ТАБИАТНИ  СЕВАМИЗ!    ТАБИАТНИ СЕВАМИЗ!
Адиба АҲМЕДОВА, ўқитувчи
Мамлакатимизда ёшларнинг экологик-ҳуқуқий таълим ва тарбияси масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда экологик таълим ва тарбия асосан: оилада, маҳаллада, мактабгача таълим муассасаларида, мактабларда, лицей, коллеж, институт ва университетларда олиб борилмоқда. Бу йўналишдаги таълим инсонга табиат ҳодисаларини тушуниб етишга, яшаш жойи, истеъмол қиладиган барча неъматлар, саломатликка таъсир қилувчи омиллар, дам олиш учун зарур бўлган шарт-шароитлар, унинг мақбул ҳолатини белгиловчи меъёрлар билан таништиради.
Навоий шаҳридаги 7- умумий ўрта таълим мактабида 15 апрель- “Халқаро экологик билимлар” кунига бағишлаб “Биз табиатни севамиз ” мавзусида интерфаол очиқ дарс кўринишида ўтказилган тадбирда ўқувчилар тест саволларига жавоб бериш билан бир қаторда, “Қизил китоб”га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси тўғрисидаги тақдимотни ҳам чиройли уддаладилар. Болаларда экологик-ҳуқуқий таълим-тарбияни мустаҳкамлашга бағишланган тадбирда мактабимизнинг 3-“А” синф ўқувчилари билан “Экология нима?” “Табиат ва ҳарфлар этикаси” мавзусида интерфаол ўйинлар ўтказилди. Ўқувчилар табиатни қанчалик севишларини ўзлари чизган расмларда ифодалаб беришди. Севинч Пардаева, Райҳона Данақулова, Рухшона Қўчқорова каби ўқувчиларимизнинг чизган расмлари бетакрорлиги билан ажралиб турди ва кўпчиликка манзур бўлди.
Тадбир сўнгида фаол иштирок этган ўқувчиларимиз вилоят Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
 ОНА  ЗАМИНГА  МЕҲРНурали БОЛТАЕВ, Ер қаърини, ер ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш устидан
назорат қилиш инспекцияси бошлиғи в.б

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси томонидан 2009 йил 22 апрелда бўлиб ўтган йиғилишда мазкур санани Бутунжаҳон Ер куни сифатида нишонлашга қарор қилинди. Шундан буён бу сана жаҳоннинг барча мамлакатларида Бутунжаҳон Ер куни сифатида нишонланиб келинмоқда.
Айтиш жоизки, Бутунжаҳон Ер кунида дунёнинг турли мамлакатларида Тинчлик қўнғироқлари жаранглаб, инсонларни сайёрамиз ягоналигини ҳис этиш, халқаро тинчликни сақлаш ва барча инсонларнинг ягона уйи ҳисобланган ерни ҳимоя қилишга чорлайди.
Хатирчи туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ҳам 22 апрель- Бутунжаҳон Ер кунини инсоният ҳаёти ва келажагига дахлдор шонли сана сифатида нишонладилар.
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий вилоят ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбир ўсиб келаётган ёш авлод қалбида табиат севиш, атроф-муҳитни асраб-авайлаш туйғуларини камол топтиришга қаратилган бўлиб, унда ўқувчиларнинг табиатга оид билимлари савол-жавоблар ёрдамида синовдан ўтказилди.
Ўқувчилар томонидан тайёрланган суд мажлиси саҳна кўринишларида эса ўсимлик дунёсини пайҳон қилганлиги ва сувни ифлослантиргани, балиқларга зиён етказгани, хазон ёқиб афмосфера ҳавосини ҳамда тупроқ таркибини заҳарлагани учун қонун олдида жавоб бераётган фуқаролар образлари акс эттирилди.
Кўтаринки руҳда ўтган учрашув иштирокчилари ташкилотчиларнинг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
“СОВУҚ ЖОНИВОР”ГА ЭЪТИҚОДМозийдан садолар ёхуд илон не сабаб тиббиёт рамзига айлангани ҳақида

Сиз тик ҳолдаги асони бошдан-оёқ чирмаб олган ёки қадаҳсимон идиш тагидан ўралиб чиқиб, унинг жомига заҳарини тўкаётган илон тасвирини кўп кўргансиз. Ўз навбатида, у айрим давлатларда тиббиёт рамзи вазифасини ўташини ҳам яхши биласиз. Лекин ушбу тимсол қачон пайдо бўлгани, бунинг учун нега айнан илон, жомли қадаҳ ёки асо танлангани, уларнинг тиббиётга нечоғли дахли борлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? “Йўқ!” дейсизми, унда эшитинг, қуйида шу хусусда сўз юритамиз.
