этиш учун унинг туғилганлиги ҳақидаги тиббий маълумотнома, ота-онанинг оилавий ҳолати (никоҳда бор ёки никоҳда йўқлиги ) ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ФҲДЁ органига тақдим қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг2013 йил 31 декабрдаги 400-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 59-бандига кўра, ўн олти ёшгача бўлган боланинг туғилишини қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган ариза, боланинг туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома ёки боланинг туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилганлигини тасдиқловчи далолатнома, боланинг соғлиги тўғрисида маълумотнома, тегишли ФҲДЁ архивидан ушбу болага нисбатан туғилганлик хақидаги далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги тўғрисида маълумотномалар тақдим этилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш” Қоидаларининг 19-бандида 16 ёшдан ошган, туғилиши қайд этилмаган шахсларнинг туғилганлигини қайд этиш суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 207-моддасида ота-она ўзаро никоҳда бўлмаса, боланинг онаси тўғрисидаги ёзув онанинг аризасига кўра, отаси тўғрисидаги ёзув эса боланинг отаси ва онасининг биргаликдаги аризаси бўйича ёхуд суднинг ҳал қилув қарорига асосан ёзилади. Никоҳда бўлмаган онадан бола туғилганда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ва оталикни белгилаш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида отанинг исми ва миллати она кўрсатмаси бўйича ёзилиши белгиланган.


Саволга Навоий шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси Дилобар ПАРДАЕВА жавоб берди.
ЁШЛАР ҚАЛБИГА КИТОБ НУРИ ОРҚАЛИ ЁРҚИН ЙЎЛ-ЁШЛАР   ҚАЛБИГА  КИТОБ  НУРИ ОРҚАЛИ  ЁРҚИН ЙЎЛ-
ЛОЙИҲАНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИ


Бугун мамлакатимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигига гувоҳмиз. Шу жумладан, журналистлар, ижодкорлар ҳам ана шу ислоҳотларнинг тарғиботчиси сифатида ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказишдек масъулиятли ва шарафли, машаққатли вазифани уддалаётганлиги ҳам барчага аён. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан эълон қилинган “Олтин қалам”, “Энг улуғ, энг азиз”, “Жамият ва мен”, “Эътироф”, “Йилнинг энг фаол журналисти” Республика танловларининг ўтказилишидан барчамиз яхши хабардормиз. Мазкур танловларнинг вилоят босқичини ўтказишга бош-қош бўлаётган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Навоий вилояти бўлими ҳам нафақат нуфузли танловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан бирга ўзи ҳам танловлар совриндори қаторидан ўрин олмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан жорий йилда эълон қилинган грант танлови ғолиблари қаторидан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳам борлиги навоийлик ижодкорларни беҳад қувонтирди.
“Интеллектуал салоҳиятли ёшлар- Ўзбекистоннинг ёруғ келажаги” номли грант лойиҳасини амалга ошириш учун Навоий вилояти ва Навоий шаҳар, Навбаҳор ҳамда Конимех тумани ҳокимликлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Навоий вилояти Кенгаши, Абдулла Қодирий номидаги вилоят Ахборот- кутубхона маркази, “Навоий ёшлари” ҳамда “Зиёкор садоси” газеталари таҳририятлари энг яқин ҳамкорлар ҳисобланади.