Тарихдан аёнки, ибтидоий одамлар табиий ҳодисаларнинг асл сабаблари ва туб моҳиятини яхши билишмаган. Шу боис мудом қўрқув ва таҳлика остида яшашган. Ижтимоий онг бирмунча ривожлангач, оламнинг яралиши ва ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши тўғрисидаги фаразлар ўзгарган. Масалан, қабилачилик даврида юнонлар ва римликлар бутун борлиқни жонли ҳис этиб, набототу ҳайвонот дунёси ва бошқа нарсаларнинг илоҳий ҳомийси бор, барчасини маъбудалар бошқаради деган хулосага боришган. Инчунин, ўз тасаввурларида дастлаб қиёфасиз, бора-бора инсонга ўхшаш кўплаб худоларни яратиб, уларга сиғинишган, мадад тилашган, ёвуз кучларни мойил қилиш илинжида қурбонликлар қилишган.
Бурунги юнонлар наздида одам кўринишидаги фалак ҳукмронлари Грециядаги энг баланд ва муқаддас Олимп тоғи чўққилари туташган енгил-шаффоф ҳаво қатламини ўзларига макон тутишган. Улар орасида Зевс – маъбудлар ва одамлар, момақалдироқ ва яшинлар ҳукмдори, жазоловчи даҳшатли куч соҳиби, рафиқаси Гера – самовий маъбудалар маликаси, никоҳ ҳомийси, укаларидан Аид – ҳаёт ва охиратнинг, Посейдон – денгизларнинг ҳоқони саналган. Соҳибкаромат ўғилларидан Аполлон – олмазорлар худоси, чўпонлар ва санъат раҳнамоси, Гермес – аввал чорвадорлар парвардигори, пода ва яйловлар, кейин йўл ва йўловчилар, савдо ва савдогарлар ҳимоячиси, шунингдек, маъбудлар элчиси ва марҳумлар жонини дўзахга ўтказувчи бўлган. Қизларидан Афина – уруш ва ғалаба, санъат ва ҳунармандчилик, билим ва донолик маъбудаси, Артемида – ов худоси ва аёллар тангриси ҳисобланган.
Буни қарангки, илон ва ҳассанинг тиббиёт рамзига айланиш тарихи ҳам ана шу олимп худоларига бориб тақаларкан. Ўзаро уйқаш афсоналардан бирига кўра, лапифлар шоҳи Флегийнинг Коронида исмли қизи Аполлонга турмушга чиқади. Аммо ҳаял ўтмай хушбичим ва моҳир чавандоз Исхийни ёқтириб қолиб, хиёнат йўлига киради. Бундан огоҳ топган Аполлон аламига чидай олмай, хотинини ўлдиради. Мурдани ёқаётганида эса қорнини ёриб, ҳали жисмида ҳаёт нишоналари сўнмаган ҳомиласини ажратиб олади. Сўнгра шифобахш ўсимликларга бой Пелион тоғи ва Пелефрен водийсида яшовчи донишманд кентавр (ярми одам, ярми от маҳлуқ) Хирон тарбиясига беради. Хирон гўдакни белида олиб юриб парваришлаш асноси унга дала-ўтлоқлар аҳамиятини, дарахтлар, гиёҳлар ва гуллар, уларнинг меваси, барги ва илдизи қандай хусусиятларга эгалигини обдон тушунтиради. Устози сабоқларини пухта ўзлаштирган болакай улғайгач, ҳар қандай дардни даволовчи буюк табибга айланади. Ҳатто, аммаси Афина берган, илон сочли аёлсифат учар мавжудот – горгон жасадининг ўнг томиридан олинган қонни қўллаб, кимларгадир навқиронлик, кимларгадир қайтадан умр ато эта бошлайди. Алқисса, Акслепий, аниқроғи, Халоскор деган шарафли номга сазовор бўлади.
Бошқа ривоят бўйича бир куни ундан Крит ҳукмдори Минос марҳум ўғли Главкни тирилтириб беришни илтимос қилади. Шул сабаб саройга ошиқаётган табибнинг ҳассасига ногаҳон бир илон чирмашади. Асклепий уни уриб ўлдиради. Айни шу лаҳза бошқа илон пайдо бўлади-ю, оғзидаги аллақандай ўтни жонсиз шериги танасига суркаб, уни тирилтириб юборади. Бундан ҳайратга тушган Асклепий ён-атрофдан ўша гиёҳни излаб топади. Саройга боргач, унинг ёрдамида шаҳзодага жон киритади. Худди шу зайлда Ипполитни, Орионни, Ликургни, Капанейни, Тиндарейни, Фива жанги қурбонларининг аксариятини ҳаётга қайтаради.
Бироқ Хирон шогирди қалбига шифокор ҳамиша беғараз ва тамасиз иш юритиши зарурлиги ҳақидаги туйғуларни сингдиролмаганди. Оқибатда Асклепий бойликка ружу қўйиб, марҳумларни тирилтиргани учун ҳақ сўрайдиган одат чиқаради. Устига-устак, у ўлим устидан қозонган ғалаба бошқа маъбудлар сингари амаки бобоси Аидни, ер ости дунёси ва ўликлар салтанати ҳукмдори Танатосни ҳам қаттиқ ташвишга солади. Зеро, улар Зевсга Асклепий одамларга боқий умр бахшида этиб, олам қонунларини бузаётгани юзасидан арз қилишади. Зевс бу кетишда осий бандалар худоларга тенглашиб қолиши мумкинлигини англаб, қаттиқ ғазабланади. Алалхусус, саркаш набирасини аяб ўтирмайди, самодан даҳшатли чақмоқ-яшинлар йўллаб, уни нобуд қилади-да, илон икковининг аксини юлдузлар буржига муҳрлаб қўяди. Табиийки, Аполлон ҳам қараб турмайди. Ўғлининг умрига зомин бўлган ажал уруғини тизгинлай олмаган бир кўзли девсимон паҳлавонларга аёвсиз қирон келтиради. Эвазига отаси қаҳрига учраб, одамларга хизмат қилиш учун маълум муддат Олимпдан ерга бадарға қилинади. Асклепий эса мурдаларга жон бағишламаслик шарти билан кейинчалик афв этилади...
Албатта, қай бири рост, қай бири уйдирма бунақа афсона-ривоятлар ҳам, мангу ҳаётга доир хомхаёллар ҳам ўз йўлига. Лекин ўтмишда Асклепий ҳақидаги шов-шувлар бутун Юнонистонга ёйилгани, оми халқ уни буюк инсоний тафаккур ва нутққа эга илон қиёфасида замин қаърида яшайдиган, истаган пайти қуруқликда ҳам, денгизда ҳам ҳозиру нозир бўлиб, дардманлар корига ярайдиган маъбуда деб билгани бор гап.
Дарвоқе, уни табобат асосчиси ва худоси, табиблар ва доришунослар ҳомийси, фақат хаста вужудларнинггина эмас, гуноҳкор руҳларнинг ҳам нажоткори дея илоҳийлаштиришган. Бу эътиқод милоддан аввалги V асрда кучайиб, айниқса, Эпидавр, Трикка ва Пергамда кенг оммалашган. Шифобахш ва зилол сувли чашмалар бўйида, кичик ўрмон-дарахтзорларда, сўлим-баҳаво жойларда Асклепийга атаб ибодатхоналар қурилган. Барчасининг қошида унинг ҳайкали ўрнатилиб, махсус жиҳозланган, қўлга ўргатилган илонлар сақланадиган, касалликликлар ва дори-дармонлар рўйхати илиб қўйилган муолажа хоналари ташкил этилган. Уларда табобатдан яхши хабардор руҳонийлар хизмат қилишган. Чор тарафдан селдек оқиб келаётган беморлар олдин кўрикдан ўтишган, ювиниб-тараниб покланишган. Сўнгра ўша давр анъанасига биноан қурбонлиқ қилинган хўроз териси устига ёки Асклепийнинг ҳайкали пойидаги тўшаклардан бирига ётқизилган. Бурчак-бурчакларида илонлар ғужғон ўйнаётган тим қоронғи саждагоҳда ҳамиша алланечук совуқ сукунат ҳукм сурган. Ана шундай шароитда уйқуга кетган беморнинг тушига гўёки Асклепий кириб, соғайиш йўл-йўриқларини ўргатган. Эрталаб мижоз туши тафсилотларини сўзлаб бергач, коҳинлар уни даволашга киришганлар. Йирик ибодатхоналарда ҳар беш йилда Асклепий шарафига катта байрамлар ўтказилган.