Грант лойиҳаси доирасида китоб маданияти ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга бағишланган “КИТОБ – МАЪНАВИЯТ БЕШИГИ” мавзусида энг яхши мақолалар танлови эълон қилиниб, ғолибларни тақдирлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, “Китоб ўқиш оиладан бошланади” акцияси доирасида ўзбек халқининг тарихий буюк сиймолари талқин этилган бадиий асарлар бўйича викторина савол-жавоб кечасини уюштириш ва оммавий ахборот воситаларида ёритиш, буктрейлер намойиши, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида 10 нафар аълочи коллеж ва лицей ўқувчиларини маънавиятимиз хазинаси ҳисобланган пойтахтимиздаги Алишер Навоий номли Миллий кутубхонасига ташрифини ташкил этиш, ёшларни юртга муҳаббат, юксак қадриятларимизни эъзозлаш, дунёқарашларини бойитиш мақсадида “Ўтмишсиз келажак йўқ!” мавзусида тарихчи олимлар билан учрашувини уюштириш, акция доирасида энг кўп китоб фондига эга бўлган юртдошимиз хонадонига ёшлар ташрифини ташкил этиш каби муҳим маърифат тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.
-Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган ушбу лойиҳа Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ролини ва нуфузини янада ошириши аниқ,- дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси, координатор Ёрқул Умаров. -Муҳтарам Президентимизнинг “Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятлари сафарбар этилади” деган фикрлари ёшлар тарбиясига мазкур лойиҳа мисолида тўлиқ ҳаётга тадбиқ этилади. Ёшларнинг китоб ўқишга бўлган меҳри ва иштиёқини оширишга хизмат қилади. Юксак маданиятли, маънавиятли, интеллектуал салоҳиятли ўғил-қизлар сафининг кенгайишига ёрдам беради. Шунингдек, Журналистлар ижодий уюшмасининг моддий-техника базаси мустаҳкамланади.
- Айнан бизнинг соҳамизга боғлиқ бўлган грант лойиҳаси доирасида ўтказилаётган тадбирлар ўзининг долзарблиги, давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларига ҳамоҳанглиги билан ниҳоятда муҳимдир-дейди А. Қодирий номидаги Ахборот-кутубхона маркази директори ўринбосари Шамсия Бақоева.- Мазкур грант лойиҳаси янги-янги маърифатли ёшларни, ноёб китобхонларни кашф этиш имконини беришига ишонамиз. Лойиҳани амалга оширишга ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз.
ГУЛДАН НОЗИК КЎНГИЛЛАР
саховатдан баҳра оладиГУЛДАН  НОЗИК  КЎНГИЛЛАР

Ҳаёт қувонч ва ташвишлардан, оқ ва қора чизиқлардан, яхши ва ёмон кунлардан иборат. Инсон учун ҳаётнинг ўтиб бўлмас синовлари, ечиб бўлмас тугунлари, ошиб бўлмас довонлари бор. Яратган кимгадир дард берса, кимгадир ғам беради. Бу бири кам дунёнинг синоатлари кўп. Баъзан жонингни берсанг ҳам тўлмайдиган камлари кўп. Бу ҳақиқатларни англаган инсон борки, меҳр-мурувват, хайру саховат, кўнгли кам одамга яхшилик қилишни эзгу амаллардан деб ҳисоблайди. Оллоҳ узрли қилиб яратган инсонларни тушуниш, уларга меҳр-шафқат, оқибат кўрсатиш учун катта инсоний қалб кераклигини барчамиз яхши биламиз.
Жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг жамиятдаги бошқа фуқаролар сингари яшашлари учун шарт-шароит яратиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилаётган давлат грантлари аҳолининг ҳимояга муҳтож ана шу қатламининг ҳаётига янгича мазмун бахш этмоқда.
Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Навоий вилоят ҳудудий бўлими ҳам жорий йилнинг бошида эълон қилинган грант танловида “ 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси”да ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишга нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаол иштирокини таъминлаш” мавзусида “Ногиронлар манфаатлари ҳамма нарсадан устундир” номли лойиҳаси билан ғолибликни қўлга киритди.
-Лойиҳанинг асосий мақсади,-дейди вилоят ногиронлар жамияти раиси Хосият Ҳасанова,- жамиятимиз ҳузурида имконияти чекланган инсонлар учун “Фитнес чойхона ва тренажёр залини ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида имконияти чекланган шахслар билан жисмоний машқлардан олдин “Соғлом танда-соғлом руҳ”, “Тўғри овқатланиш-узоқ умр гарови”,”Соғлом она-соғлом фарзанд” мавзуларида мини лекция, суҳбат, музокаралар ўтказишдан иборат.