Римда Асклепийга сиғиниш сал кейинроқ бошланади. Бунга уч йил мобайнида авжига чиқиб, бутун мамлакат аҳли ҳаётини хавф остида қолдирган ўлат сабабчи бўлади. Олий мартабали коҳинлар узоқ кенгашиб, офатдан қутулиш учун Эпидаврдаги машҳур Асклепий ибодатхонасида боқилаётган илонларни бу ерга келтириш шарт деган тўхтамга келишади. Милоддан аввалги 292 йили бу иш амалга оширилгач, юқумли касаллик дарҳол ортга чекинади. Шунга кўра, Асклепийнинг бош саждагоҳи Римга кўчирилади ва бир кема муқаддас илон қўйиб юборилган Тибр оролларидан бирида унинг шарафига янги ибодатхона барпо этилади. Ушбу мамлакатда Асклепий (маҳаллий тилда Эскулап)га сиғиниш эрамиздан олдинги 233 йилдан эътиборан кенг жорий қилинади.
Замонлар оша турли асотирлар асосида унга бағишлаб яратилган тасвирий санъат намуналари, ҳайкаллар ва қимматбаҳо буюмлар кўпайди. Чунончи, эрамиздан аввалги 191 йилда зарб этилган тангада у илон шаклида, кўп аср амалда бўлган пуллардан бирида эчкини эмаётган маҳали гўёки ўзини фарзандликка олган чўпон Арестан билан учрашгани, бошида ёғду сочувчи чамбар порлаб тургани акс эттирилди. Бошқа асарларда гўёки болалигида ўзини боққан ит ва даҳолик сари бошлаган илон билан биргаликда ёки чап қўлида ўша жониворнинг бошидан ушлаган, ўнг қўлида бутоғи йўнилмаган ҳасса тутган кўйи гавдаланди.
Қисқаси, Акслепийнинг ҳар хил талқиндаги, аммо муштарак мазмундаги сиймоси қадимги Римнинг 162 та шаҳри, Испания, Галий, Британиядан ажралиб турувчи музофотларнинг бўртма нақшлари, сиртига ёзувлар битилган нодир тошлари ва тангаларида ҳам ўз ифодасини топди. Аксариятида у камолотга эришган, ниҳоятда мўмин-қобил, вазмин-оғир, соч-соқоллари узун, елкасига енгсиз кенг кийим ташлаб олган, қўлига илон ўралган таёқ ёки чўқмор тутган етук донишманд сифатида намоён бўлди. Ўрта асрлар тиббиётига оид миниатюралар ва расмли китобларда эса дорихонада турли малҳамлар ва асбоб-ускуналар орасида ўтиргани тасвирланди. Уйғониш даврида Франческо ди Жоржо томонидан ноёб бронза ҳайкали ясалди. ХVI-XVII асрлар рассомчилигида таваллудига оид афсонавий руҳдаги асарлар янада кўпайди. Тадқиқотчилар уни гоҳо ривоий, гоҳо тарихий шахсга менгзашди.
Энди илон ҳақида тўхталадиган бўлсак, у азал-азалдан турли халқлар маталларида билим ва оқиллик улашувчи жониворга қиёсланган. Кўҳна Финикия ва Вавилонда донолик, узоқ умр, яшариш, соғайиш, саломатлик омилига йўйилган. Бир нақлда таъкидланишича, Зевс инсониятга мангу навқиронликнинг ғаройиб воситасини инъом этади. Таассуфки, одамлар бу бебаҳо неъматнинг қадрига етишмайди. Уни ўзлари билан олиб юриш ўрнига эшакка ортиб қўйишади, эшак эса илонга бериб юборади. Шу-шу илон узоқ вақт ёшлик гаштини сурадиган, одамзод эса кексалик ғам-ташвишларини тортадиган бўлиб қолган дейишади.
Амалда-чи?.. Маълумки, илон узоқ яшайди ва ҳар йили пўст ташлайди. Эҳтимол шундандир, қадимги одамлар у эски териси билан бирга ўзидан қариликни ҳам соқит қилиб, бардавом ёшликка эга чиқади, бинобарин, дори қабул қилган бемор танаси ҳам қайта туғилгандек бўлади қабилидаги хурофий ақидага таянишган. Илоннинг жигари ва ёғи қонни тозалашига, гўштидан тайёрланган шўрва жасурликни кучайтиришига ишонишган. Қолаверса, ушбу жонивор оғусини шифо мақсадларида қўллаш ўрта асрларда кенг тарқалди ва ХIХ асрга қадар шу асосда талай зиддизаҳарлар яратилиб, махсус жомларда сақланадиган бўлди. Бизнинг давримизда эса у қатор дори воситалари таркибидан ўрин олди.
Вақти-соати етиб, аслида Жанубий, Ўрта ва Шарқий Европада, Кичик Осиё ва Ғарбий Африка шимолида, Ғарбий Кавказ ва Европа жанубида учрайдиган, бўйи 1,5-2 метрча келадиган, танаси-ю бошининг устки қисми қўнғирсарғиш, қорамтир ёки қора, эрон тилида табиб илон дея аталувчи думи узун ана шу судралувчи жонзот ва Асклепийнинг қадаҳ шаклига келтирилган ҳассаси тиббиёт рамзи сифатида қабул қилинди. Ҳозир улар мазкур соҳанинг, чунончи, дорихона ишлари ва ҳарбий-медицина хизматининг шартли белгиларидан саналади. Шунингдек, Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда бошқа тиббий муассасаларнинг бинолари пештоқида, байроғи, герби, медали ва иш қоғозларида кўзга ташланади.
Мавриди келганда эслатиб ўтиш жоизки, Асклепийнинг етти фарзанди ҳам ота изидан борган. Пировардида Панакея жамики дардлардан фориғ этиш, Иазо даволаш, Телесфор соғайиш, Огле фаровонлик, Гигиея саломатлик маъбудаси даражасига кўтарилган. Гомернинг “Илиада”сида ёзилишича, Махаон моҳир жарроҳ, Подарилий машҳур ички касалликлар табиби мақомига эришган. Икковлон бизга мифлар орқали маълум Илион, яъни Троя қамали вақти (эрамиздан аввалги тахминан 1260 йил)да юнонистонлик майиб-мажруҳларни даволаган.
Эътиборга молик яна бир гап. Мутахассислар тахминича, Асклепийнинг ҳамда милоддан олдинги I асрда яшаган рим ҳоқони Юлий Цезарнинг дунёга келиши билан боғлиқ воқеалар туғиш қийин ва хавфли вазиятларда бола она қорнини кесиш йўли билан олинадиган кесарево усули шаклланишига туртки бўлган. Ушбу атама кўҳна Рим ҳукмдорлари унвонини англатувчи “кесарь”, бизнинг тилимиздаги “қайсар” сўзидан келиб чиққан. Ёки тиббиётнинг муҳим соҳаси бўлмиш гигиенани эслайлик. Далилларга қараганда, бу ном Аксплейга бағишланган асарларнинг айримларида у билан ёнма-ён тасвирланган дилбар қизи Гигиеянинг исмидан олинган. Илион жангидан сўнг Кичик Осиёда қўним топган Подарилий эса ўша ерлик шоҳнинг томдан йиқилиб, анча кундан буён беҳуш ётган қизини қон олиш йўли билан соғайтирган. Демак, бу терапевтик муолажанинг асл илдизи ҳам олис ўтмишдаёқ ниш урган дейиш мумкин.
Сирли ва завол топмас тарих саҳифаларида тиббиётга тааллуқли бундай асотирлар кўп учрайди ва барчасининг замирида муайян даражада ҳақиқат ётади...