Дарҳақиқат, лойиҳани амалга оширишнинг асосий тадбирлари амалга оширилиб, вилоят ногиронлар жамияти ҳузурида Саломатлик тўгараги- “Фитнес чойхона” ва тренажёр зали учун жой тайёрланиб, керакли анжомлар билан жиҳозланди. Саломатлик тўгараги фаолиятини амалга ошириш учун тренерлар танланиб, тарғибот ишлари бошлаб юборилди. Мазкур тўгаракка йил давомида 400 нафар киши жалб этилиши кўзда тутилган.
-Вилоят ногиронлар жамияти бизни ҳамиша қўллаб-қувватлайди,- дейди карманалик 1-гуруҳ ногирони Қаҳҳор Амонов.- Дори-дармон керак бўладими, бошқа муаммога дуч келамизми, дарров ногиронлар жамиятига мурожаат қиламиз. Ҳозиргача бирорта мурожаатимиз жавобсиз қолмаган.
-Мен эса соғлигимни тиклашга кўрсатган беминнат ёрдамларидан ташқари, - дейди биринчи гуруҳ ногирони Ҳусан Пармонов, - Навоий давлат педагогика институтида тўрт йил давомида ўқишимнинг контракт маблағларини тўлиб берганликлари учун, эгизагим Ҳасан икковимизнинг никоҳ тўйларимизга кўрсатган ёрдамлари учун ногиронлар жамиятидан жуда миннатдормиз.- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан маъқулланган грант лойиҳаси меҳр-саховатли жамият фаолиятини янада кенгайтириши, Оллоҳ узрли қилиб яратган кўнгиллари гулдек нозик биздек инсонларга ҳаётидан мамнун бўлиб яшашларига яқиндан ёрдам бериши табиий.
Дарҳақиқат, шундай. “Фитнес чойхона ва тренажёр залининг тантанали очилиш маросимида ногиронлар жамияти аъзолари билан бирга Кармана тумани Саломатлик маркази, туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими вакиллари, туман БУСМ шахмат мураббийлари, туман “Маҳалла” жамғармаси ходимлари ва бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ёрдам бериш йўлида вилоят ногиронлар жамияти билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Лойиҳа тақдимоти маросимида жисмоний имконияти чекланганлар ҳар куни вилоят ногиронлар жамияти биносида Саломатлик тўгарагида бепул шуғулланишлари мумкинлиги таъкидланди. Шу билан бир қаторда ҳимояга муҳтож аҳолининг кенг қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида хоҳлаган фуқаролар Саломатлик тўгарагига келиб, тренажёрлардан пуллик хизмат орқали бемалол фойдаланишлари ҳам мумкин.
Маруса ҲОСИЛОВА
Яхшилардан ўрнак олинг!ОДДИЙ  ЭЪТИБОРНИНГ  ЮКСАК  НАМУНАСИ
ОДДИЙ ЭЪТИБОРНИНГ ЮКСАК НАМУНАСИ
Навоий шаҳри ўзига хос бетакрорлиги, замонавий шаҳарсозлик андозаларига мослиги, улкан салоҳияти билан дунёнинг кўплаб мамлакатлари ҳавасига сазовор кентлардан ҳисобланади.
Шаҳримизнинг янада гуллаб-яшнаши учун ҳаракат қилаётган замондошларимизнинг бунёдкорлик ишлари алоҳида эътирофга лойиқ. Шу шаҳарда бутун умр яшаб, меҳнат қилган, одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга бор билим ва тажрибасини бахш этган инсонлардан бири - Навоий шаҳрининг фахрий фуқароси Турсун Саматов ҳамон одамларга яхшилик қилиш мақсади билан яшамоқда.