Абдунаби ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Навбаҳорда навбатдаги семинар ўтказилди.Юртимизда атроф-муҳит софли гини таъминлаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, ёш авлодни табиатга нисбатан меҳр-шавқатли муносабатда бўлишга ўргатиш соҳа мутахассислари олдига улкан вазифаларни қўймоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан қўллаб-қувватланган "Табиат ва ҳаёт” газетаси таҳририятининг " Соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш- мустаҳкам соғлик кафолати” лойиҳаси доирасида вилоят Аҳоли репродуктив саломатлик ҳудудий маркази ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий минтақавий филиали билан ҳамкорликда Навбаҳор Агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежида семинар ўтказди. Тадбирни Навбаҳор Агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи директори Зоҳид ҚУДРАТОВнинг кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг мавзу юзасидан вилоят Аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори М.Нажимов ва Нодавлат нотижорат ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар тўғрисида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий минтақавий филиали катта мутахассиси Х.Худойбердиевларнинг маърузалари тингланди. Тадбирда иштирок этган коллеж ўқитувчилари ва "Арабсарой" ҚФЙ ҳудудидаги маҳаллалар фаоллари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мутахассислардан тегишли жавоблар олдилар. Тадбир сўнггида газетамиз таҳририяти томонидан барча иштирокчиларга табиат, соғлом турмуш тарзи ва экологияга оид рисола ва буклетлар тарқатилди.
Наврўз тимсоллари ГУЛЛАР- ДИЛЛАРГА ДАВО…

Маълум бўлишича, қадимги Хитойда беморларни гуллар билан даволашган. Бу усул ҳозир ҳам дунёнинг турли бурчакларида қўлланилади. Гуллар нафақат гўзаллик рамзи, балки соғликни тиклашга ёрдам берадиган даво ҳам. Бунда гулларнинг ранги муҳим роль ўйнайди.
ҚИЗИЛ ГУЛЛАР -ТУШКУНЛИККА ҚАРШИ
Қизил гуллардан ясалган гулдаста жуда кучли энергияни ўз ичига олади. Бундай гулдаста киши организмининг умумий фаоллигини ошириб, гормонлар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Қизил рангли атиргуллар эса кишининг руҳий ва жисмоний аҳволини яхшилаб, тушкунлик ва чарчоқни енгади. Ва юрак саломатлигини яхшилайди.
Наврўз тимсоллариСАРИҚ ГУЛЛАР- ИММУНИТЕТНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ
Лоланинг тўқ сариғи, орхидея ҳамда кунгабоқар гуллари кайфиятни кўтариб, дилни яйратади. Бу гуллар мия фаолиятини яхшилаб, хотира сустлигини ҳам даволаши мумкин. Шунингдек, сариқ гуллар иммунитетни мустаҳкамлаб, ҳар хил юқумли касалликлардан ҳолсизланиб қолган организмни тетиклаштириш кучига эга.
Наврўз тимсоллариБИНАФШАРАНГ- ОРТИҚЧА ВАЗННИ ЙЎҚОТАДИ
Бинафша рангли гуллар ишда кун давомида йиғилган стрессни енгишга яқиндан ёрдам беради. Шу билан бирга, бундай гуллар ҳар хил оғриқларни сусайтириб, ҳаттоки ортиқча вазндан халос бўлишга ёрдам бераркан.
Наврўз тимсоллари КЎК РАНГ ШИРИН УЙҚУ УЧУН
Кўк рангли гуллар азалдан тинчлик ва хотиржамлик белгиси саналган. Бунда гуллар асаб толаларига ижобий таъсир кўрсатади ва жаҳлни енгиб, тинчланиб олишга кўмаклашадиган энг самарали восита ҳисобланади. Кўк рангли гуллар ширин уйқуни таъминлаб, яхши дам олишга ёрдам беради.
Наврўз тимсоллариОҚ РАНГЛИ ГУЛЛАР – ТИНЧЛАНТИРАДИ
Оқ гуллар ҳам ташқи, ҳам ички тозалик белгисидир. Оқ гуллардан ясалган гулдаста кишининг миясида ўрнашиб қолган ҳар хил ёмон ўй-хаёллардан халос этиб, ички тотувликни ҳадя этади. Бундай гуллар мия учун жуда фойдалидир.
( Интернетдан олинди.)
МАТБУОТ ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚИ Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ахборот агентликларини қўллаб- қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, ЮНИСЕФ ва Халқаро журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда Навоий шаҳрида ўтказилган навбатдаги давра суҳбати “Матбуотда болалар ҳуқуқи мавзусининг ёритилиши” масалаларига бағишланди.
Давра суҳбатида лойиҳа координатори, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Ёрқул Умаров мавзу юзасидан вилоятда амалга оширилган ишлар юзасидан гапирди. Шунингдек, “Дўстлик байроғи” газетаси мухбири Н. Рўзиева, “Зиёкор садоси” газатаси муҳаррири Х. Ўтаганова, “Истиқбол ғунчалари” газетаси муҳарири А. Жўраевлар ҳам ўз маърузаларида болалар мавзусининг ёритилиши юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Ўз мухбиримиз.
НАВРЎЗ САЙИЛЛАРИ Наврўз билан боғлиқ гул байрамлари ўтмишда Марказий Осиё халқлари, чунончи, қадимги хоразмликлар, сўғдлар ва бақтрияликлар ҳаётида ҳам энг улуғ тантаналардан саналган. Тарихий манбаларга қараганда, Хоразм ва Бухорода қизилгул, Фарғона водийси ва Тошкент атрофларида лола, тоғли Чуст ва Денов туманларида сунбула, бошқа жойларда бойчечак сайиллари уюштирилган. Қуйида улардан айримлари ҳақида тўхталамиз.
Бойчечак сайли. Шарқ халқлари бойчечакни кўклам даракчиси ҳисоблашган. Шу боис эрта баҳорда болалар тўда-тўда бўлиб, “Ким биринчи бўлиб топса, бахтга эришади!” деган илинжда бойчечак қидиришган. Сўнгра уларни қўйниларига яширган кўйи ҳовлима-ҳовли юриб, қўшиқ айтишган. Бойчечакларни, биринчи навбатда, қарияларга тақдим этишган. Бу гул одамлар қишдан эсон-омон чиққанидан, яна баҳор келиб, янги ҳаёт бошланганидан далолат берган.
Бойчечак сайли турли жойларда ўзига хос тарзда ўтказилган. Масалан, Ургут туманининг Баландқишлоғида унга алоҳида тайёргарлик кўрилган. Кунлар илиб, кунгай ерларда бойчечаклар бош кўтариши биланоқ йигитлар уларнинг пиёзини кавлаб олиб, лойи билан авайлаб сақлашган. Сайил куни ҳар бир уйга кириб, қадимий “Бойчечак” қўшиғини куйлашган. Баҳор даракчисини хонадон эгаларига топшириб, суюнчи олишган. Шу тариқа бутун қишлоқни айланиб чиқишгач, тушган суюнчилар ҳисобига қўй сотиб олиб сўйишган. Дошқозонда ош дамлаб, энг аввало, кексаларга, беморларга ва азадорларга тарқатишган.
Лола сайли. Фарғона водийси тоғ ён-бағирларида ўтказиш анъанага айланган бу тадбирга халқ томонида сайланган “Лолачи” бошчилик қилган. У дўстлари билан маслаҳатлашиб, сайил жойини белгилагач, бирор дарахтнинг чиройли шохини кесиб олиб, лолалар билан безатган ва қишлоқ кўчаларидан олиб ўтган. Одамлар унга эргашиб, лолазорга йўл олишган. Бояги “гул дарахт” шодиёна ўтказиладиган майдон ўртасига ўрнатилиб, оқсоқоллар дуо бергач, сайил бошланиб кетган.
Қизил гул сайли. У ҳам кўп жиҳатдан лола сайлига ўхшайди. Сунъий гуллар билан безатилган дарахт шохини кўтариб олган “Лолачи” кўчама-кўча кезиб, карнай-сурнайлар жўрлигида халқни сайилга чорлаган. Йигит-қизлар қир-адирларга чиқиб, бир-бирларига қизил гул тақдим этишган. Аёллар эса янги келин тушган хонадонларга “келинкўрди”га боришган.
Хоразмда бу сайил уч кун давом этган. Шу вақт оралиғида навқирон ёшлар дўппиларига қизил гул ғунчасини қадаб юришган. Бухоро шаҳри ва қишлоқларидаги сайиллар эса Наврўз кунларидан бошланиб, салкам бир ой давом этган. У Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг мақбараси атрофида ўтказилган.