“Олтин водий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Сукунат олтин” хусусий уй-жой мулкдорлар ширкати ҳудудида ,ўзи яшаётган ҳудуд болажонларига қилган янги туҳфасини кўриб, албатта қойил қоласиз.
Ўз хизматини ўтаб бўлган шиналардан барпо этилган болалар спорт майдончаси худди эртаклардагидек. Шина резиналаридан ясалган оққушларни кўриб кўз қувонса, шина резиналаридан ясалган арғимчоқларда учиш мароқли, турли рангларга бўялган шиналар билан ўралган майдончада кичкинтойлар қумда мириқиб ўйнаши мумкин. Баскетбол ишқибозлари учун ҳам шароит яратилган. Турли расмлар чизиш учун ўрнатилган доскадан аҳоли хабардор бўлиши керак бўлган хабар ва маълумотлар ўрин олиши мумкин. Атрофдаги гул булварлари кичкинтойларда табиатга меҳр уйғотишга хизмат қилиши аниқ.
-Турсун Мансуровични 1980 йилдан буён биламиз,-дейди у киши билан бир кўчада яшовчи Дилором Умарова, Муслима Холовалар.- Тиниб-тинчимас бу инсон ширкатимизнинг олдинги ўринларда бўлишига ва муаммоларимизни ижобий ҳал этишга доимо бош-қош.
“Сукунат олтин” хусусий уй-жой мулкдорлар ширкати раиси Дилноз Боймуродованинг таъкидлашича, ширкат 2012 йилда ташкил топган бўлиб, 5 та кўп қаватли уйда истиқомат қилаётган 219 та хонадонга, яъни 462 нафар аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
-Барча соҳада аҳоли, айниқса кўпни кўрган маҳалла оқсоқоллари билан бамаслаҳат иш юритамиз.- дейди ширкат раиси Д. Боймуродова.- Қишга тайёргарлик бўладими, баҳорги кўкаламзорлаштириш, доимий ободонлаштириш ишлари бўладими, барча-барчасида ана шу тажрибали замондошларимизнинг кўмаги, ҳамкорлиги сезилиб туради.
-Бугунги қишга тайёргарлик ишлари бўйича ўтказиладиган семинаримизни мана шу мўъжазгина, аммо нафақат болажонларни, балки ота-оналарни ҳам қувонтирадиган болалар спорт майдончасининг очилиш маросими билан бирга ўтказяпмиз.
Ҳам семинар, ҳам спорт майдончасининг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Солиев, Навоий шаҳар ҳокимининг ўринбосари Иброҳим Қодировлар иштирок этиб, Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигини муносиб кутиб олиш борасида амалга ширилган кенг кўламли ишлар ҳамда тинчлик ва мустақилликнинг қадрига етиш учун фуқаролар зиммасидаги бурч ва масъулият ҳақида тўхталдилар.
Маҳалладошлари ҳурматига сазовор бўлган, шаҳримизнинг гуллаб-яшнаши учун доимо изланишда бўлган, юртим деб, элим деб яшаётган ватанпарвар ҳамшаҳримиз Турсун Саматовга Навоий шаҳар ҳокимининг Ташаккурномаси топширилди.
Янги фойдаланишга топширилган болалар спорт майдончасида болакайларнинг бахтиёр қийқириқларини эшитиб ота-оналарнинг кўнгли хотиржамлик ва мамнунликдан ёришиб кетди. Оддий эътиборнинг юксак намунаси юракларни тўлқинлантирди.ОДДИЙ  ЭЪТИБОРНИНГ  ЮКСАК  НАМУНАСИ
ОДДИЙ  ЭЪТИБОРНИНГ  ЮКСАК  НАМУНАСИ
ОДДИЙ  ЭЪТИБОРНИНГ  ЮКСАК  НАМУНАСИ
ОДДИЙ  ЭЪТИБОРНИНГ  ЮКСАК  НАМУНАСИ
Маруса ҲОСИЛОВА.